Ушбу мақолада мамлакат медиа имижининг чет эл сармоялари оқимларига таъсири масаласи атрофлича таҳлил этилади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ҳар қандай мамлакатнинг тараққий этиши унинг ахборот майдонидаги нуфузи билан боғлиқдир. Иқтисодий ислоҳотлар, муҳим сиёсий ўзгаришлар ҳақидаги ОАВ материаллари бошқа давлатлар инвесторларининг мамлакатга нисбатан қизиқишига асосий сабаб бўлади. Пировардида хорижий сармоялар оқимини бир неча бор оширишга эришиш имконияти пайдо бўлади.
Калит сўзлар: инвестициялар, мамлакат имижи, когнитивлик, медиа макон, замонавий социум, иқтисодиёт, жозибадор муҳит, PR технологиялар.
СТРАНОВОЙ ИМИДЖ И ИНОСТРАННЫЕ ИНВЕСТИЦИИ:
ВАЖНЫЕ АСПЕКТЫ ВЗАИМОЗАВИСИМОСТИ
Беруний Султонович АЛИМОВ
PhD, доцент
Узбекский государственный университет
мировых языков, Ташкент, Узбекистан.
beruniyalimov@gmail.com, beruniyalimov.uz
Аннотация
В данной статье анализируется влияние медиа-имиджа страны на потоки иностранных инвестиций. Исследования показывают, что на развитие любой страны напряюмую зависит от ее репутации в информационном пространстве. Освещение в СМИ экономических реформ и важных политических изменений является главной причиной, по которой инвесторы в других государствах проявляют интерес к стране. В результате можно добиться многократного увеличения притока иностранных инвестиций.
Ключевые слова: инвестиции, имидж страны, когнитивность, медиапространство, современный социум, экономика, привлекательная среда, PR-технологии.
COUNTRY IMAGE AND FOREIGN INVESTMENT:
IMPORTANT ASPECTS OF INTERDEPENDENCE
Beruniy Sultonovich ALIMOV
PhD, docent
Uzbek State World Languages University
Tashkent, Uzbekistan
beruniyalimov@gmail.com, beruniyalimov.uz
Abstract
This article analyzes the impact of the country’s media image on foreign investment flows. Researches show, that the development of any country tensely depends on its reputation in information space. Media coverage of economic reforms and important political changes is the main reason why investors in other states show interest in the country. As a result, it is possible to achieve a multiple increase in the inflow of foreign investments.
Key words: investments, image of the country, cognitiveness, media space, modern society, economy, attractive environment, PR-technologies.
Медиа маконда мамлакат имижини мустаҳкамлаш ва миллий манфаатлар ҳақида сўз кетар экан, бунда иқтисодий масалалар, инвестициявий жозибадорликни таъминлаш сингари муҳим вазифадан кўз юмиб бўлмайди.
«Инвестиция» сўзи инглиз тилидаги “invetstments” сўзидан олинган бўлиб, у “капитал қўйилма” деган маънони беради. Инвестиция яъни сармоя даромад ёки фойда олиш мақсадида пул маблағини муайян бир муддатга тадбиркорлик ҳамда бошқа фаолият турларига йўналтиришни назарда тутади.
Ўзбек олими А.Ж.Сиддиқов инвестициялар ҳақидаги ўз илмий ишида шундай ёзади: “мамлакат ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тараққий этиши, барқарор иқтисодий ўсишга эришиши, аҳоли даромадларининг ошиши, турмуш шароитининг яхшиланиши аксарият ҳолатларда миллий иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқларига жалб этилаётган инвестиция маблағларининг ҳажми ва таркибига боғлиқ. Шундай экан, ҳар бир мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегиясининг устувор йўналиши миллий иқтисодиётга инвестиция маблағларини жалб этишнинг жозибадор муҳитини шакллантиришга қаратилиши муқаррардир” (4).
Чет эллик инвесторларнинг миллий иқтисодиётга капитал маблағлари киритиши кўп жиҳатдан нафақат корхоналар рейтинги ёки хўжалик фаолияти натижаларига, балки мамлакатнинг геосиёсий жойлашуви ҳамда давлат томонидан юритилаётган ички ва ташқи сиёсатига ҳам боғлиқдир. Сармоядорлар капитал маблағ йўналтириш учун энг барқарор мамлакатларни танлайдилар. Шунинг учун дунёнинг барча мамлакатлари имкон қадар сармоявий рискни камайтиришга оид ишларни бажаришга ҳаракат қиладилар.
Дунёдаги барча давлатлар каби Ўзбекистонда ҳам миллий иқтисодиётда инвестиция муҳитининг жозибадорлигини ошириш учун бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, кейинги йилларда республикамизда инвестицион сиёсатга алоҳида эътибор қаратила бошланди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йил 1 августда имзоланган “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон алоҳида ўрин тутади (7).
