NOMEN EST OMEN

Глобал коммуникация тармоқлари бугунги даврга келиб ўз эволюциясининг муҳим босқичига кирди. У кишилик цивилизациясининг мисли кўрилмаган алоқа воситасига айланар экан, ҳар қандай жамият вакилининг ҳаётидан чуқурроқ ўрин эгаллай бошлади.

 

Танганинг икки томони бўлгани каби бу жараённинг ҳам ўзига хос ижобий ва салбий томонлари мавжуд. Бироқ, назаримизда иккинчиси сал кўпроқдек. Лекин, келинг, яхши томонидан бошлаймиз.

Оммавий коммуникация тармоқлари биз учун қандай афзалликлар берди?

Санаб ўтамиз:

  • Ахборот алмашинувидаги тезкорликка эришилди;
  • Глобал масштабдаги биз учун муҳим янгиликлардан бевосита хабардор бўлиш имконияти пайдо бўлди;
  • Давлатлар ва турли маданиятлар ўртасидаги чегаралар шаффофлашди;
  • Сунъий ва сиёсий тўсиқлар олиб ташланди;
  • Демократик қадриятлар мустаҳкамланди;
  • Одамларнинг ўзаро мулоқот майдони арзон ва қулай воситаларга, мессенжерлар ва чатларга кўчди.

 

Бир сўз билан айтганда интернет бир жиҳатдан оғиримизни енгил, узоғимизни эса анча яқин қилди.

Орамизда он-лайн давлат хизматларидан фойдаланмаган одам қолмади ҳисоб. Олди-сотти ишларими, солиқ тўлашми, болани боғчага жойлашми, барчасини уйдан чиқмасдан бажарса бўладиган замонларга етиб келдик.

Турли ижтимоий соҳалар, суғурта, соғлиқни сақлаш, транспорт хизматлари, таълим ҳам интернетда фаол. Ҳатто иссиқ овқат ва дори-дармонни ҳам тармоқ воситасида буюртма қилиш янгилик бўлмай қолди.

Мактаблар, университетларда он-лайн кутубхоналар урфга айланмоқда. Онлайн дарс машғултларига ҳам секин-аста кўпроқ эътибор қаратиладиган бўлаяпти.

 

Энди глобал коммуникация эволюциясининг салбий жиҳатларига эътибор қаратсак:

  • Инсон ҳаётида дереализация (виртуализация), интернетга берилиш кучайди, реал ҳаёт муҳимлиги унутилди;
  • Мамлакатлар ўртасида глобал ахборот маконига ҳукмронлик учун кураш бир неча бор ортди;
  • Кишилар онгини эгаллашга интилиш яққол намоён бўла бошлади;
  • Ахборотнинг манипулятив хусусияти ўз-ўзидан кучайди;
  • Одамлар янгиликларнинг шунчаки “қабул қилувчиси” эмас, балки уларнинг “ретранслятори”га, бошқача айтганда, қайта тарқатувчисига айланди.

 

Фикримизча, энг ўнглаш қийин бўлгани – охиргиси. Чунки ўзи тушуниб-тушунмасдан, яхшими-ёмон ахборотни улашиш одати пайдо бўлди. Шунчаки ўқиган матнини бошқаларга тарқатиш, “баҳам кўриш” одамларга завқ бағишлайдиган бўлиб қолди. Энг қизиғи, бунинг учун журналист бўлиш ҳам шарт эмас.

Бир ўйлаб кўринг. Республикамизда эришилган матбуот ва сўз эркинлиги аслида яхшиликка хизмат қилиши керак эмасмиди?

Ёки бўлар-бўлмас, текширилмаган провакацион хабарлар, иғволарни бир-биримизга улашиш, бирон бир идора раҳбарини осонгина халқ душманига айлантириш, даҳшатли “самосуд воқеалари” олинган тасвирларни тарқатиш, бозорчи ёки кўча одамларининг “ўта муҳим” видео мурожаатларини узатиш, бировларнинг шахсий ҳаётини бузиши аниқ бўлган 18+ расмларни ҳеч ҳам таб тортмасдан оммага олиб чиқиш ва ҳоказоларни ўзимиз, ўз қўлларимиз билан қилмаяпмизми?!

Оқибатда ахборот тармоқларида hate speech, яъни нафрат қўзғатувчи ахборотлар бозори чаққонлашиб кетаётгандек.

