Глобал медиа майдонда кузатилаётган ахборот тенгсизлиги, халқаро медимонополиялар тўқнашуви, боз устига рақиб мамлакатлар, минтақалар ўртасида содир бўлаётган узлуксиз ахборот хуружлари, қарама-қаршиликлар, мафкуравий тўқнашувлар авж олаётган, бунинг оқибатида сиёсий-иқтисодий муносабатлар чигаллашаётган ҳозирги замонда имижни қасддан бузиш механизмларини пайқаш қийин бўлмай қолмоқда.
Қизиғи, турли давлатларнинг муайян бир мамлакат ҳақидаги ОАВда тарқатадиган ахборотлари бир-бирига умуман ўхшамаслиги ҳам оддий ҳолга айланди. Шундай сабабларга кўра ҳам давлат имижини баҳолашда имижнинг барқарорлигига, яъем константа хусусиятига, аниқлигига, ижобий ва салбий баҳоларнинг нақадар холислиги ва мутаносиблигига алоҳида эътибор беришга тўғри келади. Глобал муносабатлар чуқурлашар экан, мавжуд сиёсий ва иқтисодий рақобат шароитларида имиж орқали дўст қиёфасидан душман қиёфасини ясаш ёки аксинча бўлиши ҳолатлари тез-тез учраши ҳам табиийлик касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сонли Фармонида медиа соҳасини тизимли ислоҳ қилиш баробарида жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз имижини оширишга қаратилган ахборот етказиш самарадорлигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Ҳужжатда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга ошириш бўйича Давлат дастурига мувофиқ қатор муҳим мақсад ва вазифалар белгилаб берилди.
Бир қарашда, сўнгги йилларда кенг кўламли демократик ислоҳотлар, ахборот глобаллашуви жараёнларига мос равишда Янги Ўзбекистоннинг ўз мукаммал қиёфаси, янгича медиа имижини яратиш борасида салмоқли ишлар амалга ошириш мумкин. Бунда медиа маконда Ўзбекистон мавзусининг алоҳида мавқе ва миқёсга кўтарилиши, мамлакатимизнинг ички ва ташқи имижини ошириш билан боғлиқ илмий-амалий ва ижодий масала сифатида мутахассислар томонидан тадқиқ этилиши халқаро журналистика мезонлари кесимида ҳамда миллий қадриятларимиз билан боғлиқ ҳолда баҳо беришнинг кенг имкониятларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Бироқ, бу борада бажарилган ишлардан кўра, амалга оширилиши кутилаётган ишлар кўпроқ, назаримизда.
Кузатишлар шуни кўрсатадики, МДҲ ва Шарқ мамлакатлари, хусусан, Россия, Қозоғистон, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Малайзия, Ҳиндистон, Туркия, Миср, БАА каби давлатларнинг оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонга доир хабарлар ва мақолалар тез-тез эълон қилиб борилмоқда. Бироқ Ғарб давлатлари, хусусан, АҚШ ва Буюк Британия медиа ҳудудида Ўзбекистонга оид салмоқли таҳлилий матбуот чиқишлари нафақат ўтган асрнинг 90-йилларида, балки ҳозирги даврга келиб ҳам етарли даражада эмас. Уларнинг аксариятида “Ўзбекистон” калит сўзи Ғарб ва Россия ўртасидаги турли сиёсий ва иқтисодий минтақавий рақобат билан боғлиқ муаммолар ёритилган мақолаларда учрайди. Шунингдек, Афғонистондаги ҳозирги вазият, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши, терроризм хавфига оид умумий мавзуларда ҳам мамлакатимиз номи тилга олинади. Булар қаторида, яъни Ғарб медиа маконида Россиянинг Ўрта Осиёдаги фаоллигидан ташқари гўёки эҳтимолдаги Хитой экспансияси тўғрисидаги турли хавотирлар йўғрилган чиқишларни учратиш мумкин.
Жорий асрнинг интеллектуал аср эканлиги, ҳар қандай замонавий тараққиёт ва юксалиш замирида илм-фан ютуқлари қатори интеллектуал салоҳият ётиши исбот талаб қилмайдиган аксиома. Хусусан, ижтимоий-гуманитар соҳадаги илмий салоҳият мавжуд зиёли қатламнинг жамиятда кечаётган ислоҳотларга, воқеа-ҳодисаларга муносабатида акс этади. Бундай муносабатлар майдони эса оммавий ахборот воситаларидир.
Матбуот воқеа-ҳодисалар ҳақида ахборот, маълумот етказиш билан чекланмайди, балки мавжуд ҳолатни таҳлил, тадқиқ қилади, хулосалар чиқаради, таклиф-мулоҳазаларни кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этади. Жамоатчилик вакилларини баҳс-мунозарага ундайди. Том маънодаги оммавий коммуникация шу тариқа шаклланади. Миллий интеллектуал салоҳият шахснинг, миллатнинг, халқнинг, жамиятнинг ва албатта давлатнинг энг катта бойлиги ҳисобланади.
Ушбу нуқтаи назардан Ўзбекистон имижини шакллантириш ишида ахборотнинг нафақат етказилиши, балки унинг аудитория онгига таъсири жараёни, яъни кўтарилаётган масаланинг назарий-когнитив аспектларини тадқиқ қилиш муҳимдир. Шу маънода россиялик мутахассис И.Василенконинг, “Ҳозирги шароитда исталган давлатнинг кучи ва таъсири унинг ахборот маконидаги ўрни билан бевосита боғлиқдир” деган сўзларига қўшилиш мумкин. И.Сушненкова эса масалага қуйидагича янада чуқурроқ ёндашган: “Бугун жаҳонда у ёки бу субъектнинг муваффақиятли фаолият олиб бораётганлигини унинг ахборот маконида қандай тақдим этилганлиги ва унинг қандай имижга эга эканлиги билан баҳолаш мумкин”.
