Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ тумани қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгармоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган МиллатларТашкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида “Биз аждодларимизнинг донишмандлик анъаналарига амал қилиб, теран англаган ҳолда, қатъий ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз, мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантириш йўлидан бормоқдамиз” дея таъкидлаган эди. Давлатимиз раҳбари ушбу маърузасида шунингдек, бутун дунё жамоатчилиги эътиборини Орол бўйи минтақасида вужудга келган экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятга қаратган эди.
Айни даврда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Ижтимоий соҳани ривожлантириш” деб номланган тўртинчи йўналиши бўйича Орол бўйи минтақасида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Хусусан маҳаллий аҳоли бандлигини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг саломатлигини сақлаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва модернизациялаш каби масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, аҳолини тоза ичимлик суви, электр энергия, газ билан таъминлашни яхшилаш, ижтимоий ёрдам сифатини ошириш билан боғлиқ қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Стратегия дастурида умуман мамлакатимиз бўйича қишлоқ жойларида жами 15 мингта арзон уй-жой, 415 километрлик сув таъминоти қувурлари, 316 километрлик газ таъминоти қувурлари ва 291 километрлик ички йўллар қуриш назарда тутилган.
2019 йил 16 январда “Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинганлиги айни муддао бўлди.
Бор-йўғи 5-6 ой ичида ушбу ҳудуд – катта қурилишлар ва модернизация майдонига айлантирилди.
Қарорда таъкидланганидек, Мўйноқ тумани табиий ресурсларга бойлиги, географик жойлашуви, юксак туризм салоҳияти, маданий мерос объектлари ва улкан меҳнат ресурслари билан ўзига хос хусусиятга эга бўлган ҳудуд ҳисобланади.
Бугун шаҳар ва туман таниб бўлмас даражада янги қиёфа касб этмоқда.
Орол денгизи ҳудудида 5,5 миллион гектардан ортиқ Оролқум саҳросининг пайдо бўлиши, ҳар йили 100 миллион тонна қум ва тузнинг атроф-муҳитга тарқалишига қарамасдан аҳолининг барча қийинчиликларни матонат билан енгиб, фожиани омадга, туманни “Саҳро марвариди”га айлантириш учун фидокорона меҳнат қилаётгани ва ватанпарварлиги алоҳида эътирофга сазовор, эканлиги ушбу ҳужжатда қайд этилган.
Ўтган даврда Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолига қулай яшаш шароити яратиш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2018 йилда 12 млрд сўмлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши ҳисобига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни кўпайтиришга ва асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳамда қурилиш ишларининг ўсишига эришилди.
Биз ҳудудда бўлганимизда учрашувларимизни маҳаллий аҳоли вакилларидан бошладик.
40 йиллиқ ҳамшира ҳикояси
Биринчи суҳбатдошимиз Мўйноқда кўп йиллар давомида ҳамшира бўлиб ишлаган ҳожиона Пердегул Асанова.
– Онахон, сиз тиббиёт соҳасида кўп йиллар давомида ишлагансиз. Сув муммоси одамларнинг соғлигига қандай таъсир кўрстганлигини кўрганмисиз?
– Ҳа, албатта кўрганман. 2001 йилда пенсияга чиққанман. Уйимдан бор-йўғи 2 км узоқликда жойлашган 36 йил Мўйноқ туманининг марказий касалҳонасида ишлади. Сувнинг сифатсизлигидан дунёдаги қандай ёмон касалликлар бўлса, у бизларда бор эди.
– Мисоллар келтира оласизми?
– Анимия, камқонлик, рак, гепатик ва туберкулёз каби касалликлар ўша пайтда кўпайиб кетган эди.
– Нима учун шунча муаммоларни била туриб, бу жойдан бошқа ҳудудга кўчиб кетмагансиз?
– Мен шу ерда туғилиб, ўсганман. Агар Мўйноқда 1та одам қолса, ўша мен бўламан, деганман. Тўғри, дастлабки даврда, яъни олдинги муммолар пайдо бўлган пайтда маҳаллий одамларнинг бошқа ҳудудларга кетиб қолган ҳолатлари бўлди. Бу ерда қолган халқ қийналгани рост. Чунки сув сифатсиз, аччиқ эди. Ичиб бўлмасди. Орол қуригач одамларга иш ҳам қолмади. Ишлаб чиқариш батамом тўхтади. Олдинлари каттагина консерва заводи, “ПМК” ва бошқалар кўп эди. Улар юрмай қолди.
