ЖАҲОН МЕДИАМАКОНИДА МАМЛАКАТ ИМИЖИНИ МУСТАҲКАМЛАШНИНГ ИҚТИСОДИЙ-ТАШКИЛИЙ АСОСЛАРИ

Мақолада халқаро медиамаконда Ўзбекистон имижини такомиллаштириш жараёнининг иқтисодий ва ташкилий жиҳатлари кўриб чиқилган. Глобаллашув асрида, тобора кучайиб бораётган рақобат шароитида мамлакат имижи стратегик капитал вазифасини ўтайди. Мазкур капитал давлатнинг халқаро майдондаги геосиёсий мавқеини мустаҳкамлашга, мамлакат ҳавфсизлигини таъминлашга билвосита хизмат қилади. Мамлакат имижи, шунингдек, миллий манфаатларни ҳимоялашга, давлатнинг халқаро ҳамжамиятга интеграциялашуви учун қулай шароит туғдирувчи барқарор психологик муҳитни шакллантиришга кўмаклашади.

В статье рассматриваются экономические и организационные аспекты процесса оптимизации имиджа Узбекистана в международном медиапространстве. В век глобализации, в условиях всё более растущей конкуренции имидж страны обретает содержание стратегического капитала, что, в свою очередь, непосредственно служит укреплению геополитического статуса государства на международной арене, обеспечению его безопасности. Имидж страны также служит защите национальных интересов, созданию устойчивого психологического климата, способствующему более гибкой интеграции государства в международное сообщество.

The present paper addresses the economic and organizational aspects of optimization process of Uzbekistan’s image in the International media space. In the age of globalization, in conditions of growing competition the image of the country acquires the content of the strategic capital, which in turn, directly serves to reinforce the status of the government in the International arena and to ensure its security. The image of the country also serves to protect national interests, to create a stable psychological climate, which facilitates more flexible integration of the state into the international community.

Дунё олимларининг таъкидлашларича, ҳозирги шароитда исталган давлатнинг кучи ва таъсири унинг ахборот маконидаги ўрни билан бевосита боғлиқдир(2, 73). Дарҳақиқат, бугунги ахборот оқимлари исталган жамият бўшлиқларини тўлдира олиш қудратига эга.

Айнан ОАВ орқали давлат манфаатлари ифода этиб борилади, маълум бир халқаро ёки минтақавий масаладаги сиёсий позиция билдирилади, одамларнинг дунёқараши шакллантирилади, давлатнинг медиаимижи яратилади, халқаро муносабатлар мустаҳкамланади, турли блоклар ташкил қилинади, баъзан жиддий қарама-қаршиликлар бартараф этилади.

Айни даврда Ўзбекистондаги массмедиа томонидан республикада қўлга киритилаётган оламшумул ютуқлар тўғрисида бутун жаҳон аҳлига тезкор ахборотлар тарқатишга ҳаракат қилинмокда. Бу жараёнда миллий оммавий коммуникация воситаларининг замонавий технологиялари, хусусан, Интернет ва сунъий йўлдош имкониятлари ишга солинмоқда.

Лекин мавжуд ахборот салоҳиятининг самарадорлигини ошириш, мамлакатнинг жаҳон медиамаконидаги имижини мустаҳкамловчи механизмларни кучайтириш ва бу борадаги ишларни умумлаштириб бориш мақсадга мувофиқ бўлар эди. П.Жукованинг фикрича, “замонавий социумда доимо объектив равишда субъектларнинг мудофаа, хавфсизлик ва имиж шакллантириш соҳасидаги хатти-ҳаракатларини мувофиқлаштириб боришга эҳтиёж туғилади. У, бизнингча, мамлакатда мудофаа ва хавфсизлик соҳалари демократик назорати тизимининг таркибий қисми бўлиши лозим”(3, 55).

Ушбу таърифда халқаро жамоатчилик билан алоқаларнинг муҳим функцияларидан бири – мамлакатнинг миллий хавфсизлигини таъминлаш функциясига алоҳида тўхталиб ўтилган. Лекин, халқаро жамоатчилик билан алоқалар жуда кўп вазифаларни бажаради. Шу туфайли ҳам уни ҳар томонлама ривожлантириш муҳим масала бўлиб қолаверади.