Сиёсий лидер имижининг мамлакат медиа имижи билан боғлиқлиги
Суверен Ўзбекистон ўзини дунё ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли ва тенг овозли субъекти сифатида тақдим этиш баробарида, ривожланишнинг ўзига хос, бетакрор йўлини танлади. Демократик жамият қуриш – миллий тараққиёт стратегиясининг асосини ташкил этди ва бу жараёнда бош ислоҳотчи вазифасини давлат раҳбари ўз зиммасига олди.
Ҳар қандай мустақил давлатнинг жаҳонга юз тутиши, халқаро медиа маконда тилга олиниши муқаррар равишда давлат раҳбарининг номи билан боғлиқ бўлади. Сиёсий етакчилик насиб этган шахснинг ҳаётий маслаги, нуқтаи назари, тажрибаси, билими, ватанпарварлиги ва ҳоказо фазилатлари давлат мустақиллигининг дастлабки палласида жиддий синовдан ўтади. Синовдан ўтибгина қолмай, давлат раҳбари – етакчиси образи яратила бошланади.
Гарчи “образ” атамаси кўпроқ бадиий асарлар таҳлилига хос бўлса-да, Шавкат Мирзиёев ҳақида, хусусан унинг фавқуллодда омилкорлиги, довюрак, таваккалчи иқтисодий реформаторлиги, мураккаб сиёсий вазиятлардаги устамонлиги нафақат журналистлар, балки таниқли олимлар, халқаро таҳлилчилар назарида юқори баҳоланмоқда.
Штаб квартираси Сеулда жойлашган Осиё журналистлари ассоциацияси (ОЖА) Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни “2018 йил одами” деб эълон қилди. Мамлакатимиз раҳбари сиёсий йўналиш бўйича ғолиб, деб эътироф этилганлиги ҳақида “Халқ сўзи” газетаси ва ЎзА – Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги Жанубий Кореянинг “The Korea Times” нашрига асосланиб хабар берди. ОЖА вакиллари эътирофича, Шавкат Мирзиёев 2016 йил декабрда Ўзбекистон Президенти лавозимига киришганидан то ҳозирги вақтгача инсон ҳуқуқларини таъминлаш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, очиқ сиёсат юритиш, шу жумладан, сиёсий маҳбусларни озод этишда юксак натижа кўрсатиб келмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон раҳбари қўшни давлатлар билан фаол ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган ҳолда, Марказий Осиёда тинчлик-тотувликни асрашга катта ҳисса қўшмоқда.
2016 йили Ўзбекистондаги сайловларда Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланганидан сўнг Буюк Британия Ташқи Ишлар вазири ўринбосари – Европа ва Америка масалалари бўйича вазир Алан Дункан у билан учрашган илк ғарблик сиёсатчилардан бўлди. BBC билан суҳбатда сэр А.Дункан Ўзбекистондаги ислоҳотлардан кўпроқ нарсалар кутилаётганини қайд этди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан сайловлардан икки кун ўтиб, юз берган учрашувини эслар экан, Британия сиёсатчиси унинг ўта “хушмуомала, очиқ ва суҳбатлашиш учун осон шахс” сифатида таассурот қолдирганлигини айтган. “Унда ортиқча кибр йўқ эди. Ўзини жуда табиий ва самимий тутарди.
АҚШдаги Кеннан институти ҳамда Уилсон Марказининг илмий ходими, сиёсатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори Эдуард Лемон “Mirziyoyev’s Uzbekistan: Democratization or Authoritarian Upgrading?” (“Мирзиёевнинг Ўзбекистони: демократлаштиришми ёки авторитар янгиланишми?”) сарлавҳали мақоласида Ўзбекистонда олиб борилаётган сўнгги сиёсий ислоҳотлар ва ўзгаришларни таҳлил қилади.
Ўзбекистон улкан ислоҳотлар даврини бошдан кечирмоқда. Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги янги ҳукумат вазиятни юмшатиш, бозор иқтисодиётини рағбатлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, қўшни мамлакатлар билан алоқларини қайта тиклаш ва раҳбарлик лавозимларига ёш технократларни тайинлаш каби бир қатор ислоҳотларни амалга оширди.
2020 йил 17 февраль куни BBC ўзбек хизмати сайтида эълон қилинган “Шавкат Мирзиёев Қирғизистонда Йилнинг одами деб топилди” сарлавҳали мақолада “бунақаси мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилмаган. Шавкат Мирзиёев ўтган уч йилнинг ўзида яхши қўшничиликка асосланган минтақавий сиёсати билан ҳатто халқаро миқёсда тилга тушиб улгурган. Ана шу қисқа вақтнинг ичида Ўзбекистонни дунёга тан олдиришга муваффақ бўлган”, дейилади. BBC таъкидлашича, мукофотни шахсан Президент Ш.Мирзиёев топшириғи билан Тошкентдан етиб борган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири биринчи муовини қабул қилиб олган. Тантанали расмий маросимнинг ўзи эса, Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонасида бўлиб ўтган. Янги Ўзбекистон Президентининг номзодини бу мақомга Қирғизистондаги “Ала-Тоо айымдары” аёллар экологик ҳаракати илгари сурган.
Шавкат Мирзиёв давлат раҳбари сифатидаги фаолиятини ички ресурслар (интеллектуал, технологик, энергетик ва бошқалар)дан оқилона фойдаланишга асосланган янги дастурлар таклифи билан бошлаганлигининг ўзи унинг сиёсий имижини бир неча бор оширди. У мустақил Ўзбекистоннинг кейинги ўн йилларга мўлжалланган иқтисодий ва сиёсий тараққиёти стратегиясини белгилаб берди. Энг муҳими, олиб бораётган ана шу фаолияти баробарида Шавкат Мирзиёв миллий лидернинг янгича қиёфасини яратди. Ўзининг турфа фикрларга очиқлиги, ҳокимият бошқарувининг барча бўғинлари фаолиятини профессионал жиҳатдан яхши билиши, руҳий ва маънавий лидерлик қобилиятини кенг намойиш этиш баробарида жаҳон медиа маконида Ўзбекистоннинг замонавий имижини шакллантирди ва уни бир неча бор кўтаришга эришди.
