ДАВЛАТ РАҲБАРИ ВА МАМЛАКАТНИНГ ХАЛҚАРО МЕДИА ИМИЖИ

 

Аннотация

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.Каримовнинг фаолияти нафақат мамлакатимизда, балки чет элларда ҳам жуда юқори баҳоланди. У кўплаб хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотларнинг орден ва медаллари билан мукофотланди.

Шуни қайд этиш ўринлики, И.Каримов томонидан илгари сурилган ташаббусларга жаҳон оммавий ахборот воситалари алоҳида эътибор қаратди. Давлат раҳбарининг нафақат ички, балки минтақавий ва глобал миқёсдаги энг долзарб муаммоларни бартараф этиш борасидаги омилкорлиги мамлакатнинг медиа имижини оширишда асосий омил бўлди. 

Аннотация

Деятельность Первого Президента Республики Узбекистан И.А.Каримова была высоко оценена не только в нашей стране, но и во многих зарубежных государствах. Он был награжден орденами и медалями ряда зарубежных стран, а также авторитетных международных организаций.

Необходимо подчеркнуть, что мировыми средствами массовой информации было обращено особое внимание на инициативы, выдвинутые И.А. Каримовым. Искусность главы государства в разрешении самых актуальных вопросов как внутреннего, так и регионального, а также глобального масштаба, стала главным фактором в развитии медиаимиджа страны.

 Abstract

The activity of the First President of the Republic of Uzbekistan I.Karimov was highly appreciated not only in our country, but also in many foreign states. He was awarded orders and medals of a number of foreign countries, as well as authoritative International organizations.

It should be emphasized that the World mass media paid special attention to the initiatives put forward by I.A.. Karimov. The skill of the head of state in resolving the most pressing  both domestic and regional issues, as well as global, has become the main factor in the development of the country’s media image.

Давлатимизнинг ташқи ҳамкорлик алоқалари ривожлангани сари эришилган ютуқлар ва ташқи медиа имижнинг мустаҳкамланиши борасидаги ютуқлар сарҳисоб қилинар экан, уларнинг барчасида Биринчи Президент И.Каримов зиммасида нечоғли катта масъулият бўлганлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Зеро, ҳар қандай миқёсдаги халқаро муносабатлар жараёнида биринчи раҳбаримиз воқеалар марказида бўлар, у кишининг нуқтаи назари иштирок этувчиларнинг диққат-эътиборини тутиб турар, Ўзбекистон раҳбари билдирган ҳар бир фикр-мулоҳаза, олға сурган ғоя ва таклифлар инобатга олинарди. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, И.Каримовнинг Тожикистон ва Афғонистондаги таҳликали вазиятлар юзасидан, минтақамизнинг асосий экологик ҳалокат ўчоғи бўлмиш Орол ҳудудини соғломлаштириш юзасидан, Украина, Грузия ва Қирғизистондаги давлат тўнтаришлари юзасидан  БМТ, ЮНЕСКО, НАТО, ЭКО ташкилотлари билан ҳамкорликлар давлатимиз раҳбаридан ғоятда юксак сиёсатдонлик, уддабуронлик, қатъият талаб қиларди. Ислом Каримов фаолиятида бу каби муҳим ва зарур фазилатлар тўла мужассам эди.

Ўзбекистон Биринчи Раҳбарининг шахс сифатидаги ўзига хосликлари – талабчанлиги, муросасизлиги, амалиётчилиги, соф ўзбекона жайдари тилда айтганда, бўладиган ишга киришиб, аравани қуруқ олиб қочишни ёқтирмаслиги халқаро муносабатларда изсиз қолмади. “Негаки, – деб таърифлайди россиялик олим Ф.Бурлацкий, – у жуда ишчан, прагматик, ўзига бино қўйиш ва сохта обрў-эътибор орттиришни ёқтирмайдиган раҳбар. Халқаро муносабатларда, шу жумладан, МДҲ мажлисларида дабдабали учрашувларни хуш кўрмаслигининг боиси шу эмасми? Шахсан менга бу мажлислар СЭВ (Ўзаро Иқтисодий Ёрдам Кенгаши) ва Варшава шартномаси учрашувларини эслатади”.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.Каримовнинг фаолияти нафақат мамлакатимизда, балки чет элларда ҳам юксак баҳоланди. У бир қанча хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотларнинг орден-медаллари билан мукофотлангани, жумладан, халқлар ва маданиятлар ўртасидаги дўстона алоқаларни ривожлантиришга қўшган буюк хизматлари учун “Андрей Первозванный” фондининг “Диалог цивилизации” халқаро мукофоти билан тақдирланиш(1). И.Каримовнинг улкан хизматлари эътирофидир.