Мазкур ҳужжатда мамлакатимиздаги сармоявий имкониятлар ҳақида чет эллик инвесторларга ахборот тарқатиш масаласи алоҳида қайд этилган. Хусусан фармоннинг 7-бандида шундай дейилади: «хорижий инвесторларни мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти, бизнес юритиш учун яратилган қулай шароитлар тўғрисида кенг хабардор қилиш мақсадида халқаро конференциялар, семинарлар, йирик инвестиция форумларини ташкил этиш орқали чет эл инвестицияларини жалб этишни кенгайтирсин». Бундан ташқари 10-модда тўлалигича мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш билан боғлиқ ишларга қаратилган ҳамда тегишли чора-тадбирлар дастури фармонга илова қилинган.
Фаол инвестициялар йили дастурида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Халқаро пресс-клуб, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан яқин ҳамкорликда, дастурнинг мақсад ва вазифалари оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғида кенг тушунтирилишини, Давлат дастури амалга оширилишининг бориши тўғрисидаги холис ва тўлиқ маълумотнинг кенг жамоатчиликка тезкорлик билан етказилишини таъминлаши ҳақида кўрсатма берилган (8).
Бундан ташқари “Халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилашга оид чора-тадбирларни тизимлаштириш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонида ҳам республиканинг турли халқаро сармоявий ва иқтисодий рейтингларда юқори ўринларни эгаллашиши зарурлиги масаласи белгилаб берилган (6).
Кейинги йилларда хорижлик журналистлар, сиёсий ва ишбилармон доиралар онгу тасаввурида мамлакатимизнинг инвестицион жозибадорлиги ошаётганлиги албатта ижобий ҳолатдир. Бу билан республикамиз имижининг когнитив аспектларини тадқиқ қилиш масаласи ҳар томонлама муҳим ва долзарб эканлиги, хусусан, ушбу фаслда кўриб чиқилаётган имижнинг инвестиция оқимига бевосита психологик таъсири билан боғлиқ қарашлар ўз исботини топмоқда.
Ўзбекистоннинг сармоявий имкониятлари ҳақидаги тасаввурларнинг тубдан ўзгараётганлигини қуйидаги мисолларда яққол кўриш мумкин.
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Элис Уэллс “Америка овози” телерадиосига берган интервьюсида шундай дейди: “Ўзбекистон узоқ йиллар мобайнида минтақа ва бугун дунёга очилишни истамади. Минтақавий ҳамкорлик йўлидан бормади. Энди янги йўл тута бошлади. Бу Ўзбекистон равнақига хизмат қилади, албатта. Сармоядорларга йўл очиб, мамлакатни ҳам ўз қудрати, ҳам чет эллик ҳамкорлар ёрдами билан ривожлантириш пайти келди” (5).
Британиянинг “Reuters” ахборот агентлиги ёзганидек, “хорижий сармоядорлар Тошкент томонга қараб йўл қуришни бошладилар. Чунки уларни нефть ва газ манбалари, пахта далалари, шунингдек, ишлаб чиқариш, жумладан, машинасозлик, озиқ-овқат, ускуналар ва кимёвий маҳсулотларни ишлаб чиқариш каби соҳалар қизиқтиради”. Ушбу мақола хорижлик инвесторлар биргаликда 10-қаватли офислар биносини қуришни режалаштираётган ўзбек ишбилармони Ҳикмат Абдураҳмоновнинг интервьюси асосида тайёрланган (1).
“Russia Today” халқаро ахборот агентлиги томонидан тарқатилган хабарда Ўзбекистон ва Россия ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳим ва истиқболли эканлиги қайд этилади. Москвадаги “Яқин хорижий мамлакатлар муаммоларини ўрганиш маркази”нинг Ўрта Осиё бўлими илмий ходими Иван Ипполитов ушбу муносабатларни Россиянинг миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда юқори баҳолайди: “Тошкент Москвани энергетика соҳасидаги муҳим ҳамкор деб билади. Чунки аллақачон ушбу мамлакатда россиялик гигантлар “Газпром” ва “ЛУКОЙЛ” фаолият юритмоқда” (3).
Демак, хорижлик экспертлар ва сармоядорлар тасаввурида “Ўзбекистон бизнес олиб бориш учун энг қулай мамлакат” эканлигига психолгик жиҳатдан ишонч пайдо бўлиши янги инвестицияларнинг кириб келишига сабаб бўлади.
Айни даврда Ўзбекистондаги масс медиа томонидан республикада қўлга киритилаётган оламшумул ютуқлар тўғрисида бутун жаҳон аҳлига тезкор ахборотлар тарқатишга ҳаракат қилинмокда. Бу жараёнда миллий оммавий коммуникация воситаларининг замонавий технологиялари, хусусан Интернет ва сунъий йўлдош имкониятлари ишга солинмоқда.
Лекин мавжуд ахборот салоҳиятининг самарадорлигини ошириш, мамлакатнинг жаҳон медиа маконидаги имижини мустаҳкамловчи механизмларни кучайтириш ва бу борадаги ишларни умумлаштириб бориш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шу маънода П.Жукованинг фикрича, “замонавий социумда доимо объектив равишда субъектларнинг мудофаа, хавфсизлик ва имиж шакллантириш соҳасидаги ҳатти-ҳаракатларини мувофиқлаштириб боришга эҳтиёж туғилади. У, бизнингча, мамлакатда мудофаа ва хавфсизлик соҳаларининг демократик назорати тизимининг таркибий қисми бўлиши лозим” (2).