Давлат етакчисида кучли раҳбарлик, ташкилотчилик қобилияти билан бирга халқ эътиборини тортиш, мавжуд реалликни холис баҳолаш, тегишли қарорларни ўз вақтида қабул қилиш, воқеалар ривожини олдиндан кўра билиш, одамларга тўғри йўлни кўрсатиш, нотиқлик маҳорати ва бетакрор харизма каби муҳим жиҳатлар мавжуд бўлмоғи керак.
Ҳар қандай ёш мустақил давлат ўзининг мустақил тараққиёт йўлини белгилаб олиш, ислоҳотлар стратегиясини бошлаш, белгиланган режаларни амалга ошириш, мамлакатда замонавий демократик жамият барпо этишдек улкан мақсадларни ўз олдига қўяди. Бироқ кенг омма бошланаётган ижтимоий-сиёсий ва ҳоказо ўзгаришларга бирдан тайёр бўлмайди. Мустақилликнинг дастлабки ўтиш даври, босқичи яна кўплаб мураккабликларни келтириб чиқаради. Мана шундай ҳолатда жамият, давлат том маънодаги лидерга, етакчи кучга зарурият, эҳтиёж сезади.
Дунёнинг, башарият ҳаётининг қайси йўлдан бориши, истаймизми-йўқми, етакчи тафаккурлар мажмуаси томонидан ишлаб чиқиладиган чора-тадбирлар йўналишига боғлиқ. Шу жумладан сиёсий муҳит ҳам. Ана ўша етакчи тафаккур, ўша сиёсий муҳитга мос равишда давр ва сиёсий шарт-шароитга муносиб етакчиларни юзага чиқаради. Илмий-сиёсий тилда ифодаланадиган бўлса, замонавий сиёсат персонафикацияланган характерга эгадир ва айнан ана шу персонафикациянинг муваффақиятли бўлишида лидерларнинг нафақат сиёсий омилкорлиги, балки уларни бошқа лидерлардан ажратиб турадиган шахсий хусусиятлари ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Жаҳон медиа маконида Ўзбекистон тутган йўлнинг ўзига хослиги, унинг афзалликлари ҳамда ютуқлари тўғрисида кўплаб материаллар эълон қилинди. Ўша матбуот материаллари ўтган тарихан қисқа даврда Ватанимизнинг ички имижи шаклланишида катта аҳамият касб этди. Ички имиж негизида ташқи имиж барпо этилди. Таъкидламоқ зарурки, мамалакатимизда тараққиётнинг ўзига хос миллий моделини муваффақиятли амалга ошириш баробарида давлат, давлат раҳбари ва халқ имижи яхлит бир жараён, воқелик сифатида шаклланди, ривожланди ва дунё жамоатчилиги томонидан тан олинди. Ўзбекистоннинг ўзигагина хос бўлган тараққиёт моделининг ҳаётга жорий этилиши натижасида маъмурий буйруқбозликка асосланган совет тизими ўрнига миллий давлатчилик асослари билан боғлиқ мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди.
Халқаро алоқаларнинг ахборот таъминоти қандай?
Ҳозирги даврда Ўзбекистон Республикасининг дунёнинг қирққа яқин давлатларида фаолият олиб бораётган элчихоналари томонидан ана шу мамлакатлардаги маҳаллий ОАВ вакиллари учун матбуот анжуманлари, брифинглар, пресс-турлар ташкил қилиб келинмоқда.
Шунингдек, турли маҳаллий тилларда Ўзбекистон ҳаётига доир пресс-релизлар, анонслар, бюллетенлар ва бошқа шакллардаги ахборотлар тайёрланиб, улар мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларига тарқатилмоқда. Булардан ташқари, барча дипломатик ваколатхоналарнинг расмий сайтлари фаолият кўрсатмоқда. Уларда, табиий, мамлакатимиз раҳбари олиб бораётган сиёсат, ислоҳотлар самараси ва бошқа фаолият қирралари мунтазам таништирилади.
Бироқ шуни унутмаслигимиз керакки, ҳозир мавжуд имкониятлар шароитида миллий ахборот воситаларимиз, шу жумладан ташқи ахборот-коммуникация воситаларимиз халқаро медиа монополияларга рақобатчи кучга айланиш даражасида эмас. Шу боис ҳам халқимиз, мамлакатимиз, давлатимиз ва албатта давлатимиз раҳбари шаънига қарата тарқатиладиган ахборотларнинг нечоғли холис эканлигига ҳушёр бўлмоғимиз, зарур вақтларда эса мамлакатимизда хорижий ахборотларга маърифатли ахборотлар билан жавоб қайтариш тизими йўлга қўйилмоғи керак бўлади.
Алоҳида қайд этиш керакки, Президентимизнинг хорижий мамлакатларга расмий ва давлат ташрифлари чоғида ана шу давлат ҳудудида фаолият олиб бораётган марказий ОАВда Ўзбекистон ҳақида қатор материаллар берилади. Булар, биринчидан, ана шу ташриф учун информацион фон ҳисобланса (яъни, ташриф чоғидаги тантанали кутиб олиш ва қабул маросимлари, расмий учрашувлар, икки томонлама ва кўп томонлама музокаралар, симпозуимлар ҳақидаги хабарлар, мақолалар, теле-радио репортажлар), иккинчидан мазкур материаллар орқали мамлакатимиз ҳаёти билан боғлиқ турли янгиликлар, хусусан, эришилаётган оламшумул ютуқларимиз тўғрисида батафсил маълумотлар тарқатилади. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистонни хорижий мамлакатлар жамоатчилигигига яқиндан таништиради, қолаверса, давлатимизнинг халқаро медиа макондаги нуфузини оширади.
Халқаро алоқалар доирасидаги алоқаларни ёритиш баробарида мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш, ҳаётнинг иқтисодий, гумантар аспектларига катта эътибор қаратилиши туфайли Ўзбекистон Республикасининг жаҳон медиа маконидаги имижи ижобий томонга ўзгариб бориши тўлиқ таъминланиши керак.