Шунингдек, Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти хорижий давлатлар раҳбарлари орасида биринчи бўлиб И.Каримовни мамлакатимизда интеллектуал мулк ҳуқуқлари ҳомийси сифатида олиб борган фаолияти учун ушбу ташкилотнинг Олтин медали билан мукофотлаган(2).

Биринчи Президентимиз томонидан олиб борилган оқилона сиёсат, айниқса, унинг минтақада тинчликни сақлаш борасида амалга оширган ишлари хорижий мамлакатлар жамоатчилиги томонидан доимий равишда эътироф этиб келинмоқда. Бунга мисол сифатида 2001 йили Москвада бўлиб ўтган МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатлари IV “Евроосиё телефоруми”нинг махсус мукофотини келтириб ўтиш мумкин(3). Мазкур мукофот иловасига “Оммавий ахборот воситалари орқали XXI асрнинг янги хавф ва таҳдидларига, биринчи навбатда, халқаро террорчилик ва гиёҳванд моддалар тарқалиши хавфига қарши кураш ғояларини фаол тарғиб қилаётгани, яхшилик ва инсонпарварлик ғояларига ҳормай-толмай хизмат қилаётганлиги учун” деб ёзилганлиги алоҳида эътиборга моликдир. Форум давомида профессор Л.Левитиннинг “Ўзбекистон тарихий бурилиши палласида” асари асосида тасвирга олинган илмий-публицистик фильм намойиш этилиши муҳим воқеа бўлганлиги ва таъкидлаш жоизки, ушбу картина юртбошимизнинг тинчликсевар сиёсати, жамиятимизнинг очиқлиги, Ўзбекистоннинг ҳар қандай муаммолар бўйича жаҳон майдонида тенг мулоқот олиб боришга қодирлигини яна бир карра тасдиқлайди.

И.Каримов Москва Давлат университетининг фахрий профессори, Россия авиация ва ҳавода сузиш академиясининг академиги. Шунингдек, иқтисод, фан ва таълимни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун бошқа қатор хорижий мамлакатлар университетлари ҳамда академияларининг фахрий доктори, академиги каби илмий унвонлар ва даражалар соҳиби.

Шуни қайд этиш ўринлики, И.Каримов томонидан илгари сурилган ташаббусларга жаҳон оммавий ахборот воситалари алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, 1997-2001 йилларда БМТ шафеълигида минтақада тинчлик ўрнатиш йўлида фаолият олиб борган “6+2” гуруҳини кенгайтириш ҳақидаги ғояга алоҳида тўхталиб ўтиш зарур. 2008 йили НАТОнинг Бухарест саммитида И.Каримов хавфсизлик миссиясига дахлдор НАТО, АҚШ, Россия, шунингдек, Афғонистон билан бевосита қўшни мамлакатларни киритиб, янги „6+3” мулоқот гуруҳини тузишни таклиф этди. Яъни, бир-бирига қарши курашаётган томонларга Афғонистонда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш дастурини таклиф этиш, мамлакатни пароканда қилаётган асосий муаммо ва зиддиятлар бўйича ўзаро муроса чораларини топиш, хавфсизликни таъминлаш ҳамда барча томонларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда зарур кафолатларни яратиш каби масалалар ўртага ташланди. Россиянинг “РИА Новости” ахборот агентлиги, Қувайтнинг “Ал-Ватан”, “Ал-Жарида”, “Ал-Кабас”, “Ал-Рай”, Покистоннинг “The Nation”, Эроннинг “Tehran Times”,  Мисрнинг “Ал-Мустақбал”, Саудиянинг “Ал-Жазира” каби газеталар юқоридаги ташаббусга юксак баҳо бердилар(4).