Ушбу таърифда халқаро жамоатчилик билан алоқаларнинг муҳим функцияларидан бири – мамлакатнинг миллий хавфсизлигини таъминлаш функциясига алоҳида тўхталиб ўтилган. Лекин, халқаро жамоатчилик билан алоқалар жуда кўп вазифаларни бажаради. Шу туфайли ҳам уни ҳар томонлама ривожлантириш муҳим масала бўлиб қолаверади.
Бугунги кунда Ўзбекистон ўзининг демократия принципларига асосланган эркин фуқаролик жамияти қуриш позициясини мустаҳкам белгилаб олган. Бу йўлда жамоатчилик билан алоқалар феномени бутун халқимизни ягона мақсад атрофида бирлаштирувчи аҳамиятга эга. Айнан ахборот воситасида мамлакатимиздаги жараёнларга ҳар бир фуқарони, бутун халқни жалб этишимиз мумкин.
Афсуски, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳозирча ушбу соҳага етарлича пул ажрата олмайдилар, шу боисдан соҳанинг асосий қисмини давлат сектори ташкил этади. Давлатимизнинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётидаги муаммоларнинг бирин-кетин ҳал қилиниши бошқа соҳалар қаторида халқаро жамоатчилик билан алоқаларнинг ҳам ривожланишига ва жамият аъзоларининг фуқаролик позицияси яратилишини, ижтимоий фикр оқимининг йўналишини стимулловчи муҳим ижтимоий тарғибот қуролига айланишига умид туғдиради.
Жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантириш бўйича дастлабки қадамлари ташланди. Матбуот хизматлари ташкил этилди, олий таълим берувчи курслар очилди. Мутахассисларимиз PR технологиялари билан энди-энди танишиб олмоқда, десак, янглишмаган бўламиз. Уларнинг халқаро миқёсдаги амалиётга эга бўлиши учун эса узоқ йиллар талаб қилинади.
Демак, мамлакатнинг медиа имижи – барқарор константа бўлиб, у узоқ йиллар мобайнида жаҳон ҳамжамияти онгида ўрнашиб қолади, унинг характеристикалари ОАВда ҳамда бошқа ахборот манбаларида кенг қўлланади.
Халқаро миқёсда муайян давлатнинг ижобий қиёфасини яратишдан кўзланадиган асосий мақсад ва вазифаларни умумлаштириб, бир неча категорияга бўлиб чиқиш мумкин:
- Халқаро миқёсда эътироф ва ишончга сазовор бўлиш;
- Ўзининг ички ва ташқи муаммолари халқаро миқёсга олиб чиқиш;
- Ихтилофли вазиятларда халқаро ҳуқуқий муносабатларнинг бошқа субъектлари қиёфасида таянч ёки ҳамкорларга эга бўлиш;
- Жаҳон бозорига чиқиш, ўз маҳсулот ва хизматларининг рақобатбардошлигига эришиш ва, аксинча, импорт сифатини имтиёзли шартларда ошириш;
- Халқаро миқёсдаги муаммолар юзасидан ўз позициясини халқаро ҳуқуқий муносабатнинг бошқа субъектларига сингдира олиш;
- Мамлакат инфраструктурасини ривожлантириш учун инвестициялар жалб этиш;
- Ички ресурслардан максимал даражада фойдаланиш, хусусан, туризмни ривожлантириш;
- Халқаро миқёсда муайян мақомга эга бўлиш;
- Ички ва ташқи хавфсизликни таъминлаш, ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, маданий ва ахборий ҳуружларга қаршилик кўрсатиш;
- Мамлакат ташқарисида фуқароларининг ҳамда иқтисодий ёки сиёсий манфаатларининг хавфсизлигини таъминлаш;
- Ўз маданияти ва идеологияси ҳақида дунёнинг бошқа мамлакатларига ахборот узатиш, бу билан маълум таъсир кучига эга бўлиш.
Юқоридаги вазифалар билан давлатнинг халқаро имижини шакллантириш жараёнининг асосий мақсадли аудиториялари шартланади:
- халқаро ҳуқуқ манбалари ёки субъектлари бўлган халқаро ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлар (БМТ, ЮНЕСКО);
- халқаро ихтисослашган ташкилотлар (иқтисодиёт, молия, савдо, маданият, спорт, маориф, касбий фаолият соҳаларида);
- хорижий давлатларнинг сиёсий элитаси;
- хорижий инвестор ва акциядорлар;
- халқаро жамоат ташкилотлари;
- профессионал қизиқиш доираси шу давлатни ўз ичига оладиган экспертлар ҳамжамияти (молиявий ва тармоқли таҳлилчилар, сиёсатшунослар, жамиятшунослар, иқтисодчилар, журналистлар ва ҳ.к.);
- субъект давлатга боғлиқ қизиқиш ва эҳтиёжларга эга халқаро ҳамжамият вакиллари (бошқа мамлакат фуқаролари), шу жумладан, потенциал ва реал туристлар, шунингдек, умуман хорижий давлатлар аҳолиси.