– Кейин ҳам шу каби муаммолар ечимсиз қолавердими?
– Йўқ, Президент Шавкат Мирзиёевга минг раҳмат. У киши биринчи бўлиб Қорақалпоғистонга келди. Биз улар билан 2017 йил январь куни Туямўйинда кўришдик. Ана шу учрашувда Туямўйин сувини сизларга олиб бораман деб ваъда бердилар. Орадан кўп вақт ўтмай 101 км. узунликдаги трубаларда ҳар бир хонадонга сув келтирилди.
– Ҳозир ана сувдан ичаяпсизларми?
– Ҳа. Лекин сувдан ташқари Президент кўмаги билан икки йил ичида 72та янги замонавий уйлар қурилди. Боғча қурилди. Шаҳримиз тарихида биринчи марта марказлашган деҳқон бозори барпо этилди. Шу пайтгача кичик бозорчларда сарсон бўлиб юрардик.
– Онахон, сиз Орол денгизининг қуриганини кўргансиз. Бу жараён хотирангизда қолганми?
– Сув қоча бошлади. Натижада табиат мувозанати бузилди. Эсимда, ўша йиллар қушлар келмай қўйди.
– Сув қачондан камая бошлаган?
– 1970 йиллардан. Биласизми, биз олдинлари йўл бўлмаган пайтларда мотор қайиқлардан у ердан бу ерга бориб келардик.
– Ўша сиз ишлаган пайтларда табиат ҳақиқатан ҳам бузилган бўлса, сизга келаётган бетоб кишиларнинг аҳволи қандай бўларди?
– Олдинлари ҳар қандай касаллик билан шифохонага келган одамлар 2-3 кунда тузалиб, чиқиб кетишарди. Кейин эса даволаш муддатлари анча узайиб кетган эди. Баъзан ўлим билан тугарди.
Ҳатто моллар ҳам касал бўла бошлади. Балиқ ва қушлар деярли қолмади.
– Ҳозирги одамларнинг соғлигига қандай таъриф берасиз?
– Ҳозир ҳаммаси бинойидек. Президентимиз сув олиб келганидан кейин саломатлик билан боғлиқ муаммолар деярли қолмади.
Истардимки, яна қўшимча ишчи ўринлари барпо этилса яхши бўлар эди. Мавжуд ишсизликни янада камайтириш керак.
Собиқ кема капитани
У Оролнинг қайтишига ишонади
Орол мавжларида балиқчилик билан шуғулланган собиқ кема капитани Алмаз Товашев.
– Отахон, сиз ўша пайтларда кема капитани бўлган экансиз. Ҳаётингиз ҳақида гапириб беринг.
– 1959 йилда 10-синфни битириб, йўлланма билан балиқчиликка ишга кириб олдим.
Ўша пайтларда маҳаллий аҳолининг 85 фойизи балиқчилик соҳасида ишларди. Биргина консерва заводда 1.200 одам меҳнат қиларди.
Мен денгизда 12 йил балиқ овладим.
Мен ишлаган пайтда жами 300та овчи кема бўларди. Яна 100таси балиқ таширди.
– Яна нималарни эслайсиз?
– Кейин 13 йил давомида капитан бўлдим.
Орол денгизи ўша даврларда табиатнинг об-ҳавосигача бир хилда, мўътадил ушлаб турарди.
1968 йилдан бошлаб сув қоча бошлаган. Кейин Орол қуригач, ишимни ўзгартиришимга тўғри келди.
Деҳкончилик қилдим. Асосан полиз маҳсулотлари, қовқун-тарқуз етиштира бошладим.
10 йил маҳаллий бошқарув тизимида, партияда ишладим. Орада агрономликда ўқиб олдим. Деҳқончилик билан шуғулланишда давом этдим. Кам бўлмадим.
– Сувнинг ўзгариб кетиши оилангиз аъзоларининг соғлигига бевосита таъсир ўтказган ҳолатлари бўлганми?
– Йўқ бўлмаган. Чунки одамнинг отаси бақувват бўлса боласи ҳам бақувват бўлади-да (қаҳ-қаҳ отиб кулади).
– Оилангизда нечта фарзанд бор?
– 8 нафар болам, 40 нафар неварам ва 7 нафар чеварам бор.
– Орол тикланишига ишонасизми?
– Ишонаман. Чунки қадимги китобларда ҳам ёзилган – 40 кун қийинчик бўлган бўлса, кейинги 40 йил яна фаравонлик бўлади. Илоҳим шундай бўлсин.