Ўзбекистоннинг халқаро сиёсат майдонида олиб бораётган фаолияти унинг халқаро имижини шакллантиришнинг бирламчи омилларидан ҳисобланади. Негаки, ахборот алмашинуви механизмлари билан бевосита иш олиб бориб, PR технологияларига шубҳа билан қарайдиган дунёнинг сиёсий ва маданий элитаси нигоҳида давлатнинг имижи унинг халқаро конференциялар ва учрашувларда, дипломатик миссияларда, музокаралар ва расмий ташрифларда иштирок этадиган вакиллари қиёфасида шаклланади.

Маҳаллий сиёсатчиларнинг халқаро аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишдаги фаол иштироки, сиёсий ташаббуслари, маҳаллий ёки минтақавий муаммоларни жаҳон миқёсига олиб чиқа олиши мамлакатга бўлган ишонч ва ҳурматнинг ортишига хизмат қилади.

Ўзбекистоннинг геосиёсий ўйинлар авж олган, турли-туман манфаатларнинг кесишиш нуқтаси бўлган, гиёҳванд моддалар етиштириладиган, террорчилик, диний экстремизм, миллатчилик каби бузғунчи ақидалар учун “инсоний ресурс” бўлиб хизмат қилаётган минтақада жойлашганлиги унинг халқаро сиёсатда дадил қатнашишини тақозо этарди. Аммо ўтган давр мобайнида асосий эътибор минтақанинг оғриқли нуқталарига қаратилди.

Хусусан, 1999 йил Афғонистон муаммосини бартараф этиш йўлида улкан силжиш бўлди ва бунда Ўзбекистон марказий ўринлардан бирини эгаллади. 19-20 июль кунлари 6+2 гуруҳининг Тошкентда бўлиб ўтган учрашувида 1979 йилдан буён биринчи марта Афғонистон мухолиф томонларининг бир давра атрофидаги музокаралари бўлиб ўтди. БМТ Бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили Л.Брахими Ўзбекистоннинг ушбу можарони ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади(4).  

Афғонистон муаммоси умумжаҳон тақдирига дахлдор масала сифатида кўтарилди. Дарҳақиқат, қўшни Афғонистондаги биродаркушлик урушида “тобланган” халқаро террорчилик айнан бизнинг минтақадан бутун дунёга илдиз ота бошлаганини афсус билан таъкидлаб ўтиш керак. Шу боис илк бора 1999 йил 18-19 ноябрда, ЕХҲТнинг Истанбул саммитида жаҳон ҳамжамияти халқаро террорчилик хавфидан огоҳлантирилди. Ўзбекистон Президенти томонидан кўтарилган ушбу долзарб масалага 2001 йилга қадар кам эътибор қаратилди. Фақат Нью-Йоркдаги қўпорувчилик ҳаракатидан сўнг террорчиликка қарши жиддий кураш бошланди. Бу ишга Ўзбекистон ўз ҳиссасини қўшди(5).

 Ҳақиқатан ҳам 2001 йил 11 сентябрь куни АҚШда содир этилган террорчилик ҳаракатлари оқибатида Марказий Осиё минтақасидаги вазият кескинлашди. Шу муносабат билан И.Каримов баёнот бериб, унда чет эл оммавий ахборот воситаларини бирёқлама, уйдирма ва сохта хабарлар тарқатаётганликлари учун танқид қилди. “Бундай информацион хуруж замирида мана шу минтақада жойлашган давлатлар орасини бузиш, уларни бир-бирига қарама-қарши қўйиш ва ўзаро ишончини йўқотиш мақсадида қилинаётган иғвогарлик ҳаракатларининг намойишини кўриш мумкин”(6)

Россиялик эксперт Ф.Бурлацкий айни шу борада ҳам И.Каримовнинг фаолияти ва позициясини атрофлича таҳлил этар, эътиборни масаланинг моҳиятга қаратади. Олим тажовузкор экстремизм ўчоғи Афғонистон сингари мамлакатларга жойлашганлигини таъкидлай туриб, “Улар бу мамлакатлардан Осиёдаги собиқ совет республикаларига суқулиб киришга уринмоқдалар, – дейди. – Бу оқимга қарши туришда Ўзбекистон етакчи мавқега эга”.