Давлатнинг халқаро имижини мустаҳкамловчи иқтисодий унсурларга қуйидагиларни киритиш мумкин:
- эълон қилиб бориладиган статистик кўрсаткичлар, халқаро рейтинглар;
- ижобий ҳиссиётлар келтириб чиқарувчи брендларнинг қўлланиши;
- эскпорт қилинаётган товар ва хизматлар, реклама компанияларининг ўтказилиши (мамлакат, корпорация, алоҳида лойиҳалар доирасида);
- фонд бозорларида тақдим этилган корхоналар ва уларнинг молиявий кўрсаткичлари;
- илмий ютуқлар, кашфиётлар, илмий мукофот ва жамғармаларнинг ташкил этилиши, халқаро илмий тадбирларнинг ўтказилиши;
- мамлакат ҳақида туристик қўлланма ва маълумотномаларнинг нашр этилиши;
- туризм;
- мамлакатда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий воқеалар;
- сиёсат, иқтисодиёт, маданият етакчилари, экспертлар, фуқаролик жамияти вакиллари ҳамда улар билан ўтказиладиган интервью ва суҳбатлар орқали шакллантирилади.
Ўзбекистон давлатининг ижобий имижини шакллантиришни фаоллаштириш республиканинг ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатидаги энг муҳим ва долзарб масала ҳисобланади.
Глобализация асрида, кучайиб бораётган рақобат шароитида мамлакат имижи стратегик капитал вазифасини ўтайди.
Бу капитал қуйидаги натижаларни қўлга киритишга бевосита таъсир кўрсатади:
– иқтисодни тараққий эттириш;
– янги сармояларни жалб этиш;
– экспорт бозорини кенгайтириш;
– рақобатбардошликни ошириш;
– молия соҳасида ишончли муҳит яратиш ва ҳ.к.
Шунингдек, мазкур капитал қуйидагиларга билвосита кўмаклашади:
– жаҳон майдонида давлатнинг геосиёсий статусини мустаҳкамлаш;
– мамлакат ҳавфсизлигини таъминлаш;
– миллий манфаатларни ҳимоялаш ва уларни илгари суриш;
– давлатнинг халқаро маконга интеграциялашуви учун қулай шароит туғдирувчи барқарор психологик муҳитни шакллантириш;
– мамлакатнинг жаҳон иқтисодий муносабатларида муносиб жой эгаллашини таъминлаш;
– жаҳон саҳнасида сиёсий муваффақиятларни мустаҳкамлаш ва ҳ.к.
Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, одатда мамлакат имижи билан давлат ташкилотлари шуғулланади.
Глобал ахборот ҳамжамияти шаклланаётган, молиявий, сармоявий ҳамда табиий ресурсларга эгалик қилишга уринаётган турли рақобатчи кучларнинг фаоллашиши даврида мамлакатнинг ижобий имижини яратиш унинг рақобатбардошлигини таъминловчи энг муҳим воситага айланмоқда.
Ўзбекистоннинг босқичма-босқич ривожланиши, мавжуд банк-молия тизимида барқарорлик ва ишончлиликнинг таъминланиши, иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларнинг муваффақиятли амалга оширилиши, мамлакатнинг модернизация йўлида ташлаётган ҳар бир қадами, умуман олганда, жаҳон жамоатчилиги томонидан кенг эътироф этилмоқда.
Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикасининг жаҳон медиа маконидаги имижи ижобий томонга ўзгариб бормоқда. Бунга мамлакатда амалга оширилаётган қуйидаги ишлар асос бўлмоқда:
- демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш;
- фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш;
- аҳолининг турмуш даражасини ошириш;
- таълим, спорт, соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантириш;
- ҳаётнинг маданий, гумантар аспектларига кўпроқ эътибор қаратиш ва ҳ.к.
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоялашга қаратилган либерал ислоҳотлар ҳақида халқаро ҳамжамиятга ахборот етказиш бўйича парламент, давлат бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фондлар ва тадқиқот марказлари, оммавий ахборот воситаларининг ишлари фаоллаштирилди.
Мамлакат имижига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ички ва ташқи хавф-хатарларнинг олдини олиш, жумладан медиа макондаги уйдирма, нообъектив ахборот оқимларига қарши кураш бўйича маълум тажрибаларга эришилди. Халқаро ҳамжамият, чет эл оммавий ахборот воситалари, нотижорат ташкилотлар ҳамда тадқиқот марказлари билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг демократия йўлидан бораётган, иқтисодий жиҳатдан ривожанаётган суверен давлат сифатидаги образини шакллантириш мақсадида салмоқли ишлар амалга оширилди.