Ички ва ташқи медиа имиж ўзаро боғлиқми?
Мамлакат имижига оид ички ва ташқи ОАВда берилаётган материаллардаги фарқни қисқартириш масаласи долзарблигича қолмоқда. Тўғри, халқаро ҳамжамият, чет эл оммавий ахборот воситалари, нодавлат-нотижорат ташкилотлар ҳамда тадқиқот марказлари билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг демократия йўлидан бораётган, иқтисодий жиҳатдан ривожланаётган суверен давлат сифатидаги образини шакллантириш мақсадида салмоқли ишлар амалга оширилди.
Мамлакатнинг ташқи медиа макондаги нуфузи авваламбор унинг ички ахборот маконидаги имижининг узвий давоми эканлигини тан олган ҳолда шуни алоҳида қайд этиш ўринлики, миллий матбуот ва публицистика мамлакат имижини шакллантиришда ўзига хос роль ўйнайди. Бинобарин, Ўзбекистон журналистикаси жаҳон ахборот макони архитектоникасига ҳақли аъзо сифатида киришни истар экан, мақолаларнинг тили, уларнинг яратилиш услуби ва жанрлари ҳам дунё матбуотида қабул қилинган замонавий шакл ва форматларга мослашмасдан иложи йўқ.
Масалан кўпсўзлилик, жимжимадорлик, баландпарвозлик, ортиқча ҳамду санога йўл қўйишлардан ҳозирги хориж матбуоти воз кечганига анча вақтлар бўлган. Ўз ўқувчиларимизнинг диди-савияси ҳам, талаби ҳам ўша халқаро андозалар руҳида ўзгариб бораётгани кундек равшан бўлиб қолди.
Ҳар қандай медиа контент таркибидаги ахборот – сўз ва иборалар, графикалар, овоз ёки видеотасвирлар воситасида реципиент онгига кириб, ўрнашиб олади. Натижада ўқувчи хотирасида маълум бир воқеанинг акси, предметнинг образи ёки алоҳида ҳудуднинг имижи ҳосил бўлади. Эътиборли жиҳати шундаки, тил имкониятлари имиж билан боғлиқ коммуникация жараёнлари, яъни PR, реклама ва журналистика амалиётида беқиёс ўринга эга. Шу ўринда рус олими В.Таранов қайд этганидек, одамлар тасаввуридаги ҳар қандай ҳудуд имижи асосан ОАВ тарқатган хабарлар асосида шаклланади.
Ахборот технологияларининг мисли кўрилмаган тараққиёти, хусусан, глобал интернет тармоғи шу пайтгача кишилар онгида шаклланиб келган анъанавий оммавий ахборот воситалари кўламини мутлақо кенгайтириб юборди. Бунинг натижасида мавжуд ахборот макони – бизнинг мисолимизда миллий журналистика “ҳудуди”, чегаралари тубдан ўзгарди. “Ичкари”дан “ташқари”га ва аксинча “ташқари”дан “ичкари”га ахборот оқимлари ҳажми, суръати тасаввур қилиб бўлмас даражада ортди.
Мамлакатнинг имижини сифат жиҳатдан ўзгартириш, унга ижобий таъсир ўтказиш механизмларини жорий этиш масалалари ўз долзарблиги ва республикамиз тараққиётидаги ўрни билан аҳамиятлидир. Бу борада амалга ошириладиган барча ишларга концептуал ёндашиш зурурлигини билдиради.
Замонавий журналистиканинг ҳосиласи бўлган медиаобраз назарий жиҳатдан имижмейкингнинг медиаимиж каби тушунчасига айнан мос тарзда юзага келади. Фикримизча, бунда лингвокогнитив моделлаштириш методикасидан фойдаланиш кутилган самарани бериши мумкин.
Нафақат мамлакат, балки ҳудудлар, вилоятлар ва туманлар кесимида ҳам имижни моделлаштириш жараёнини янги аспектларда тадқиқ қилиш тавсия этилади.
Ҳозирги медиа муҳитда бирор бир ҳудуд ёки мамлакат рамзи, унинг имижига даҳлдор воқеликни идрок этиш жараёнида билиш фаолияти ижрочиси, яъни субъекти ва ушбу фаолият объектининг ўзаро қарама-қаршилигига асосланган “субъект-объект муносабати” пайдо бўлади. Бу эса имижга когнитив аспектда қараш имкониятини беради.
Айримлар “имиж – бу журналистиканинг вазифаси эмас, бу масала билан сиёсатшунослик фани шуғулланади”, деган тор доирадаги фикрни илгари суради. Ваҳоланки, айнан журналистиканинг ўз функцияларига кўра: ахборот тарқатиши, таҳлил қилиши ва айниқса, таъсир этишини инобатга оладиган бўлсак, айнан ОАВ орқали ҳар қандай мамлакат имижини бор ёки йўққа чиқариш осон эканлигини инкор этиб бўлмайди, назаримизда.
Шундай экан, хорижий ва миллий оммавий коммуникация воситаларида Ўзбекистоннинг янги қиёфаси, унинг образи, имижини шакллантиришга қаратилган хилма-хил мақола, шарҳ, суҳбат ва ҳоказо матубот материалларини атрофлича ўрганиш, тадқиқ ва таҳлил қилиш ҳам ижтимоий-сиёсий, ҳам маънавий-маърифий, ҳам миллий-психологик жиҳатлардан алоҳида аҳамиятга эгадир. Бироқ, шуни ҳам эътиборга олиш зарурки, одамлар салбий ахборотни қизиқиш билан ва тезроқ қабул қиладилар, ижобий ахборотга эса нисбатан эътиборсиз муносабатда бўладилар. Психологлар бу ҳақда жуда кўп тадқиқотлар олиб борганлар.