Бугунги кунда Ўзбекистон ўзининг демократия принципларига асосланган эркин фуқаролик жамияти қуриш позициясини мустаҳкам белгилаб олган. Бу йўлда жамоатчилик билан алоқалар феномени бутун халқимизни ягона мақсад атрофида бирлаштирувчи аҳамиятга эга. Айнан ахборот воситасида мамлакатимиздаги жараёнларга ҳар бир фуқарони, бутун халқни жалб этишимиз мумкин.

Афсуски, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳозирча ушбу соҳага етарлича пул ажрата олмайдилар, шу боис соҳанинг асосий қисмини давлат сектори ташкил этади. Давлатимизнинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётидаги муаммоларнинг бирин-кетин ҳал қилиниши бошқа соҳалар қаторида халқаро жамоатчилик билан алоқаларнинг ҳам ривожланишига ва жамият аъзоларининг фуқаролик позицияси яратилишини, ижтимоий фикр оқимининг йўналишини стимулловчи муҳим ижтимоий тарғибот қуролига айланишига умид туғдиради.

Жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантириш бўйича дастлабки қадамлар ташланди. Матбуот хизматлари ташкил этилди, олий таълим берувчи курслар очилди. Мутахассисларимиз PR-технологиялари билан энди-энди танишиб олмоқда, десак, янглишмаган бўламиз. Уларнинг халқаро миқёсдаги амалиётга эга бўлиши учун эса узоқ йиллар талаб қилинади.

Дарҳақиқат, мамлакатнинг медиаимижи – барқарор константа бўлиб, у узоқ йиллар мобайнида жаҳон ҳамжамияти онгида ўрнашиб қолади, унинг характеристикалари ОАВда ҳамда бошқа ахборот манбаларида кенг қўлланади.

Халқаро миқёсда муайян давлатнинг ижобий қиёфасини яратишдан кўзланадиган асосий мақсад ва вазифаларни умумлаштириб, бир неча категорияга бўлиб чиқиш мумкин:

  1. Халқаро миқёсда эътироф ва ишончга сазовор бўлиш.
  2. Ўзининг ички ва ташқи муаммоларини халқаро миқёсга олиб чиқиш.

3.Ихтилофли вазиятларда халқаро ҳуқуқий муносабатларнинг бошқа субъектлари қиёфасида таянч ёки ҳамкорларга эга бўлиш.

4.Жаҳон бозорига чиқиш, ўз маҳсулот ва хизматларининг рақобатбардошлигига эришиш ва, аксинча, импорт сифатини имтиёзли шартларда ошириш.

  1. Халқаро миқёсдаги муаммолар юзасидан ўз позициясини халқаро ҳуқуқий муносабатнинг бошқа субъектларига сингдира олиш.
  2. Мамлакат инфраструктурасини ривожлантириш учун инвестициялар жалб этиш.
  3. Ички ресурслардан максимал даражада фойдаланиш, хусусан, туризмни ривожлантириш.
  4. Халқаро миқёсда муайян мақомга эга бўлиш.
  5. Ички ва ташқи хавфсизликни таъминлаш, ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, маданий ва ахборий хуружларга қаршилик кўрсатиш.
  6. Мамлакат ташқарисида фуқароларининг ҳамда иқтисодий ёки сиёсий манфаатларининг хавфсизлигини таъминлаш.
  7. Ўз маданияти ва идеологияси ҳақида дунёнинг бошқа мамлакатларига ахборот узатиш, бу билан маълум таъсир кучига эга бўлиш.