Жаҳон медиа маконида Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантиришни янада фаоллаштириш қуйидаги натижаларни беради:
- мамлакат раҳбарияти томонидан олиб борилаётган ички сиёсат борасидаги устивор йўналишларнинг жаҳон жамоатчилиги томонидан эътироф этилиши;
- жамиятни модернизациялаш ва иқтисодиётни ислоҳ қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг қўллаб-қувватланиши;
- мамлакатдаги мавжуд сармовий муҳитнинг муносиб тарзда тан олиниши;
- ташқи сиёсий, тактик ва стратегик масалалар ечимига хайрихоҳликни ошириш ва ҳ.к.
Умуман олганда Ўзбекистон ўзининг ижобий имижини шакллантириш учун етарли даражадаги куч ва салоҳиятга эга бўлган мамлакатдир.
Лекин бу борадаги ишларга мавжуд ёндошувни концептуал жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш лозим. Ана шу мақсадда давлат бошқаруви органлари, турли вазирлик ва ташкилотлар, муассасалар Ахборот хизматларининг медиа макондаги мамлакат имижини шакллантиришга йўналтирилган ишларини қайта кўриб чиқиш, уларни баҳолаш, тегишли хулосалар ҳамда тажриба асосида янада фаоллаштириш жоиз.
Айни пайтда ҳанузгача ишлатилмаган заҳиралар ва қатор долзарб масалалар борки, улардан фойдаланиш ёки ҳал этиш орқали мамлакат имижини шакллантиришнинг “умум иши” эканлигини кўпчилик томонидан англанишига эришиш мумкин. Чунки аёвсиз рақобат даврида мамлакатнинг ижобий имижи ва брендини кучайтиришга йўналтирилган навбатдаги сифат босқичига чиқиш учун давлат, фуқаролар, ишбилармон доиралар бир ёқадан бош чиқаришлари шарт.
Авваламбор, ижобий имижни шакллантиришга тизимли ва комплекс ёндошув талаб этилади. Бу соҳада тушунчаларни умумлаштириш, устивор йўналишлар, мақсад ва вазифаларни белгилаб олиш, амалга ошириш услублари ва шаклларини ишлаб чиқиш керак.
Ана шу ишларни амалиётга тадбиқ этиш учун нафақат давлат маблағлари, балки мамлакатдаги етакчи экспертлар ҳамда бизнес доиралар имкониятларидан ҳам кенг фойдаланиш мумкин. Булардан ташқари, фуқаролик жамиятининг барча қатламлари “имиж сиёсати”ни амалга оширишда фаол иштирок этишлари мақсадга мувофиқдир. Бунда мамлакатда тўпланган тажриба ва ўрганилган хорижий манбаларга асосланган ҳолда навбатдаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш зарур:
“Ягона медиа имиж сиёсати”нинг самарадорлигини ошириш учун давлат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш лозим.
Республикада бу йўналишдаги масалаларни ўз вақтида ва сифатли бажаришга қаратилган ўзига хос ҳуқуқий база яратилган. Мисол учун мазкур соҳада 10 та қонун мавжуд бўлиб, булар: “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида” (янги таҳрирда), “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”, “Ахборот эркинлиги тамойиллари ва қафолатлари тўғрисида”, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Телекоммуникациялар тўғрисида”, “Ахборотлаштириш тўғрисида” ва бошқалар. Мазкур қонунлар фуқароларнинг сўз ва ахборот эркинлиги, уни олиш, сақлаш ва тарқатиш ҳуқуқи, бу борадаги бошқа тегишли ҳуқуқларини амалга оширишга хизмат қилади.
Мамлакат ҳукумати томонидан мазкур йўналишда бир қатор ҳужжатлар қабул қилинган: Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қарорлари, “2013 йилда Ўзбекистон Республикасининг ахборот-мафкуравий соҳадаги миллий хавфсизлигига таҳдид ва хавфларга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва ҳ.к.
Айни пайтда жаҳон медиа маконида Ўзбекистон имижини шакллантириш ва уни мустаҳкамлаш бўйича ишлар турли давлат идоралари, вазирликлар ҳамда ташкилотлар томонидан ўз йўналишидан келиб чиққан ҳолда олиб борилмоқда. Масалан, Ташқи ишлар вазирлигининг Ахборот хизмати ўзига юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, мамлакатда аккредитация қилинган чет эллик мухбирлар билан ҳамкорлик ишларини олиб боради. Бу орқали у хорижий ОАВда Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатининг тўғри, объектив ёритилишини таъминлайди.
Тактик нуқтаи назардан, тегишли ташкилотлар томонидан жаҳон ахборот маконида юзага келган муаммони ҳал этиш ёки содир бўлган хавф таъсирини камайтириш мақсадида зудлик билан чора кўришга ҳаракат қилинади. Жуда кам ҳолатлардагина ташқи танқидга қарши бевосита раддия берилади. Мақсадли ахборий акциялар ташкил этилмайди. Идораларнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари кўпинча миллий ОАВдаги чиқишлар билан кифояланади. Аммо стратегик мақсадга эришиш учун давлат ташкилотлари ўз ишини охиригача етказишлари керак. Мамлакатнинг ички ва ташқи имижини ҳимоялаш тезкорлик, аниқлик ва биргаликдаги ҳаракатларни талаб этади. Акс ҳолда айрим давлатлардаги рақобатчи марказлар ва кучларнинг қўллари баланд келиши мумкин.