Россиялик олимлар Т.Глушкова ҳамда О.Зайцева билдирган фикрга кўра, объектнинг медиа образини яратишда стереотип ва фрейм каби когнитив структуралардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади. Стереотип дефинициясига таъриф берадиган бўлсак, у бирон бир нарса, предмет ёки бизнинг ҳолатимизда мамлакат, яъни Ўзбекистон образи билан боғлиқ барқарор, ўзгармайдиган, соддалаштирилган, схематик тушунчани ўз ичига олади. Стереотиплар амалиётда салбий ёки ижобий бўлади. Албатта имижни юксалтиришда ижобий стереотиплардан самарали фойдаланиш мумкин бўлади.
Ахборот соҳасидаги ислоҳотлар қандай давом этади?
Ҳаёт бир жойда турмаганидек, уни акс эттирувчи журналистика ҳам ривожланишдан тўхтамайди. Керак бўлса, жамиятдаги бор ўзгаришлардан бир қадам олдида юради. Унинг фаолиятигиа тегишли қонунчилик базаси эса янада илдамроқ қадам ташлаши кераклигини даврнинг ўзи кўрсатиб турибди.
Президент фармонида республикада кейинги 5-6 йил ичида жорий этилаётган том маънодаги демократлашув жараёнларини чуқурлаштириш, қонунчилик базасини янги даражага олиб чиқиш, хусусан, республикада ахборот очиқлигинии кенгайтиришга хизмат қилувчи ягона ахборот кодескини ишлаб чиқиш баробарида аҳолининг ахборот истеъмолига бўлган маданиятини ошириш, умуман юритимизда замонавий медиа муҳитни такомиллаштириш борасида олиб борилаёган тизимли ислоҳотларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Давлат дастурида бу каби муҳим масалалар атрофлича қамраб олинган бўлиб, унда қуйидаги мақсад ва вазифалар аниқ-равшан белгилаб берилган.
Хусусан, “таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш” масаласи 12-мақсадда кўрсатилган. Уни сифатли бажариш учун мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситаларининг роли ва журналистларнинг касбий фаолияти ҳимоясини янада кучайтириш кераклиги таъкидланади.
Бунда, биринчидан, фуқароларни қийнаётган муаммолар ҳамда ислоҳотларнинг самарадорлигини ўрганишда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш тартибини жорий қилиш;
Иккинчидан, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига ноқонуний аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, шу жумладан мансабдор шахслар томонидан цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва техник воситаларни улардан ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарликни янада кучайтириш кўзда тутилади.
Жамиятда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш ҳақидаги 74-мақсадда эса хорижий тилларда фаолият юритаётган ва миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсатини ёритаётган оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш лозимлиги белгиланган. Унда, жумладан, “O’zbekiston”, “Звезда Востока” ва “Амударё” журналлари, “Еркин Қарақалпақстан”, “Нурлы жол”, “Овози тожик”, “Мекан” ва “Достук” газеталарининг моддий-техник базасини яхшилаш кўзда тутилган.
Шунингдек, соҳага оид материалларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш бўйича танловлар, грантлар ташкил этиш ва ўтказиш масаласи ўртага қўйилган.
Мазкур мақсад доирасида оммавий ахборот воситалари, журналистлар ва блогерларни пресс-турларда иштирок этиш, уларга бериладиган ижтимоий буюртмаларни қоплаш тартибини белгилаш ҳам назарада тутилмоқда.
Фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш учун қандай ишлар амалга оширилиши кераклиги 89-мақсадда атрофлича очиб берилган. Нафақат ахборот реципиентлари, яъни қабул қилувчилар, балки уни яратувчи журналистлар ҳамда блогерлар учун ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлган ахборот соҳасини тартибга солувчи ягона тизимлаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш, албатта кўпчилигимиз учун соҳага доир муҳим тарихий янгилик бўлиши керак.
Унда, хусусан, замон талаблари асосида ахборот соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, аниқроқ айтганда, ахборот соҳасини тартибга солишга қаратилган мавжуд қонунларни Ўзбекистон Республикаси Ахборот кодекси шаклида унификация қилиш назарда тутилмоқда. Бу ҳужжат, табиийки миллий медиа қонунчилигини жаҳон стандартларига яқинлаштириш баробарида, мавжуд айрим ҳужжатларнинг ноўрин талқин қилинишига чек қўяди.
Дунё мамлакатларидаги каби Ўзбекистонда ҳам том маънодаги ахборот эркинлигига эришилаётганлиги исбот талаб қилинмайдиган ҳолат. Бироқ ана шу эркинликка барча баробар тайёрми? Йўқ, албатта. Бундан 10-15 йил олдин медиа ва ахборот саводхонлиги ҳақида гап кетганда, кўпчилик “ҳа, бу журналистиканинг муаммоси экан-да”, деган эди. Аммо ахборот маданияти нафақат ОАВнинг, балки бутун бир жамиятнинг муаммоси эканлигини бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Яъни жамиятдаги каттаю-кичик соҳада яратилаётган эркинликдан оқилона фойдалана олмаяпти. Очиқчасига айтшганда, ахборот маконидаги “оқ”ни “қора”дан, яъни рост хабарни фейкдан ажратишга қийналаётгани рост.
Шу сабабдан ушбу ҳужжатда фуқароларнинг ахборот коммуникация воситаларидан фойдаланиш маданиятини ошириш масаласи қўйилганлиги айни муддао бўлди, назаримизда. Унда, жумладан, турли ёш тоифаси учун мўлжалланган ўқув курслари ҳамда онлайн дастурларни оммалаштириш, халқ таълими ва профессионал таълим тизимининг тегишли дарсликларига медиа саводхонлик бўйича мавзуларни жорий қилиш кераклиги таъкидланган.
Ахборотни эркинлаштириш жараёнида юзага келаётган яна бир масала борки, у ҳам бўлса фуқаролар ҳақидаги шахсий маълумотлар уларнинг ихтиёрисиз тарқалиб кетиши хавфига оиддир. Шу сабабдан Давлат дастурида шахсий ва сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни Интернет тармоғида ошкор қилиш билан боғлиқ дахлсизлик ҳуқуқи бузилишининг олдини олиш масаласи кўндаланг қўйилган. Бунда, жиноят ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларнинг дахлсизлик ҳуқуқлари билан боғлиқ моддаларига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлаш назарда тутилмоқда.