Юқоридаги вазифалар билан давлатнинг халқаро имижини шакллантириш жараёнининг асосий мақсадли аудиториялари шартланади:

  • халқаро ҳуқуқ манбалари ёки субъектлари бўлган халқаро ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлар (БМТ, ЮНЕСКО);
  • халқаро ихтисослашган ташкилотлар (иқтисодиёт, молия, савдо, маданият, спорт, маориф, касбий фаолият соҳаларида);
  • хорижий давлатларнинг сиёсий элитаси;
  • хорижий инвестор ва акциядорлар;
  • халқаро жамоат ташкилотлари;
  • профессионал қизиқиш доираси шу давлатни ўз ичига оладиган экспертлар ҳамжамияти (молиявий ва тармоқли таҳлилчилар, сиёсатшунослар, жамиятшунослар, иқтисодчилар, журналистлар ва ҳоказо);
  • субъект давлатга боғлиқ қизиқиш ва эҳтиёжларга эга халқаро ҳамжамият вакиллари (бошқа мамлакат фуқаролари), шу жумладан, потенциал ва реал туристлар, шунингдек, умуман хорижий давлатлар аҳолиси.

Давлатнинг халқаро имижини мустаҳкамловчи иқтисодий унсурларга қуйидагиларни киритиш мумкин:

  • эълон қилиб бориладиган статистик кўрсаткичлар, халқаро рейтинглар;
  • ижобий ҳиссиётлар келтириб чиқарувчи брендларнинг қўлланиши;
  • эскпорт қилинаётган товар ва хизматлар, реклама компанияларининг ўтказилиши (мамлакат, корпорация, алоҳида лойиҳалар доирасида);
  • фонд бозорларида тақдим этилган корхоналар ва уларнинг молиявий кўрсаткичлари;
  • илмий ютуқлар, кашфиётлар, илмий мукофот ва жамғармаларнинг ташкил этилиши, халқаро илмий тадбирларнинг ўтказилиши;
  • мамлакат ҳақида туристик қўлланма ва маълумотномаларнинг нашр этилиши;
  • туризм;
  • мамлакатда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий воқеалар;
  • сиёсат, иқтисодиёт, маданият етакчилари, экспертлар, фуқаролик жамияти вакиллари ҳамда улар билан ўтказиладиган интервью ва суҳбатлар орқали шакллантирилади.

Ўзбекистон давлатининг ижобий имижини шакллантиришни фаоллаштириш республиканинг ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатидаги энг муҳим ва долзарб масала ҳисобланади.

Глобаллашув асрида, кучайиб бораётган рақобат шароитида мамлакат имижи стратегик капитал вазифасини ўтайди.

Бу капитал қуйидаги натижаларни қўлга киритишга бевосита таъсир кўрсатади:

– иқтисодни тараққий эттириш;

– янги сармояларни жалб этиш;

– экспорт бозорини кенгайтириш;

– рақобатбардошликни ошириш;

– молия соҳасида ишончли муҳит яратиш ва бошқалар.

Шунингдек, мазкур капитал қуйидагиларга билвосита кўмаклашади:

– жаҳон майдонида давлатнинг геосиёсий мавқеини мустаҳкамлаш;

– мамлакат ҳавфсизлигини таъминлаш;

– миллий манфаатларни ҳимоялаш ва уларни илгари суриш;

-давлатнинг халқаро маконга интеграциялашуви учун қулай шароит туғдирувчи барқарор психологик муҳитни шакллантириш;

– мамлакатнинг жаҳон иқтисодий  муносабатларида муносиб жой эгаллашини таъминлаш;

– жаҳон саҳнасида сиёсий муваффақиятларни мустаҳкамлаш ва ҳоказо.

Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, одатда, мамлакат имижи билан давлат ташкилотлари шуғулланади.

Глобал ахборот ҳамжамияти шаклланаётган, молиявий, сармоявий ҳамда табиий ресурсларга эгалик қилишга уринаётган турли рақобатчи кучлар фаоллашаётган даврда мамлакатнинг ижобий имижини яратиш унинг рақобатбардошлигини таъминловчи энг муҳим воситага айланмоқда.

Ўзбекистоннинг босқичма-босқич ривожланиши, мавжуд банк-молия тизимида барқарорлик ва ишончлиликнинг таъминланиши, иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларнинг муваффақиятли амалга оширилиши, мамлакатнинг модернизация йўлида ташлаётган ҳар бир қадами, умуман олганда, жаҳон жамоатчилиги томонидан кенг эътироф этилмоқда.