Юқоридагилардан ташқари мамлакатнинг ташқи ижобий имижини ривожлантиришга оид дастурлар ва тадбирларни етарли даражада молиялаштирмаслик ҳолатлари кузатилмоқда. Мазкур йўналишдаги харажатлар асосан вазирликлар ва муассасалар томонидан амалга оширилиб, олдиндан келишилган режага бўйсундирилади. Расмий ҳисоботларда “Конференция ўтказилди”, “Давра суҳбати ташкил этилди”, “Наврўз, Мустақиллик ва бошқа миллий байрамлар муносабати билан қабул маросимлари ўтказилди” каби стандарт иборалар билан қайд этиб қўйилади.
Лекин мамлакат имижини шакллантириш бўйича тадбирларга кетадиган ҳаражатлар давлат идораларининг бирон бир ҳужжатида аниқ баён этилмайди. Қолаверса, бугунги кунгача соҳани самарали молиялаштириш масаласи алоҳида тадқиқ этилмаган. Шу сабабдан республика имижини шакллантиришга зарур бўлган ҳаражатларни мутахассислар ҳисоблаб беришлари қийин.
Умуман олганда муаммога концептуал ёндошув талаб этилади. Хусусан:
PR-технология, имижелогия ва брендинг каби йўналишларда миллий кадрларни тайёрлаш масаласига кераклича эътибор қаратилиши;
Хорижий мамлакатлардаги ўзбек диаспоралари билан тизимли ишларни йўлга қўйиш;
Дастурларни молиялаштиришда нафақат давлат балки хусусий сектор имкониятларидан ҳам фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Дарҳақиқат, иқтисодий жиҳатдан Ўзбекистон манфаатларини ҳимоя қиладиган ташкилотлар ва уларнинг раҳбарлари халқаро майдонга чиқишга уринаётган хусусий фирмаларимиз манфаатларини ҳимоялашни билишмайди ёки буни ўзларига эп кўришмайди.
Бундай муносабат миллий ишбилармонларнинг ўз компанияси маҳсулотлари, яъни ўзбек брендларига доир махсус “PR акцияси”ни ўтказишларига ҳалақит беради.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда соҳада қуйидагиларни амалга ошириш таклиф этилади.
Жаҳон медиа маконида Ўзбекистон имижини шакллантириш ва уни ҳимоя қилишнинг ягона давлат стратегиясини (дастури) ишлаб чиқиш, унда хусусан:
мамлакат ички ва ташқи имижининг устивор йўналишлари;
ижобий имижни (кўзланаётган аудиториядан келиб чиқиб) қўллаб-қувватлаш ишларининг шакли, технологик жиҳатлари ва методлари;
молиялаштириш механизми ва манбалардан фойдаланишнинг самарадорлик даражаси мониторинги;
мамлакат имижини таъминлашга йўналтирилган янги илмий-методологик ишлар;
соҳани замон талабларига мос кадрлар билан таъминлаш каби муҳим ва долзарб масалалар акс эттирилиши лозим.
Бир сўз билан айтганда, мазкур ҳужжатда ҳукуматнинг ахборот сиёсати аниқ ифода этилиши керак.
Қайд этиб ўтиш жоизки, бу каби стратегик ҳужжатлар дунёнинг қатор мамлакатларида ишлаб чиқилган ва улар бугунги кунда амалга оширилмоқда. Хитой Халқ Республикаси, АҚШ, Жанубий Корея Республикаси, Исроил давлати, Россия Федерацияси, Малайзия ва бошқа мамлакатлар, шунингдек, НАТО, Европа Иттифоқи каби халқаро ташкилотлар томонидан бу борада етарли тажрибалар қўлга киритилган.
Хусусан, ХХРнинг ташқи сиёсий тарғибот стратегияси қуйидагиларга хизмат қилади: Пекиннинг халқаро майдондаги мақсадларини ахборот манбалари воситасида амалга оширади, мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги билан боғлиқ тарғибот ишларини олиб боради, мамлакатнинг ички ривожланиши учун унга нисбатан ташқи хайрихоҳликни мустаҳкамлайди, давлатнинг ижобий образини сақлаб қолади. Хитой узоқ ва яқин қўшниларини ўзининг “ҳеч қандай хавф туғдирмайдиган, сиёсий жиҳатдан аслида агрессор эмас, балки тенг ҳуқуқли, ишончли, ҳурмат қилишга арзийдиган катта бир мамлакат” эканлигига ишонтиради.
