Жаҳон медиа маконида юз бераётган шиддатли ўзгаришлар мамлакатимиз ахборот майдонида ўз аксини топиб бораётирки, қувонмай иложинг йўқ. Мазкур жараёнда, айниқса, техник жиҳатдан замонавий шаклдаги оммавий ахборот воситаларининг дадил одимлаётгани яққол кўзга ташланмоқда.
Миллий журналистикамизнинг замон талаблари даражасида фаолият юритиши учун ҳам ҳуқуқий, ҳам иқтисодий жиҳатдан қулай шароит яратилаётгани ўзининг юксак самараларини бермоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 24 майда имзоланган “Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори соҳага юксак эътиборнинг амалдаги яна бир ифодаси бўлди. Ушбу ҳужжатда қайд этилганидек, “жаҳон ахборот макони глобаллашувининг кучайиши оммавий ахборот воситалари соҳасида дунёда содир бўлаётган воқеаларга тез ва мос равишда муносабат билдириш, Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик қайта ўзгаришлар ҳақида республика аҳолисини, дунё ҳамжамиятини ўз вақтида ва холисона хабардор қилиш тизимини такомиллаштириш масаласи энг долзарб вазифалардан бирига айланиб бормоқда”.
Шуларни инобатга олган ҳолда ҳақиқий журналистика мактабини шакллантириш, хусусан, интернет журналистикага алоҳида эътибор қаратиш, жаҳон тармоғидаги миллий сайтларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни жаҳон стандартларига мос кадрлар билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эгадир.
Кейинги икки йил ичида мамлакатимиз ахборот маконида шундай феномен юзага келдики, қалами ўткир журналистнинг ҳар қандай ўткир мақоласи эътиборсиз қолмаяпти. Айниқса, интернет нашрларида берилаётган журналист суриштирувлари натижасида “тўртинчи ҳокимият” ўзининг ҳақиқий куч-қудратини кўрсата бошлади.
Яна бир муҳим жиҳати – халқаро миқёсда эътироф этилган хорижий интернет қидирув сайтлари кейинги пайтда Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган миллий медиа манбаларига таяниб, бевосита улар тарқатаётган хабарлардан фаол фойдалана бошлади. Бу, албатта, ижобий ҳолат, мухбирларимизнинг жаҳон ахборот маконига бевосита кириб бориш имкониятини кенгайтирмоқда.
Россиянинг нуфузли “Yandex.ru” қидирув портали Ўзбекистондаги “Gazeta.uz”, “UzReport.com”, “UzDaily.uz”, “Podrobno.uz”, “Sports.uz” каби интернет нашрлари томонидан тарқатилаётган материалларни ўзининг янгиликлар лентасида мунтазам эълон қилишга киришгани бунинг далилидир.
Оммалашаётган интернет газеталар
2012 йилнинг январида фаолиятини бошлаган Kun.uz лойиҳаси орадан уч йил ўтиб, яъни 2015 йилда Ўзбекистондаги интернет нашрларнинг биринчи бешталигига киришга муваффақ бўлган эди.
Ҳозир, www.uz миллий қидирув тизими рейтингига кўра, у энг машҳур сайтлар ичида иккинчи ўринда. Биринчи ўринда — daryo.uz. Кейинги ўринлардан эса olx.uz, stadion.uz, chempionat.asia, mover.uz лойиҳалари жой олган.
Google Analytics маълумотларига кўра, Kun.uz сайтига ҳар куни ўртача 350 минг киши ташриф буюрмоқда. Бундай катта аудиторияни шу пайтгача Ўзбекистонда биронта интернет газета йиға олмаган эди.
Сайт ижтимоий тармоқлар платформасидан ҳам самарали фойдаланмоқда. Хусусан, Facebook, Twitter, Instagram, Odnoklassnikiдаги саҳифалар анча фаол кўринишга эга. Telegram мессенжерида эса @KunUzOfficial номли канал дадил фаолият юритмоқда.
Тошкент аэропорти залларидаги монитор экранларида kun.uz хабарлари ва сайт рекламасини кўрганимда Ғоят қувонгандим. Чунки бозорда ахборотларимиз товар сифатида ўз қадрини топаётгани фахрланадиган янгиликдир.
Ушбу сайтнинг Android ва iOS қурилмалари учун мўлжалланган мобил дастурлари ҳам мавжудлиги эътиборга молик. Уларни Google Play ва App Store’дан юклаб олиш мумкин.
Ушбу мақолани тайёрлаш жараёнида ўрганилган яна бир сайт – xabar.uz ахборот-таҳлилий портали миллий рейтингда еттинчи ўринда.
