2018 йил 28 апрель куни Ўзбекистон Журналистларни қайта тайерлаш маркази, ЮНЕСКО ва Британия элчихонаси ҳамкорлигида пойтахтимиздаги «Севимли» телеканали студиясида «Сифатли ноянгиликлар дастурларини тайёрлаш» мавзуидаги тренингнинг навбатдаги машғулотлари бошланди.
Буюк Британиянинг Би-Би-Си телерадиокорациясининг тажрибали эксперти Жон Белл иштирокидаги айнан шундай машғулотлар 2017-2018 йилларда дастлаб Тошкент ва кейинчалик Наманган шаҳарларида бўлиб ўтган эди.
Уларда ноянгиликлар дастурларини яратиш, хусусан туризм соҳасидаги кўрстувларни ҳар томонлама қизиқарли ва сермазмун қилиб тайёрлаш масаласи бўйича амалий машғулотлар олиб борилган эди. Шунингдек, маданий меърос объектлари, миллий урф-одатлар ва анъаналарни ток-шоу ёки алоҳида ҳужжатли публицистик фильм форматларидатайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Бу галги тренинг иштирокчилари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган кўлларнинг гўзаллиги ва бу ердаги атроф-муҳитнинг экологик муҳити, шунингдек, маҳаллий тоғ қишлоқларида истиқомат қилаётган оддий кишиларнинг кундалик турмуш тарзи ҳақида фильм тайёрлашга астойдил бел боғладилар.
Пойтахтдан 160 километр узоқликда жойлашган Ўрунгоч («ёрқин зумрад тош» маъносини беради) кўллари Угам-Чотқол миллий парки ҳудудида жойлашган бўлиб,улар Ўрунгоч сойининг муздек совуқ ва зумраддек тиниқ ирмоқларидан ҳосил бўлган.
Кўл суви шу қадар шаффофки, унинг чуқурлиги 20 метрдан зиёд бўлса-да, кўл тубида ётган катта-кичик тошларни кафтингизда кўргандек бемалол томоша қилишингиз мумкин.
Бироқ ушбу табиат мўъжизасини тоза сақлаш, кўз қорачиғидек асраш, уни борлигича келажак авлодларга етказиш масаласи долзарб бўлиб қолмоқда.
Халқаро эксперт Ж.Беллнинг фикрича, Ўзбекистондаги бундай ажойиб масканлар бемалол Швейцария ҳудудлари билан беллаша олади. Аммо уларни кенг жаҳон оммасига қизиқарли тарзда кўрсата билиш, бошқача айтганда, «сота билиш» ҳам муҳимдир.
Тренингнинг энг ёш иштирокчиларидан бири Саид Ҳасанов британиялик тажрибали мутахассисдан ҳар гал ўзи учун янги ва фойдали маслаҳатларни олаётганини таъкидлаб, ўзига хос, керакликасб сирларини ўрганаётганлигини айтади. Унинг таъкидлашича, теле-ижодкор учун бу каби тренинглар жуда катта аҳамиятга эга.
Ушбу машғулотлар давомида тайёрланадиган навбатдаги фильм 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишланган байрам тадбирларида намойиш этилиши режалаштирилган.
Беруний Алимов,
ЮНЕСКО Тошкент офиси
Facebook саҳифаси