Маҳаллий экологнинг дарди
“Орол денгизи ва Амударёни ҳимоялаш уюшмаси” раиси Юсуп Камалов:
– Сиз эколог олим сифатида нима учун айнан Орол муаммоси билан шуғулланасиз?
– Чунки мен шу ерда туғилдим. Шу ерда катта бўлдим ва шу ерда ўламан.
Мен Она ватанимини жуда яхши кўраман.
– Сув етишмаслиги муаммоси қаердан пайдо бўлган?
– Чунки биз сувдан рационал фойдалана олмадик.
Далаларни суғоришга ишлатиладиган сувнинг 38 фойизи каналларнинг ўзида, яъни оқиб келаётган пайтда ерга сингиб йўқолиб кетар эди.
Бундай ҳолат бир томондан сувнинг ортиқча исроф бўлишига сабаб бўлган бўлса, иккинчи томонда ерости сувларинининг ҳаддан зиёд тепага кўтарилиб кетиши муаммосини келтириб чиқарди.
Натижада ерларнинг шўрланиш даражаси ҳам ортиб кетди.
– Нима учун бунга йўл қўйилди? Ҳозир ҳам борми бу муаммо?
– Ҳа, бор. Чунки далага сув эскирган каналлар орқали бораяпти. Уларнинг асоси – мустаҳкам бетон ёки пластмасса билан қоплангандагина ортиқча сув исроф бўлмайди.
– Сув муаммоси одамларнинг саломатлигига салбий таъсир ўтказдими?
– Ўтказди албата.
Экология борасида ечимини кутаётган ишлар ҳали жуда кўп.
Афсуски, биз Орол денгиздан умидимизни узиб бўлганмиз. Бироқ шундай бўлса-да Президентимиз катта ислоҳотларни йўлга қўймоқда.
- Ҳозирги вазият қандай?
– Энди ҳақиқий ўзгаришларни амалга ошириш вақти келди.
Ҳозир қилмасак, кейин яна қачон бундай имконият бўлади?!
Шиддатли ҳоким йигит
Мўйноқ тумани ҳокими Сайловбай Дониёров.
– Биламизки, Орол денгизи анча аввал, совет давридан қуришни бошлаган. Лекин одамларнинг ҳозирги ҳаёти қандай? Келажак нима бўлади?
– Мен ҳар доим журналистлар билан мулоқот қилиб келаман. Бунга очиқман. Чунки айнан журналистлар орқали кенг оммага амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида халққа маълумот етказиш мумкин бўлади.
2016 йилдан бошланди. Президентимиз ташаббуси билан туманга 101 км узоқдан, яъни Қўнғироддек жойдан тоза ичимлик суви келтирилди.
Одамлар ҳаётининг сифат даражасини яхшилаш борасида амалий натижаларга эришилмоқда.
Бу борада мана кўрган бўлсангиз – қанча йўллар, қўчалар қайта тикланди.
Марказий кўчамиз 4 қаторли, 34 метрли бўлади. Ён атрофида жуда катта қурилиш ва ободонлаштириш ишлари кетаяпти.
Бу йилнинг ўзида янги амфитеатр қурилиб, ишга туширилди, шунигдек, Маданият маркази яқидан ўз фаолиятини бошлайди.
Шаҳримизда янги микрайон қурилмоқда.
– Қачон бу ишлар бошланди?
– 2018 йил ноябрь ойида бошлагандик.
Январь ойида Мўйноқ учун Вазирлар Маҳкамасиннинг алоҳида 37-сонли қарори қабул қилинди.
Шу асосда жами 75та янги лойиҳа амалга оширилмоқда.
Барча бошланган ишларимиз халқимиз фаравонлиги учун. Бизга озгина вақт керак, холос.
– Бир пайтлар Мўйноқдаги энг йирик ишлаб чиқариш корхонаси – эски консерва заводининг тақдири нима бўлди?
– Бу ерда ҳозир турли йўналишга ихтисослашган замонавий кичик корхоналар иш бошлаган. Мисол учун Германия билан қўшма корхонамиз -туз заводи ишга туширилди.
Шунингдек, қурилиш маҳсулотлари тайёрлайдиган қамиш заводи, бошқа қатор кичик бизнес лойиҳаларини барпо этиш жараёниларини бошлаб юбордик.
Биз Мўйноқда бўлганимизда шаҳарда қурилаётган янги консерва заводида ҳам бўлдик. Корхона директори Руслан Мамбеткадыров билан бўлиб ўтган суҳбатимизда, маҳаллий бизнесмен ўз лойиҳаси билан батафсил таништирди.