2017 йилнинг 27 декабрида давлат рўйхатига олинган ушбу сайт ўтган 5-6 ой ичида жуда катта куч ва дадиллик билан миллий ахборот майдонига кириб келди. Муҳими, оз фурсат ичида ўз хабар ва мақолаларида кўтарилган жиддий масалалар билан назарга тушди.
Xabar.uzнинг ўзига хослиги шундаки, технологик жиҳатдан анча мукаммал имкониятга эга бўлса-да, ўзида оддийликни сақлаб қола олди. Рубрикалар қалаштириб ташланмаган. Интерфейсдаги устунлар талаб даражасида – икки-учтадан ошмайди.
Бунда замонавий нашрнинг энг муҳим қирраларидан бири интерактивликка, яъни ўқувчилар билан алоқа ўрнатишга, уларнинг маълум мавзуда бевосита фикр билдиришга қулайлик яратилган. Мисол учун, “Ўзбекистонда сифатсиз маҳсулотларга қарши курашишга қаратилган «Назорат хариди» лойиҳаси жорий этилишига қандай қарайсиз?” деган савол сайт ўқувчилари эътиборига ҳавола қилинади. Ва ана шу саволга: “Аллақачон қилиш керак эди!”, “Айни муддао. Ёқлайман!”, “Керак эмас” каби жавоб вариантлари берилади.
Сайт ўқувчилари атроф-жавонибда содир бўлаётган муҳим воқеа-ҳодисаларга бемалол фикр билдиришга одатланаётган бир пайтда уларни қўллаб-қувватлаш, халқ овозини тўғридан-тўғри эшитиш, аудиториянинг муносабатига, дардига қулоқ тутиш бугунги журналистиканинг энг муҳим вазифаларидандир. Хорижлик олимлар тили билан айтганда бугунги кунда “фидбак”сиз, яъни интерактивликсиз журналистика – журналистика эмас.
Ўзбекистон янгиликларини биринчилар қаторида бериб бораётган gazeta.uz кириб бормаган компьютер, телефон ёки гаджетлар қолмаган бўлса керак. 2008 йилдан бошлаб фаолият бошлаган сайтнинг хорижлик ўқувчилар эътиборига тушгани шундан. Ўтган ўн йил давомида ушбу интернет газета энг мураккаб мавзуларга, долзарб муаммоларга, янги қабул қилинган ҳужжатларга биринчилардан бўлиб шарҳ бериши, муносабат билдириши билан эътиборни тортди.
Мазкур сайт миллий рейтингда 10-ўринда бўлса-да, унинг янги медиа муҳитда ўзига хос бой тажрибаси бор. Xabar.uz ҳамда gazeta.uz сайтлари ўзининг доимий муаллифларига эга. Чунки уларда муайян воқеага муносабат билдирилади. Бу интернет газеталаримиз фаолиятининг янада кенгайиб бораётганидан далолатдир.
Кўрган эслаб қолса
Айни пайтда, kun.uz, аввало, Ўзбекистон ва жаҳон янгиликлари сайти экани маълум. Бироқ унда чоп этилаётган чуқур таҳлилий мақолалар сони ва салмоғи янада ошса, фойдадан ҳоли бўлмайди.
Визуал материалларни нисбатан кўпроқ беришга интилишда хabar.uz бошқа нашрлардан анча олдинда. Шунингдек, ички қидирув имконияти ҳам бу ерда анча қулай.
Сайтларда мавжуд ўзбек ва рус тилларидан ташқари жаҳондаги етакчи тиллардан, масалан, инглиз тилидаги версияни шакллантириш зарурати бор. Чунки биз фақат тил ва бошқа когнитив воситалар билангина жаҳон медиа маконига кириб боришимиз мумкин.
Таҳлил ва таклиф
“Ўзбекистон” рукнида 2018 йил 19 май куни эълон қилинган хабарнинг “Энди СТИРни ДХМдан олиш мумкин” сарлавҳасида бирданига иккита қисқартма ишлатилган. Бу оддий ўқувчи учун тушунарсиз бўлиши мумкин. Албатта матн билан тўлиқ танишгач, бу қисқартмаларни англаб олса бўлади. Лекин аксарият ҳолларда ўқувчилар мураккаб қисқартмаларни хуш кўрмайди. Ўзбек адабий тили ва хусусан оммавий ахборот воситалари тили табиати қисқартмаларга кўпдан тўғри келавермайди.