Булардан ташқари фуқаролар ҳаётига тобора дахл қилаётган кибержиноятчиликнинг олдини олиш тизимини яратиш зарурати кўрастилган. Айни мақсадда 2023-2026 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг киберхавфсизлик стратегиясини ишлаб чиқиш, бунда, “UZ” домен зонаси Интернет-маконининг киберхавфсизлигини таъминлашнинг асосий йўналишларини ҳамда электрон ҳукумат, энергетика, рақамли иқтисодиёт тизимларини ва муҳим ахборот инфратузилмасига тааллуқли бошқа йўналишларни ҳимоя қилиш бўйича комплекс вазифалар белгиланган.
Фуқароларимизнинг шахсий маълумотларини ҳимоялаш мақсадида замонавий коммуникацион дастурлар ҳамда миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар яратиш масаласи яна кун тартибига чиқмоқда. Хусусан, миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар ҳамда ахборот коммуникацион дастурлар яратиш. Бунда соҳанинг етук мутахассислари ва йирик тадбиркорларни миллий коммуникация платформаларини яратишга жалб қилиш ҳамда маълумотларни узатиш ва қайта ишлашнинг замонавий талабларига мос дастурий таъминот ва техник воситалар билан таъминлаш масаласи қўйилган.
Шунингдек, АКТ соҳасида миллий маҳсулот яратиш тизимини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш. Айни мақсадда яратилган дастур ҳамда миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерларни аудиториясининг қамрови ортишига қараб солиқ имтиёзларни бериш тизимини йўлга қўйиш кераклиги назарда тутилган.
Бу борадаги яна бир муҳим жиҳат – миллий коммуникация платформаларини аҳолимиз орасида оммалаштириш баробарида миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерларни замонавий дизайн ҳамда техник талаблар асосида янгилаб боришни йўлга қўйиш, шунингдек, фойдаланувчилар ўртасида миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерларни тарғиботи бўйича амалий чоралар кўриш ва фуқароларнинг шахсий маълумотлари хавфсизлигини таъминлаш каби муҳим вазифалар қўйилган.
Умуман олганда, мамлакатда медиа тизимни равнақ топтиришга оид миллий қонунчиликнинг тобора такомиллашиб бораётгани оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароит ва омиллар яратиш, шу аснода медиа тузилмаларнинг мустақиллигини таъминлаш, ахборот соҳасини ривожлантиришда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоат назоратини ўрнатиш борасида уларнинг ролини ошириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бир сўз билан айтганда, юқорида назарда тутилган ОАВ соҳасидаги миллий қонунчиликнинг янада такомиллашуви халқаро ахборот маконида мамлакатимиз нуфузининг ошишига бевосита хизмат қилади.
Мамлакат имижи янада мустаҳкамланиши керак
Президент Ш.Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқ сўзлар экан, “Биз аждодларимизнинг донишмандлик анъаналарига амал қилиб, теран англаган ҳолда, қатъий ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз, мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантириш йўлидан бормоқдамиз”, – деган эди.
Мазкур ғоянинг мантиқий давоми сифатида йиллар давомида ўз ечимини кутаётган ишлар бўйича конструктив режалар ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг 98-мақсади айнан ушбу йўналишга қаратилган бўлиб, унда жаҳон ҳамжамиятида республикамиз имижини оширишга қаратилган ахборотлар етказиш самарадорлигини ошириш масаласи муҳим топшириқ сифатида илгари сурилган.
Дарҳақиқат, мамлакат имижини ривожлантириш жараёнида ахборот агентликлари асосий роллардан бирини ўйнайди. Чунки улар аудитория қамрови ва тарқатилаётган контентнинг салмоғи, кўтарилаётган мавзуларнинг жиддийлиги билан бошқа миллий ОАВ платформаларидан фарқ қилади. Уларни образли қилиб айтганда “асосий ахборот фабрикарлари, яъни ишлаб чиқувчилари” деб аташ мумкин.
Давлат дастурида “Дунё” ахборот агентлиги фаолиятини ривожлантириш ва уни ҳар томонлама қўллаб- қувватлаш чораларини амалга ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Унда ушбу агентликнинг хориждаги мухбирлик пунктларини кўпайтириш ва фаолиятини кучайтириш ҳамда ходимларининг ижтимоий-моддий ҳимоясини кучайтириш, соҳага замонавий лойиҳаларни амалга ошириш малакасига эга мутахассисларни жалб этиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, жаҳондаги етакчи ахборот агентликлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича тегишли ишлар амалга оширилади. Хусусан Ўзбекистондаги ахборот агентликлари ходимларини дунёнинг етакчи ахборот агентликларида малака оширишини таъминлаш ҳамда мамлакатимиз ҳаётига оид туркум мақола, кўрсатув ва эшиттиришларни жаҳоннинг етакчи ахборот агентликлари орқали оммалаштириш вазифаси белиланган.
Бу жараёнда республикамизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, унинг бой тарихи ва маданиятидан сўзловчи сифатли медиа контентларни тайёрлаш, уларни мавжуд барча коммуникация каналлари орқали жаҳон аудиториясига мунтазам тарқатиш яхши самара беради. Ана шу мақсадда Ўзбекистон имижини жаҳон майдонида илгари суришни назарда тутувчи чора-тадбирлар мажмуини тайёрлаш ва амалга ошириш, мамлакатимизда ислоҳотлар холис ахборот тарқатишни самарали давом эттириш масаласига алоҳида урғу берилган.
Жумладан Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари учун мамлакатимизнинг тарихи, замонавий тараққиёти, сайёҳлик салоҳияти, маданияти ва санъатига оид юқори сифатли фото, видео ва босма материалларни мунтазам тайёрлаш ва етказиб бериш зарурлиги қайд этилган.