Хўш, савол туғилади: етакчиликнинг туб сабаби, боиси нимада? Таниқли сиёсатшунос олим қуйидагича жавоб беради: “Минтақада аҳолиси 25 миллион киши бўлган энг йирик давлат сифатида ҳам, исломнинг ҳақиқий қадриятларини ўз ичига олган буюк миллий маданият анъаналарига содиқ бўлгани учун ҳам, мамлакат замонавий тараққиётга интилаётгани учун ҳам, очиғини айтиш керак, Ислом Каримов республика раҳбари бўлгани учун ҳам Ўзбекистон бу оқимга биринчи бўлиб қарши турмоқда”.

Давлатимиз биринчи раҳбарининг Ўзбекистоннинг тинчликсевар давлат сифатидаги имижи шаклланишига ёрдам берган яна кўплаб ташаббусларини, фаолият йўналишлари рўйхатини тузиш алоҳида тадқиқот мавзуси бўлади.

Афсус билан қайд этиш керакки, охирги ўн йиллик ичида минтақадаги энг қонли воқеалар 2010 йилнинг 10-15 июнь кунлари Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида содир бўлди. Этник тўқнашувлар оқибатида юзлаб бегуноҳ одамларнинг ҳалок бўлиши, мол-мулки ва бошпанасидан ажралиши, Қирғизистондаги ўзбек миллатига мансуб тинч аҳолининг носоғлом кучлар томонидан қатағон қилиниши, уйларга ўт қўйилиши ва бошқа ваҳшийликлар дунё жамоатчилигини ларзага солди. Бу, айниқса, қўшни Ўзбекистон учун аянчли оқибатлар келтириб чиқариши, маҳаллий тўқнашув давлатлараро урушга айланиши, постсовет минтақасида “Иккинчи Қорабоғ” вужудга келиши эҳтимолдан йироқ эмас эди.

Ўзбекистон сиёсий доиралари босиқлик билан инқирозли вазиятни бартараф этишнинг уддасидан чиқдилар. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги қўшни республикадаги фожиаларга муносабати билан расмий баёнот эълон қилди. Жунбушга келган аҳолини вазминликка чақириш бўйича суҳбатлар, тушунтириш ишлари олиб борилди. Энг муҳими, республика ҳудудига паноҳ истаб келган 100 мингдан ортиқ қочқин қабул қилинди ва улар деярли бир ой мобайнида Ўзбекистон ҳудудида истиқомат қилди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Туркманистонга сафари чоғида ўзбек халқи ушбу воқеаларга “қалбимизда оғир жароҳат қолдирган миллий фожиа” сифатида муносабатда бўлганини таъкидлади(7).

Давлатимизнинг биринчи раҳбари Андижон воқеаларига доир кўплаб ахборотлар билан бевосита танишиб чиққанлигини таъкидлар экан, шундай деган эди: “Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари вазиятни диққат билан кузатиб, воқеаларга тўғри баҳо бермоқда. Мен фақат айрим оммавий ахборот воситалари ҳақида гапиряпман. Лекин, менда уларнинг барчаси ҳақида етарли фикр шаклланди ва уни асослаб бера оламан. Япония ёки Туркия оммавий ахборот воситалари бизга алоҳида меҳр билан қарайди деб айтолмайман, аммо улар Ўзбекистондаги сўнгги воқеаларни вазминлик ва холислик билан ёритаётганини таъкидлаб ўтишим жоиз. Лекин, Россия телеканаллари ҳақида бундай дея олмайман. Бу ҳақда кўп гапирмасдан иккита мисол келтираман. Кеча РенТВ канали орқали берилган “24 соат” кўрсатувини кўрдим. Бугун эса бир неча соат илгари НТВ каналининг Андижон воқеалари ҳақида тарқатган янги уйдирмаларини эшитдим. Бу мени шу қадар ларзага солдики, охири мана шу залга келиб, сизларнинг олдингизда яна чиқиш қилишга мажбур бўлдим”, деган эди.

Келтирилган сўзлар Республикамиз биринчи Раҳбарининг турли ниятдаги хорижий мухбирлар билан очиқчасига гаплаша олиши, нуқтаи назарини аниқ ва лўнда ифодалай билиши, ҳар қандай шароитда ҳам ўз Ватани ва халқи шаъни учун курашишга тайёрлиги, кези келганда эса принципиал танқидий позицияни эгаллашдан чўчимаслигига далил бўлади.