Таъкидлаш ўринлики, ушбу таклиф АҚШ, Россия, ХХР ва бошқа давлатлар тажрибаларига мос келади. Хусусан, Америкада мамлакатнинг ташқи сиёсий образи масалалари билан АҚШ халқаро ривожлантириш агентлиги (ЮСАИД) тизимли равишда шуғулланади. Унинг таркибига нафақат давлат институтлари, балки нодавлат ташкилотлар, хусусий корпорациялар ва оммавий ахборот воситалари ҳам киради.
Халқаро тажриба (АҚШ, Россия) шуни кўрсатадики, жаҳон майдонида давлат нуфузини ошириш ишлари давлат ва нодавлат секторнинг молиявий кўмагига таянади. Ушбу мамлакатлар вазирликлари ва муассасалари бюджетида ижобий имижга сарфланадиган маблағлар миқдори алоҳида кўрсатилади. Моддий ва номоддий манбаларни бир жойга тўплайди, улардан самарали фойдаланади. Ташқи сиёсат билан боғлиқ ташаббусларни қўллаб-қувватлайди ва миллий манфаатларни ҳимоялайди.
Хорижий тажрибалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон халқаро ҳамкорлик фонди қуйидаги ишларни амалга ошириши мумкин: мамлакат имижи стратегиясини ҳаётга тадбиқ этишга йўналтирилган (асосан давлат бюджети, шунингдек, хусусий сектордан ажратиладиган) маблағлардан унумли фойдаланади; лойиҳаларни режалаштиради ва уларнинг давомийлигини мониторинг қилади. Муҳим жиҳати шундаки, республика имижига сарфланадиган маблағларнинг бир жойда тўпланиши, уларнинг айнан шу борадаги (хорижда ва мамлакатнинг ўзида ўтказилиши мўлжалланган) махсус дастурлар ва лойиҳаларга берилиши тартибини енгиллаштиради.
Фақат ички медиа маконимиз қобиғи доирасида қолиб кетаётган шарҳловчиларнинг суст ҳаракатлари сабабли, Ўзбекистон имижини шакллантириш ишлари асосан давлат органлари зиммасида турибди (вазирлик ва идоралар, “Дунё” ахборот агентлиги ва б.қ.).
Шу билан бирга мамлакат имижини ривожлантиришда иқтисодий доиралар вакилларини қуйидаги лойиҳаларга жалб этиш яхши натижа беради. “Made in Uzbekistan”, “Doing business in Uzbekistan” мавзуларида тижорий каталоглар тайёрлаш, бизнес ва PR-форумлар ташкил этиш; бу борада хориж тажрибасини республика шароитига мослаштириш ва уларни тадбиқ этиш ҳ.к.
Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан ўтказилаётган ўттизга яқин ижодий лойиҳалар, танловлар ҳам ушбу мақсадга хизмат қилмоқда.
Умуман олганда, мамлакатда медиа тизимни равнақ топтиришга оид миллий қонунчиликнинг тобора такомиллашиб бораётгани оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароит ва омиллар яратиш, шу аснода медиа тузилмаларнинг мустақиллигини таъминлаш, ахборот соҳасини ривожлантиришда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоат назоратини ўрнатиш борасида уларнинг ролини ошириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўйлаймизки, юқорида қайд этилган илмий-назарий таклифларни амалга тадбиқ этиш халқаро ҳамжамиятда:
- инвестицион жозибадорликни ошириш;
- ташқи рақобатбардошлик муҳитини мустаҳкамлаш;
- мамлакатнинг иқисодий ва геосиёсий нуфузини ҳимоя қилиш;
- миллий манфаатларни илгари суриш;
- дунё иқтисодий ва сиёсий саҳнасидаги ролни кенгайтиришга кўмаклашади.
Шундай қилиб, жаҳон медиа маконида Ўзбекистон имижини шакллантириш ва яхшилаш бўйича олиб бориладиган кенг қамровли ишлар самарадорлиги оширилади. Натижада мамлакатга кириб келаётган чэт эл сармоялари кўламини кенгайтиришига эришилади.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
- Абдурахмонов Х. Узбекистан приоткрывает дверь иностранным инвесторам. – URL.: https://ru.reuters.com/article/businessNews/idRUKBN1DR1AN-ORUBS Мурожаат қилинган сана: 24.03.2019й.
- Жукова П. Имидж России и её безопасность: диалектика взаимосвязи. // Власть. 2010,02. – С. 55.
- Ипполитов И. Эксперт оценил энергетическое сотрудничество России и Узбекистана. – URL.: https://russian.rt.com/business/news/521471-rossiya-uzbekistan-ekspert Мурожаат қилинган сана: 24.06.2019й.
- Сиддиқов А.Ж. Ўзбекистон тараққиётида инвестицияларнинг роли ва уларни жалб этиш жозибадорлиги. – URL.: https://stat.uz/uz/press-sluzhba/novosti-gks/3298-zbekiston-tara-ijotida-investitsiyalarning-roli-va-ularni-zhalb-etish-zhozibadorligi Мурожаат қилинган сана: 22.03.2019й.