Кейинги йиллари Ўзбекистон Республикасининг жаҳон медиамаконидаги имижи ижобий томонга ўзгариб бормоқда. Бунга мамлакатда амалга оширилаётган қуйидаги ишлар асос бўлмоқда:

  • демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш;
  • фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш;
  • аҳолининг турмуш даражасини ошириш;
  • таълим, спорт, соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантириш;
  • ҳаётнинг маданий, гумантар аспектларига кўпроқ эътибор қаратиш ва бошқалар.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоялашга қаратилган либерал ислоҳотлар ҳақида халқаро ҳамжамиятга ахборот етказиш бўйича парламент, давлат бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фондлар ва тадқиқот марказлари, оммавий ахборот воситаларининг ишлари фаоллаштирилди.

Мамлакат имижига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ички ва ташқи хавф-хатарларнинг олдини олиш, жумладан, медиамакондаги уйдирма, нообъектив ахборот оқимларига қарши кураш бўйича муайян тажрибаларга эришилди. Халқаро ҳамжамият, чет эл оммавий ахборот воситалари, нотижорат ташкилотлар ҳамда тадқиқот марказлари билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг демократия йўлидан бораётган, иқтисодий жиҳатдан ривожанаётган суверен давлат сифатидаги қиёфасини шакллантириш мақсадида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Жаҳон медиа маконида Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантиришни янада фаоллаштириш қуйидаги натижаларни беради:

  • мамлакат раҳбарияти томонидан олиб борилаётган ички сиёсат борасидаги устивор йўналишларнинг жаҳон жамоатчилиги томонидан эътироф этилиши;
  • жамиятни модернизациялаш ва иқтисодиётни ислоҳ қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг қўллаб-қувватланиши;
  • мамлакатдаги мавжуд сармовий муҳитнинг муносиб тарзда тан олиниши;
  • ташқи сиёсий, тактик ва стратегик масалалар ечимига хайрихоҳликни ошириш ва ҳоказо.

Умуман олганда, Ўзбекистон ўзининг ижобий имижини шакллантириш учун етарли даражадаги куч ва салоҳиятга эга бўлган мамлакатдир.

Лекин бу борадаги ишларга мавжуд ёндашувни концептуал жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш лозим. Ана шу мақсадда давлат бошқаруви органлари, турли вазирлик ва ташкилотлар, муассасалар Ахборот хизматларининг медиамакондаги мамлакат имижини шакллантиришга йўналтирилган ишларини қайта кўриб чиқиш, уларни баҳолаш, тегишли хулосалар ҳамда тажриба асосида янада фаоллаштириш жоиз.

Айни пайтда ҳанузгача ишлатилмаган заҳиралар ва бир қанча долзарб масалалар борки, улардан фойдаланиш ёки ҳал этиш орқали мамлакат имижини шакллантиришнинг “умум иши” эканлигини кўпчилик томонидан англанишига эришиш мумкин. Чунки аёвсиз рақобат даврида мамлакатнинг ижобий имижи ва брендини кучайтиришга йўналтирилган навбатдаги сифат босқичига чиқиш учун давлат, фуқаролар, ишбилармон доиралар бир ёқадан бош чиқаришлари шарт.

Аввало, ижобий имижни шакллантиришга тизимли ва комплекс ёндашув талаб этилади. Бу соҳада тушунчаларни умумлаштириш, устувор йўналишлар, мақсад ва вазифаларни белгилаб олиш, амалга ошириш усуллари ва шаклларини ишлаб чиқиш керак.

Ана шу ишларни амалиётга татбиқ этиш учун нафақат давлат маблағлари, балки мамлакатдаги етакчи экспертлар ҳамда бизнес доиралар имкониятларидан ҳам кенг фойдаланиш мумкин. Булардан ташқари, фуқаролик жамиятининг барча қатламлари “имиж сиёсати”ни амалга оширишда фаол иштирок этишлари мақсадга мувофиқдир. Бунда мамлакатда тўпланган тажриба ва ўрганилган хорижий манбаларга асосланган ҳолда навбатдаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Яъни,“ягона медиаимиж сиёсати”нинг самарадорлигини ошириш учун давлат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш лозим.