Бундан ташқари Ўзбекистон тарихи ва замонавий тараққиёти, маданияти ва санъати, тарихий шаҳарлари, анъана ва урф-одатлари тарғиб қилинган китоблар, маълумотномалар ва қўлланмалар хорижда нашр этилишини ташкил этиш кераклиги таъкидланган бўлиб, ушбу асарларнинг хорижий мамлакатларда тақдимотларини ўтказиш, уларни чет эл мамлакатлар парламент, ҳукумат ва эксперт доиралари ўртасида тарқатиш кўзда тутилган.
Дарвоқе, ҳар қандай мамлакат имижининг ўлчов мезонлари қаторида туризм соҳаси алоҳида ўрин тутади. Бунда хусусан, хорижликларнинг мамлакатни бориб кўришга бўлган қизиқишлари, маҳаллий шарт-шароитлар, табиатнинг гўзаллиги ва инсон қўли билан яратилган диққатга сазавор жойларнинг мавжудлиги эътиборга олинади.
Британиялик профессор Ш.Акинернинг қайд этганидек, “туризм миллий имижни ривожлантириш мумкин бўлган тармоқлардан бири ҳисобланади. Чунки у хорижликларни маҳаллий аҳоли билан тўғридан-тўғри алоқага киритади. Натижада ана шу сайёҳлар онгида улар ташриф буюрган жамиятлар ҳақида ўз шахсий таассуротларининг шаклланишига сабаб бўлади”.
Шуни маънода Давлат дастурида Ўзбекистон тарихи, маданияти, санъати ва сайёҳлик салоҳиятининг хорижда ўтказилаётган кўргазма ва экспозициялари сонини ошириш масаласи кўтарилган. Айни мақсадда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари ва туристик нашрлар вакиллари учун мунтазам медиа-турлар ташкил этиш ҳам кутилган самарани беришига урғу берилган. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг сайёҳлик брендини хорижда тарғиб қилиш бўйича кенг реклама кампаниясини ўтказиш бўйича ҳам топшириқлар берилган.
Британиялик олим С.Анҳольт фикрига кўра, мамлакат имижини мустаҳкамлаш жараёнида оммавий ахборот воситалари билан бир қаторда – бошқарув, экспорт, туризм, маданият ва мерос, инвестиция ва имиграция, одамлар ҳам муҳим роль ўйнайди.
Айтиш зарурки, мамлакат имижини шакллантиришда ҳозирги пайтда оммавий коммуникация воситаларидан ташқари турли халқаро форматда ўтказиладиган иқтисодий форумлар, илмий-амалий анжуманлар, сиёсий учрашувлар, музокаралар, маданий кўргазмалар ҳам муҳим роль ўйнайди.
Хорижий давлатларда ўзбек тили, маданияти ва миллий анъаналаримизни кенг оммалаштириш, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат бўлган Алишер Навоий халқаро институтини ташкил этишни тезлаштириш масаласи ўртага қўйилгани айни муддаодир. Хусусан, хорижий давлатларда ўзбек тили, маданияти ва миллий анъаналаримизни кенг оммалаштиришга қаратилган, шу жумладан, Алишер Навоий халқаро институтини ташкил этиш бўйича аниқ таклифлар тайёрлаш бўйича топшириқ берилгани эътиборга моликдир. Бунда, маданий ва миллий анъаналарни хорижий мамлакатларда тарғиб этиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиш ва таклифларни киритиш кўзда тутилган.
Чет элларда Алишер Навоий ижодига бағишлаб ижодий кечаларни ташкил этиш баробарида хорижлик ёзувчилар, шоирлар ва ижодкорлар, адабиётшунослар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва Алишер Навоий ижодига бағишлаб ташкил этиладиган учрашув ва анжуманларга уларни фаол жалб этиш мақсадга мувофиқ эканлиги айтилмоқда.
Юқоридагилар билан бир қаторда мамлакат имижига бевосита ижобий таъсир этувчи яна бир нечта ташкилий ишларни амалга ошириш бўйича топшириқлар берилганки, улар ҳам, сўзсиз, дунё жамоатчилиги олдида республикамиз нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Жумладан хорижий мамлакатларда ахборот кампанияларини ўтказиш, хусусан, жаҳоннинг нуфузли оммавий ахборот воситаларида ва медиамаконида Ўзбекистон ҳақидаги материалларни эълон қилишни ташкил этиш учун дипломатик ваколатхоналаримизга молиявий ресурслар ажратилиши режалаштирилмоқда.
Айни мақсадда республиканинг турли соҳалардаги ютуқлари ҳақида чет эл оммавий ахборот воситаларида ва медимаконида мунтазам мақолалар чоп этиш ва видеоконтент узатиш, шунингдек, турли соҳалардаги эришилаётган ютуқларни кенг тарғиб қилиш учун брифинглар, давра суҳбатлари, конференция ва семинарлар ўтказиш кутилган натижаларни бериши мумкинлиги айтилган. Масалан, АҚШнинг етакчи таҳлилий институтлари, “ақл марказлари” билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, уларнинг базаларида республикадаги ислоҳотларга бағишланган тақдимотларни ташкил қилиш кўзда тутилган.
Жаҳон майдонида Ўзбекистоннинг ижобий имижини илгари сурадиган хорижий PR-агентликлари ва лобби тузилмалари билан, шунингдек, халқаро
ахборот майдонида нуфузли ва таъсирга эга бўлган хорижий оммавий ахборот воситалари билан Ўзбекистон ҳақидаги батафсил муаллифлик материалларини даврий асосда нашр етиш бўйича узоқ муддатли шартномалар тузиш белгиланган.
Ҳақиқатан ҳам экспертлар доирасидаги ўзаро алоқаларни ривожлантириш, турли соҳа вакилларига тегишлигича маълумотларни тўғридан-тўғри етказиш зарурати мавжуд. Жумладан, Европа мамлакатларининг сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, ишбилармон, маданий-гуманитар ва таҳлилий доиралари вакиллари билан доимий музокаралар олиб бориш, уларга Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида холис ахборот етказиш ҳам кутилган самарани бериши муқаррар.