- Уэллс Э. Буюк мақсадларни амалга ошириш ҳамиша жуда қийин бўлган. – URL.: http://uza.uz/oz/politics/buyuk-ma-sadlarni-amalga-oshirish-amisha-zhuda-iyin-b-lgan-27-02-2018 Мурожаат қилинган сана: 24.03.2019й.
- «Халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилашга оид чора-тадбирларни тизимлаштириш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони. – URL.: http://www.uza.uz/oz/documents/khal-aro-reyting-va-indekslarda-zbekiston-respublikasining-r-08-03-2019 Мурожаат қилинган сана: 23.03.2019].
- «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони. – URL.: http://uza.uz/oz/documents/zbekiston-respublikasida-investitsiya-mu-itini-tubdan-yakhsh-02-08-2018 Мурожаат қилинган сана: 23.03.2019й.
- «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони. – URL.: http://lex.uz/docs/4168749 Мурожаат қилинган сана: 24.03.2019й.
- Тлепбергенова А. Страновой имидж: учебное пособие для студентов бакалавриата университетов, обучающихся по специальности «Журналистика», «Связь с общественностью». – Алматы: Қазақ университетi, 2011. – С. 78.
- Утлик Э.П. Практическая психология имиджа. // Вестник университета. Сер. Социология и психология управления. – М.. ГУУ, 1999. – С.47.
REFERENCES
- Abdurahmonov Kh. Uzbekistan priotkrivaet dver’ inostrannim investoram (Uzbekistan opens the door to foreign investors), available at: https://ru.reuters.com/article/businessNews/idRUKBN1DR1AN-ORUBS
- Jukova P. Imidj Rossii i yeyo bezopasnost’: dialektika vzaimosvyazi (The image of Russia and its security: a dialectic of interconnection). // Vlast’. 2010,02. – p. 55.
- Ippolitov I. Ekspert otsenil energeticheskoe sotrudnichestvo Rossii i Uzbekistana (The expert assessed the energy cooperation between Russia and Uzbekistan), available at: https://russian.rt.com/business/news/521471-rossiya-uzbekistan-ekspert
- Siddikov A.J. O‘zbekiston taraqqiyotida investisiyalarning roli va ularni jalb etish jozibadorligi (The role of investment in the development of Uzbekistan and the attractiveness of its flow), available at: https://stat.uz/uz/press-sluzhba/novosti-gks/3298-zbekiston-tara-ijotida-investitsiyalarning-roli-va-ularni-zhalb-etish-zhozibadorligi
- Wells E. Buyuk maqsadlarni amalga oshirish hamisha juda qiyin bo‘lgan (It has always been a challenge to accomplish great goals), available at: http://uza.uz/oz/politics/buyuk-ma-sadlarni-amalga-oshirish-amisha-zhuda-iyin-b-lgan-27-02-2018
- «Xalqaro reyting va indekslarda O‘zbekiston Respublikasining o‘rnini yaxshilashga oid chora-tadbirlarni tizimlashtirish to‘g‘risida» O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining farmoni (Decree of the President of the Republic of Uzbekistan “On systematization of measures to improve the role of the Republic of Uzbekistan in international rankings and indexes”), available at: http://www.uza.uz/oz/documents/khal-aro-reyting-va-indekslarda-zbekiston-respublikasining-r-08-03-2019
- «O‘zbekiston Respublikasida investisiya muhitini tubdan yaxshilash chora-tadbirlari to‘g‘risida»gi O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining farmoni (Decree of the President of the Republic of Uzbekistan “On measures to radically improve the investment climate in the Republic of Uzbekistan”), available at: http://uza.uz/oz/documents/zbekiston-respublikasida-investitsiya-mu-itini-tubdan-yakhsh-02-08-2018
- «2017-2021 yillarda O‘zbekiston Respublikasini rivojlantirishning beshta ustuvor yo‘nalishi bo‘yicha harakatlar strategiyasini «Faol investisiyalar va ijtimoiy rivojlanish yili»da amalga oshirishga oid davlat dasturi to‘g‘risida»gi O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining Farmoni (Decree of the President of the Republic of Uzbekistan “On the State Program on Implementation of the Strategy of Action on the Five Priorities of Development of the Republic of Uzbekistan in 2017-2021 in the Year of Active Investment and Social Development”), available at: URL.: http://lex.uz/docs/4168749
- Tlepbergenova А. Stranovoy imidj. (Country image). – Alamty: Qazaq universiteti, 2011. – p. 78.
- Utlik E.P. Prakticheskaya psihologiya imija (Practical psychology of image) Vestnik universiteta. Seriya Sotsiologya i psihologiya upravleniya. Sociology and psychology of management Journal. – Мoscow. State University of Management, 1999. – p. 47.
Ўзбекистонда хорижий тиллар, fledu.uz, ISSN: 2181-8215 (online), УЎК (УДК, UDC): 002,4,002 (И), 002 (Ўз), DOI: 10.36078/1585105488 – Т:, 2020. № 1 – Б. 122-134 (10.00.00; № 17).