Республикада бу йўналишдаги масалаларни ўз вақтида ва сифатли бажаришга қаратилган ўзига хос ҳуқуқий база яратилган. Мисол учун мазкур соҳада 10та қонун мавжуд бўлиб, булар: “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”(янги таҳрирда), “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”, “Ахборот эркинлиги тамойиллари ва қафолатлари тўғрисида”, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Телекоммуникациялар тўғрисида”, “Ахборотлаштириш тўғрисида” ва бошқалар. Мазкур қонунлар фуқароларнинг сўз ва ахборот эркинлиги, уни олиш, сақлаш ва тарқатиш ҳуқуқи, бу борадаги бошқа тегишли ҳуқуқларини амалга оширишга хизмат қилади.

Мамлакат ҳукумати томонидан мазкур йўналишда бир нечта ҳужжатлар қабул қилинган: Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қарорлари, “2013 йилда Ўзбекистон Республикасининг ахборот-мафкуравий соҳадаги миллий хавфсизлигига таҳдид ва хавфларга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва бошқалар.

Айни пайтда жаҳон медиамаконида Ўзбекистон имижини шакллантириш ва уни мустаҳкамлаш бўйича ишлар турли давлат идоралари, вазирликлар ҳамда ташкилотлар томонидан ўз йўналишидан келиб чиққан ҳолда олиб борилмоқда. Масалан, Ташқи ишлар вазирлигининг Ахборот хизмати ўзига юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, мамлакатда аккредитация қилинган чет эллик мухбирлар билан ҳамкорлик ишларини олиб боради. Бу орқали у хорижий ОАВда Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатининг тўғри, объектив ёритилишини таъминлайди.

Тактик нуқтаи назардан, тегишли ташкилотлар томонидан жаҳон ахборот маконида юзага келган муаммони ҳал этиш ёки содир бўлган хавф таъсирини камайтириш мақсадида зудлик билан чора кўришга ҳаракат қилинади. Жуда кам ҳолатлардагина ташқи танқидга қарши бевосита раддия берилади. Мақсадли ахборий акциялар ташкил этилмайди. Идораларнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари кўпинча миллий ОАВдаги чиқишлар билан кифояланади. Аммо стратегик мақсадга эришиш учун давлат ташкилотлари ўз ишини охиригача етказишлари керак. Мамлакатнинг ички ва ташқи имижини ҳимоялаш тезкорлик, аниқлик ва биргаликдаги ҳаракатларни талаб этади. Акс ҳолда айрим давлатлардаги рақобатчи марказлар ва кучларнинг қўллари баланд келиши мумкин.

Юқоридагилардан ташқари мамлакатнинг ташқи ижобий имижини ривожлантиришга оид дастурлар ва тадбирларни етарли даражада молиялаштирмаслик ҳолатлари кузатилмоқда. Мазкур йўналишдаги харажатлар асосан вазирликлар ва муассасалар томонидан амалга оширилиб, олдиндан келишилган режага бўйсундирилади. Расмий ҳисоботларда “Конференция ўтказилди”, “Давра суҳбати ташкил этилди”, “Наврўз, Мустақиллик ва бошқа миллий байрамлар муносабати билан қабул маросимлари ўтказилди” каби стандарт иборалар билан қайд этиб қўйилади.

Лекин мамлакат имижини шакллантириш бўйича тадбирларга кетадиган ҳаражатлар давлат идораларининг бирон бир ҳужжатида аниқ баён этилмайди. Қолаверса, бугунги кунгача соҳани самарали молиялаштириш масаласи алоҳида тадқиқ этилмаган. Шу сабабдан республика имижини шакллантиришга зарур бўлган ҳаражатларни мутахассислар ҳисоблаб беришлари қийин.