Заводнинг замонавий корпусида кечаётган ҳозирги жараёнлар, администрация биноси, директор қабулхонаси, узоқ-яқиндан келадиган меҳмонлар учун алоҳида шинам хоналар тахланаётганлигини кўрсатди.
Русланнинг қайд этишича, унинг заводи яқин 6 ой ичида ишга туширилади ва у ўз балиқ маҳсулотларини хорижга экспорт қила бошлайди.
Шаҳарда шунингдек, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқининг Мўйноқ туманидаги вакили Саламат Иниятов билан ҳам дилдан суҳбат қурдик.
Саламат асосан бу ерда ташкил қилинган Ёшларни иш билан таъминлаш марказлари фолияти ҳақида гапириб берди. Шунингдек, маҳаллий йигит-қизларнинг илм-фан ва спорт соҳасида нафақат Ўзбекистонда ва балки жаҳонда эришаётган ютуқлари тўғрисида ҳам маълумот берди. Педагогика ва тиббиёт олий таълим муассасаларида ўқиш учун алоҳида квоталар ажратилаётганлигини қувонч ва мамнуният билан таъкидлади.
Бўлиб ўтган суҳбатлардан сўнг Мўйноқ ва Учсой шаҳридаги эски маҳаллалар ва янги бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдик.
Қанлиқўлдаги янги завод
Биз Мўйноқдан ташқари Орол бўйи ҳудудидаги бошқа туманларга ҳам бордик. Жумладан Қанлиқўл туманида жойлашган “Кантекс инвест” компаниясининг ип йигирув заводида бўлдик.
Завод директори Қувондиқ Эшмуротов ва ҳиндистонлик бизнесмен, ишлаб чиқариш менежери жаноб жаноб Санжив заводдаги иш жараёни билан таништиришди.
Ушбу завод 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Президент Шавкат Мирзиёев томонидан очилган.
Асосий ишлаб чиқариш жараёни 2019 йил февраль ойидан бошланган. Жами ҳисобда ҳозирги кунда 560 нафар қанликўллик ёшлар меҳнат қилишмоқда.
Маҳаллий ишчиларга Ҳиндистондан келган 5 нафар экспертлар ёрдам бериб келмоқда. Технологиялар асосан Ҳиндистон ва Германиядан келтирилган.
– Ўзбекистонда 2016 йилдан кейин бизнес юритиш анча осон бўлиб қолди. Қонунлар такомиллаштирилди. 2027 йилгача солиқлар бўйича енгиллик берилди. Экспорт қўллаб-қувватланаяпти, – дейди ҳиндистонлик тадбиркор.
Завод кейинги йилдан кластер усули ўтиб ишлашни режалаштирган. Яъни заводда ишлатиладиган пахтани заводнинг ўзи етиштиришни мўлжаллаган.
Қорқалпоқ деҳқон бобо ва
немис деҳқон момо билан
Кегейли туманидаги Интенсив боғдорчилик тажриба хўжалигида ҳам бўлдик.
Суҳбатимиз жуда ажойиб кечди. Бир томонимизда Германия ҳамкорлиги ташкилотининг Дастур менежери, қишлоқ хўжалиги бўйича эксперт Беатэ Шорэит хоним, иккинчи томонимизда эса шу хўжалик директори, тажрибали агроном Ояпберген Тўлибаев.
Далани айланар эканмиз, мазкур тажриба хўжалигида 2013 йилдан бошлаб олиб борилаётган ишлар билан бевосита танишдик.
Бу ерда экилган мевали дарахтлар – сувни кам ичадиган ва шўр ерларга мўлжалланган навлари эканлиги, уларни етиштиришда Европа технологияларидан фойдаланилганлиги, Германия ва Ўзбекистон олимлари ва агронмларининг ҳамкорлиги, ҳозирги ҳолат, янги навларнинг маҳаллий боғбонлар учун аҳамияти, уларнинг кўчатлари нафақат Қорақалпоғистон, балки қўшни Хоразмда ҳам яхши ўсаётганлиги, бу ердаги томчилаб суғориш тизими мавжудлиги ва ҳ.к.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақиқатан ҳам жуда катта ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга.
“Саҳро маравариди” яқин йиллар ичида бутун дунё аҳлини ўзининг янги жилваси билан ром этиши шубҳасиз.
Беруний Алимов.
“Ҳуррият” газетаси, 6 июнь 2019 йил.