Бунинг учун, Давлат дастурида турли форматлардаги давра суҳбатлари, брифинглар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган жадал ва кўламдор ислоҳотлар тўғрисида туркум мақолалар, тайёрлаш, кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш лозимлиги қайд этилган.
Хорижда мақсадли тарғибот тадбирларини ташкил этиш масаласи ҳам эътибордан четда қолмаган. Хусусан, “Ўзбекистон маданият кунлари”, давра суҳбатлари, кўргазмалар ва фестивалларни ўтказиш билан боғлиқ ташкилий ишларга алоҳида этибор қаратилган. Ўзбекистоннинг барча соҳалардаги ютуқлари ҳақида хорижий оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда видеофильмлар намойишларини ташкиллаштириш зарурати қайд этилган.
Юқоридагилардан ташқари, медиа материалларнинг янада таъсирчан бўлиши ва уларнинг кўпроқ ўқувчилар оммасига етиб бориши учун хорижий
мамлакатлар медиа тузилмалар вакиллари орасидан энг нуфузли журналистларни танлаб олиш ҳамда улар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро аудиторияни холис, айни пайтда қизиқарли ва тезкор маълумотлар билан таъминлаш вазифаси ҳам четда қолмаган.
Булардан ташқари хорижий давлатларда Ўзбекистон маданияти ва санъатини тарғиб этишга қаратилган тадбирларни ташкиллаштириш назарда тутилмоқда.
Давлат дастурида чет элларда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаш ва ислоҳотларни рағбатлантириш учун ватандошлар ресурсларини жалб қилишга масаласига ҳам алоҳида ўрин бериллан бўлиб, унда хорижий давлатларда ватандошлар иштирокида Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдондаги имижини оширишга қаратилган тадбирлар ташкил этиш кўзда режалаштирилган.
Мамлакатнинг халқаро медиа имижини мустаҳкамлашда Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситаларининг халқаро миқёсдаги алоқалари ҳам муҳим роль ўйнайди. Шу сабабдан миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг ўзаро ҳамкорлиги ва соҳада мавжуд муаммоларни ўрганиш, уларни бартараф этиш ҳамда истиқболларини белгилаб олиш учун қулай медиа-майдон яратиш зарурати эътироф этилган ҳолда халқаро ва миллий оммавий ахборот воситалари, журналист ва экспертлар иштирокида ўзаро фикр алмашиш имконини яратиш мақсадида халқаро “Медиафорум” ташкил этиш белгиланган.
Халқаро ахборот маконида муносиб ўрин эгаллаш, Ўзбекистоннинг ижобий имижини фаол илгари суриш механизмлари, воситалари ва каналларини биргаликда ишлаб чиқиш, халқаро майдонда PR-шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик ўрнатиш ҳам кутилган самарани бериши табиий. Бунинг учун етакчи хорижий ОАВ билан алоқаларни кенгайтириш, ижодий ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш баробарида чет эллик журналистлар учун пресс-турлар ташкил этиш, матбуот анжуманлари ўтказиш ва уларнинг натижалари бўйича мақолалар, репортаж ва кўрсатувлар тайёрлаш бевосита медиа имижга таъсир этувчи омиллардан саналади. Шунингдек, мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеаларни ҳамда Ўзбекистон раҳбариятининг минтақавий ва халқаро миқёсдаги ташаббусларини ёритадиган PR-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарурлиги дастурда алоҳида кўрсатиб ўтилган.
Умуман олганда Ўзбекистон ўзининг ижобий имижини шакллантириш учун етарли даражадаги куч ва салоҳиятга эга бўлган мамлакатдир. Лекин бу борадаги ишларга мавжуд ёндашувни концептуал жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш лозимлигини вақт кўрсатмоқда ва бу борадаги вазифалар Янги Ўзбекистон стратегиясида аниқ-равшан очиб берилан.
Ана шу мақсад атрофида бирлашган ҳолда давлат бошқаруви органлари, турли вазирлик ва ташкилотлар, муассасалар Ахборот хизматларининг медиа макондаги мамлакат имижини шакллантиришга йўналтирилган ишларини қайта кўриб чиқиш, уларни баҳолаш, тегишли хулосалар ҳамда тажриба асосида янада фаоллаштириш жоиз.
Айни пайтда ҳанузгача ишлатилмаган заҳиралар ва қатор долзарб масалалар борки, улардан фойдаланиш ёки ҳал этиш орқали мамлакат имижини шакллантиришнинг “умум иши” эканлигини кўпчилик томонидан англанишига эришиш мумкин. Чунки аёвсиз рақобат даврида мамлакатнинг ижобий имижи ва брендини кучайтиришга йўналтирилган навбатдаги сифат босқичига чиқиш учун давлат, фуқаролар, ишбилармон доиралар бир ёқадан бош чиқаришлари шарт.
Авваламбор, ижобий имижни шакллантиришга тизимли ва комплекс ёндашув талаб этилмоқда. Бу соҳада тушунчаларни умумлаштириш, устивор йўналишлар, мақсад ва вазифаларни белгилаб олиш, амалга ошириш услублари ва шаклларини ишлаб чиқиш ва уларни сўзсиз бажаришимиз керак.
Ана шу ишларни амалиётга тадбиқ этиш учун нафақат давлат маблағлари, балки мамлакатдаги етакчи экспертлар ҳамда бизнес доиралар имкониятларидан ҳам кенг фойдаланиш мумкин. Булардан ташқари, фуқаролик жамиятининг барча қатламлари “имиж сиёсати”ни амалга оширишда фаол иштирок этишлари мақсадга мувофиқдир.
Бунда мамлакатда тўпланган тажриба ва ўрганилган хорижий манбаларга асосланган ҳолда стратегияда белгиланган масалаларга алоҳида эътибор қаратиш ва уларни самарали амалга ошириш зарур.
Беруний Алимов,
Янги медиа таълим маркази директори,
филология фанлари доктори.
«Янги Ўзбекистон» газетаси, 2022 йил 9 апрель.