Инглиз забон мухбирларда бир гап бор: “if it bleeds, it leads” яъни “қонли воқеа билан боғлиқ  хабар биринчи ўринда кетади”. Мақолни янада ўзбекчалаштирсак, “қон оқмаса ҳисобмас” деган маънони беради.

Бундан 3-4 йил олдин журналистлар тегишли ташкилотлар Ахборот хизматлари ишидан нолиб, “булардан ҳеч нарса олиб бўлмайди, лоақал автоҳалокатлар ҳисобитини бериб туришса бўларди”, деб нолишарди. Энди нима бўлди? Ана шу идораларнинг эшикларини катта очиб қўйилди. Нафақат авариялар, балки жиноятчиликнинг турли кўринишлари хусусида маълумотлар расман берилмоқда.

Ҳамкасбларимиз уларни оқизмай-томизмай, “астойдил”, “нафас олмасдан”, “тер тўкиб” ўз янгиликлар каналларида бериб ётишибди. Чунки табиатан одамларга салбий ахборот ёқади. Психологиянинг ўзи қўрқув асосида қурилганидан кейин шу-да.

Журналист эса кўпроқ аудитория йиғмаса бўлмайди. Озгина ва созгина асл ахборотдан қониқадиган, сифатли журналистикани қадрлайдиган ўқувчилар муҳим эмас. Тезрок “энг оммабоп” деган номга эришиб, аудиторияни рекламачиларга пуллаш керак. Ёки таҳририят эмас, одамларнинг “шикоят қутичаси”га айланиб, шу орқали бировларни қўрқитиб, кун кўриш керак.

Агар вақт топиб, бирор бир ҳудуд кесимидаги ана шундай “қонли хабарлар”ни мунтазам ўқишни бошласангиз, орадан ярим йил ўтмасдан фикрингиз ўзгаради-қолади. Айнан ўша жойга нисбатан онгингизда “нотинч туман”, “борса келмас”, “каллакесарлар яшайдиган манзил” деган тасаввур пайдо бўлади.

Кечагидек эсимда, XXI аср кириб келаётганда замондошларимиз қатори камина ҳам роса хурсанд бўлгандим.

Чунки барчамизга яқин бўлган “ахборот асри”га қадам қўяётгандик-да. Бироқ, қарангки, янги юз йилликнинг 19 йили, яъни бор-йўғи бешдан бирини ҳам яшаб бўлмадигу ахборотнинг жиловини қўлдан чиқариб ўтирибмиз.

Одам ахборотни эмас, ахборот одамни бошқарадиган замон келди.

Бу ҳолат кишилик цивилизацияси тарихида бўлгани каби, яъни ўзини ич-ичидан емириб адо қилган “тош асри”, “мис асри” ва ҳоказо асрлардан фарқи қолмаяпти.

Оддий савол туғилади: бу кетишда биз қувониб кутиб олган ўша “ахборот асри”нинг охиригача қандай етиб оламиз?

Ачинарлиси, бир-биримизни эшитишни, тушунишни унутаяпмиз. Ҳамма фақат ўзига қулоқ солиниши, унинг айтганини бошқалар оғишмай қилиши керакдек. Демократик жамият қураяпмиз деймизу, ўзаро ҳурматни, инфо этика деган нарсаларни баъзан эсдан чиқариб қўймоқдамиз.

Ваҳоланки, биз ер юзидаги энг гўзал ва бетакрор мамлакат фуқароларимиз. Шундай экан, ижобий ва салбий ахборот ўртасидаги фарқни билишимиз шарт. Ҳаётдаги айрим ёмонликларни яшириб, яхшиликларни эса ошириб яшасак қандай бўларкин.

Қадимий манбаларда сақланиб қолган римликларнинг бир мақоли бор: “Номен Эст Омен”. Яъни бирор нарсага яхши ном берсангиз, у яхши бўлади. Масалан, энди ўсиб келаётган гулга “сен гулсан, жуда чиройли гулсан”, десангиз, у ҳақиқатан ҳам чиройли гул бўлиб ўсади. Аксинча, “сен илонсан, совуқ илонсан” десангиз, у шундай катта бўлади.

Демак, “Номен Эст Омен”. Хулоса ўзингиздан.

 

Беруний Алимов,

филология фанлари бўйича

фалсафа доктори

 

“Ёшлар овози” газетаси

27.11.20191.