Ушбу мақолада кўтарилган масалалар таҳлили асосида қуйидаги хулосалар чиқариш мумкин:

– Ўзбекистон халқи истиқлолнинг дастлабки йилларида эришилган салмоқли ютуқларни ҳақли равишда И.Каримов номи ва фаолияти билан боғлайди.И.Каримов мамлакатда амалга оширилган улкан ишлар, тарихий ўзгаришларнинг ташаббускори ва раҳнамоси бўлди;

– АҚШда Рузвельт, Англияда Черчилль, Францияда де Голль тарихнинг муайян даврларида қандай муҳим ўрин тутган бўлса, Ислом Каримов истибдоддан қутилган Ўзбекистон учун ана шундай буюк шахс бўлиб қолаверади;

– давлатимизнинг биринчи раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббусларга жаҳон оммавий ахборот воситалари томонидан алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, И.Каримовнинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласи билан боғлиқ “6+3” мулоқот гуруҳини ташкил этишга доир таклифига Россиянинг “РИА Новости” ахборот агентлиги, Кувайтнинг “Ал-Ватан”, “Ал-Жарида”, “Ал-Кабас”, “Ал-Рай”, Покистоннинг “The Nation”, Эроннинг “Tehran Times”,  Мисрнинг “Ал-Мустақбал”, Саудиянинг “Ал-Жазира” каби газеталар юқори баҳо бердилар;

– И.Каримов Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси, мамлакат мустақил тараққиёт дастурини ишлаб чиққан ва миллий тараққиёт йўлини белгилаб берган атоқли давлат арбобидир. И.Каримовнинг халқаро майдонда Ўзбекистоннинг обрў-эътиборини юксалтириш, ўзбек номини бутун дунёга тараннум этишга улкан ҳисса қўшди. “Юксак маънавият – енгилмас куч” дея ном олган ҳаёт ҳақиқатидан келиб чиққан ҳолда, маданий ва маърифий соҳаларда олиб борилаётган ишларнинг таъсири ва самарасини янада кучайтирди;

– ўтган чорак аср вақт давомида хорижий мухбирларнинг мамлакатимизга нисбатан қизиқиши мунтазам равишда ортиб борди. Республикада амалга оширилаётган кенг сиёсий-ижтимоий ислоҳотлардан чет давлатлар аҳолиси бохабар бўла бошлади. Ҳозирги кунга келиб вазият тубдан ўзгарди, бу борадаги ахборот оқими ҳажмининг кескин ўсишига эришилди. Халқаро медиа макон орқали Ўзбекистонни бутун жаҳон жамоатчилиги яхши танийдиган бўлди, у ўзига хос обрў-эътибор, нуфузга эга бўлган мамлакатга айланди. Шу билан бирга мазкур йўналишда амалга оширилиши зарур бўлган ишлар қамрови кўплигини таъкидлаш зарур;

– Ўзбекистоннинг ўзига хос ташқи медиа имижи барпо этилди. Бозор иқтисодиётига ўтиш тажрибаси, оқилона ва одилона ички ҳамда ташқи сиёсати, танлаган йўли билан  республикамиз ривожланишнинг “ўзбек модели” номи билан бутун дунёда тан олинди;

– давлат раҳбарининг нафақат ички, балки минтақавий ва глобал миқёсдаги долзарб муаммоларни бартараф этиш борасидаги омилкорлиги мамлакатнинг умумий медиа имижини оширишда асосий омил бўлди. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР 

  1. http://ria.ru/spravka/ 20130130/920126506. html#ixzz2JTi72FdV
  2. Бокш А., ЖИМТ Бош директори. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жаноби олийларига // Ўзбекистон овози, 1996 йил 7 май.
  3. Президент жасорати учун тақдирланди.// Ўзбекистон овози, 2001 йил 20 октябрь.
  4. Высокая оценка инициатив Узбекистана// http://pligin.viperson.ru/articles/vysokaya-otsenka-initsiativ-uzbekistana. 5 апреля 2008.
  5. Гончаров П. Афганистан: назад в 1997 год?// http://ria.ru/analytics/20080507/ 106812925.html
  6. Жўраев Н. Ўзбекистоннинг янги тарихи. – Т.: Шарқ, 2004. –239 б.
  7. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг баёноти // Ўзбекистон овози. 2001 йил, 6 октябрь.
  8. uza.uz