Бошқа бир хабарнинг сарлавҳаси нақд тўққизта сўздан иборат: “Бўлғуси қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилини суғурта қилиш механизми такомиллаштирилади”. Ваҳоланки, янгиликлар ва умуман аксарият журналистик жанрлар талабига кўра, яхши сарлавҳа 3-4 сўздан ошмаслиги мақсадга мувофиқ.
11 сўздан иборат “Ҳавайида вулқон отилиши вақтидаги гольф ўйини суратлари интернет аҳлини лол қолдирди” (17 май) сарлавҳаси ҳам ўқувчини қийнаб қўйиши мумкин. Бу ерда бошқа бир ижобий ҳолат ҳам бор – АҚШ штатининг номи “Гавайи” эмас, балки аслидагидек “Ҳавайи” (“Hawaii”) кўринишида бериб тўғри қилинган.
Бироқ худди шунга яқин бошқа бир ҳолатда “Шаҳзода Гарри ва Меган Маркл оила қурди” (19 май) сарлавҳасида исмнинг аслияти яъни “Ҳарри” (“Harry”) эмас, нима учундир унинг русча талқини ишлатилган. Бинобарин, ўзбек тили табиати ва қолаверса, исмнинг оригиналидан келиб чиқиб, уни “Ҳарри” кўринишида бериш ўринли бўлар эди.
Веб нашрлар фойдаланувчилар учун қулай шаклда, рукнлари мантиқан тўғри жойлаштирилган. Навигацияси осон.
Сайтларнинг старт-саҳифаси содда, ялтир-юлтур эмас. Масалан, kun.uz нинг ўз бренд ранги ҳисобланган тўқ кўкдан оқилона, меъёрида фойдаланилган. Саҳифа атрофида, мутахассислар тили билан айтганда, “нафас олиш учун етарли миқдорда ҳаво” қолдирилган.
Сабоқ
Миллий ахборот маконида kun.uz, xabar.uz, gazeta.uz каби янги феноменнинг пайдо бўлиши албатта ўқувчилар аудиториясининг тезкор ва холис хабарларларга бўлган эҳтиёжини том маънода таъминлашга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга халқимизни ўйлантираётган, маҳаллий бошқарув органлари раҳбарлари панжа ортидан қараб келаётган муаммоларни кўтариб, уларнинг ечимини топишда фаол иштирок этмоқда.
Йиллар давомида чет эллик экспертлар ва турли даражадаги оппонентларнинг танқидига учраб, халқаро медиа маконидаги Ўзбекистоннинг имижига салбий таъсир ўтказиб келаётган муаммолардан бири, сир эмаски, мажбурий меҳнат эди.
«Хаbar.uz» сайтининг махсус мухбири Каримберди Тўрамуроднинг катта шов-шувга сабаб бўлган “23 ёшли ўқитувчининг ўлимида ким айбдор?” сарлавҳали мақоласи қатор сайтлар ва ижтимоий тармоқлар орқали кўпчиликнинг эътиборига тушди.
Мақоланинг Kun.uzда берилган версиясини (17 март 2018 йил) қарийб 210 минг киши ўқиди. Унда мутассадди раҳбарлар бу борада ўз ваъдаларида турмагани қаттиқ танқид остига олинди.
Давлатимиз раҳбари 13 апрель куни Сирдарё вилояти Сайҳунобод туманида фаоллар иштирокида ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўча супуришга мажбур бўлаётган ўқитувчилар ва Президент учун ҳозирланаётган кўзбўямачиликлар ҳақида гапирганини биринчилардан бўлиб айнан, кun.uz хабар берди: “Яна бир бора ва сўнгги марта барча раҳбарларни алоҳида огоҳлантираман: бундан буён биронта ҳудудда ўқитувчи, шифокор ёки талаба ободонлаштиришга жалб этилса, жазо жуда қаттиқ бўлади. Ишдан олиш билан бирга ўша раҳбар (қилмиши учун) қонун олдида жавобгар бўлади”.
Давлатимиз раҳбари ишга юксак масъулият, изчиллик, қатъият билан ёндошиш, халқпарварлик борасида яна барчамизга ибрат кўрсатдилар. Кўп ўтмай, Президентимиз ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамасида мамлакатимизда мажбурий меҳнатни тақиқлашга бағишланган катта йиғилиш ўтказилиб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди. Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Миллий журналистикамиз тобора фаоллашиб ва дадиллашиб бормоқда.
Беруний АЛИМОВ,
филология фанлари бўйича фалсафа
доктори, PhD.
“Ҳуррият” газетаси,
2018 йил 13 июнь