Умуман олганда муаммога концептуал ёндошув талаб этилади. Хусусан:

PR-технология, имижелогия ва брендинг каби йўналишларда миллий кадрларни тайёрлаш масаласига кераклича эътибор қаратилиши;

Хорижий мамлакатлардаги ўзбек диаспоралари билан тизимли ишларни йўлга қўйиш;

Дастурларни молиялаштиришда нафақат давлат балки хусусий сектор имкониятларидан ҳам фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Дарҳақиқат, иқтисодий жиҳатдан Ўзбекистон манфаатларини ҳимоя қиладиган ташкилотлар ва уларнинг раҳбарлари халқаро майдонга чиқишга уринаётган хусусий фирмаларимиз манфаатларини ҳимоялашни билишмайди ёки буни ўзларига эп кўришмайди.

Бундай муносабат миллий ишбилармонларнинг ўз компанияси маҳсулотлари, яъни ўзбек брендларига доир махсус “PR акцияси”ни ўтказишларига ҳалақит беради.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда соҳада қуйидагиларни амалга ошириш таклиф этилади.

Жаҳон медиа маконида Ўзбекистон имижини шакллантириш ва уни ҳимоя қилишнинг ягона давлат стратегиясини (дастури) ишлаб чиқиш, унда хусусан:

мамлакат ички ва ташқи имижининг устивор йўналишлари;

ижобий имижни (кўзланаётган аудиториядан келиб чиқиб) қўллаб-қувватлаш ишларининг шакли, технологик жиҳатлари ва методлари;

молиялаштириш механизми ва манбалардан фойдаланишнинг самарадорлик даражаси мониторинги;

мамлакат имижини таъминлашга йўналтирилган янги илмий-методологик ишлар;

соҳани замон талабларига мос кадрлар билан таъминлаш каби муҳим ва долзарб масалалар акс эттирилиши лозим. Бир сўз билан айтганда, мазкур ҳужжатда ҳукуматнинг ахборот сиёсати аниқ ифода этилиши керак. Қайд этиб ўтиш жоизки, бу каби стратегик ҳужжатлар дунёнинг қатор мамлакатларида ишлаб чиқилган ва улар бугунги кунда амалга оширилмоқда. Хитой Халқ Республикаси, АҚШ, Жанубий Корея Республикаси, Исроил давлати, Россия Федерацияси, Малайзия ва бошқа мамлакатлар, шунингдек, НАТО, Европа Иттифоқи каби халқаро ташкилотлар томонидан бу борада етарли тажрибалар қўлга киритилган. Хусусан, ХХРнинг ташқи сиёсий тарғибот стратегияси қуйидагиларга хизмат қилади: Пекиннинг халқаро майдондаги мақсадларини ахборот манбалари воситасида амалга оширади, мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги билан боғлиқ тарғибот ишларини олиб боради, мамлакатнинг ички ривожланиши учун унга нисбатан ташқи хайрихоҳликни мустаҳкамлайди, давлатнинг ижобий қиёфасини сақлаб қолади. Хитой узоқ ва яқин қўшниларини ўзининг “ҳеч қандай хавф туғдирмайдиган, сиёсий жиҳатдан аслида агрессор эмас, балки тенг ҳуқуқли, ишончли, ҳурмат қилишга арзийдиган катта бир мамлакат” эканлигига ишонтиради. Таъкидлаш ўринлики, ушбу таклиф АҚШ, Россия, ХХР ва бошқа давлатлар тажрибаларига мос келади. Хусусан, Америкада мамлакатнинг ташқи сиёсий образи масалалари билан АҚШ халқаро ривожлантириш агентлиги (ЮСАИД – ингл. United States Agency for International Development, USAID — АҚШ федерал ҳукуматининг мустақил агентлиги. Хорижий давлатларга ҳарбий характерга эга бўлмаган турда ёрдам кўрсатади) тизимли равишда шуғулланади. Унинг таркибига нафақат давлат институтлари, балки нодавлат ташкилотлар, хусусий корпорациялар ва оммавий ахборот воситалари ҳам киради. Халқаро тажриба (АҚШ, Россия) шуни кўрсатадики, жаҳон майдонида давлат нуфузини ошириш ишлари давлат ва нодавлат секторнинг молиявий кўмагига таянади. Ушбу мамлакатлар вазирликлари ва муассасалари бюджетида ижобий имижга сарфланадиган маблағлар миқдори алоҳида кўрсатилади. Моддий ва номоддий манбаларни бир жойга тўплайди, улардан самарали фойдаланади. Ташқи сиёсат билан боғлиқ ташаббусларни қўллаб-қувватлайди ва миллий манфаатларни ҳимоялайди. Бундай муҳим вазифани:

АҚШда Халқаро ривожлантириш агентлиги (ЮСАИД) ва шу каби бошқа ташкилотлар;

Россияда – “Россотрудничество” федерал агентлиги, “Русский мир” жамғармаси, А.Горчаков номидаги жамоатчилик дипломатиясини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва бошқалар;

Кореяда – Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги;

Японияда – Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги муваффақиятли бажариб келмоқдалар.

Юқоридаги тажрибалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон халқаро ҳамкорлик фонди қуйидаги ишларни амалга ошириши мумкин: мамлакат имижи стратегиясини ҳаётга тадбиқ этишга йўналтирилган (асосан давлат бюджети, шунингдек, хусусий сектордан ажратиладиган) маблағлардан унумли фойдаланади; лойиҳаларни режалаштиради ва уларнинг давомийлигини мониторинг қилади. Муҳим жиҳати шундаки, республика имижига сарфланадиган маблағларнинг бир жойда тўпланиши, уларнинг айнан шу борадаги (хорижда ва мамлакатнинг ўзида ўтказилиши мўлжалланган) махсус дастурлар ва лойиҳаларга берилиши тартибини енгиллаштиради.

Фақат ички медиамаконимиз қобиғи доирасида қолиб кетаётган шарҳловчиларнинг суст ҳаракатлари сабабли, Ўзбекистон имижини шакллантириш ишлари асосан давлат органлари зиммасида турибди (вазирлик ва идоралар, “Жаҳон” АА, “Uzbekistan today” газетаси ва бошқалар).

Шу билан бирга мамлакат имижини ривожлантиришда иқтисодий доиралар вакилларини қуйидаги лойиҳаларга жалб этиш яхши натижа беради. “Made in Uzbekistan”, “Doing business in Uzbekistan” мавзуларида тижорий каталоглар тайёрлаш, бизнес ва PR-форумлар ташкил этиш; бу борада хориж тажрибасини республика шароитига мослаштириш ва уларни татбиқ этиш…

Президент Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ахборот соҳасини ислоҳ этиш, унинг тараққиёт стратегиясини белгилаб беришда янги босқич бўлди.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан ўтказилаётган ўттизга яқин ижодий лойиҳалар, танловлар ҳам ушбу мақсадга хизмат қилмоқда.

Умуман олганда, мамлакатда медиатизимни равнақ топтиришга оид миллий қонунчиликнинг тобора такомиллашиб бораётгани оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароит ва омиллар яратиш, шу аснода медиатузилмаларнинг мустақиллигини таъминлаш, ахборот соҳасини ривожлантиришда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоат назоратини ўрнатиш борасида уларнинг ролини ошириш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўйлаймизки, юқорида қайд этилган илмий-назарий таклифларни амалга татбиқ этиш халқаро ҳамжамиятда:

  • миллий манфаатларни илгари суриш;
  • мамлакатнинг геосиёсий нуфузини ҳимоя қилиш;
  • ташқи рақобатбардошлик муҳитини мустаҳкамлаш;
  • дунё сиёсий саҳнасидаги ролни кенгайтиришга кўмаклашади.

Хуллас, жаҳон медиамаконида Ўзбекистон имижини шакллантириш ва яхшилаш бўйича олиб бориладиган кенг қамровли ишлар ўз самарадорлигини бир неча бор оширади. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР 

  1. Каримов И.А. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси. –Т.: Ўзбекистон, 2010.
  2. Василенко И.А. Геополитика современного мира. – М., 2006.
  3. Жукова П. Имидж России и её безопасность: диалектика взаимосвязи. // Власть. 2010,№02.
  4. Anholt, Simon (2010-01-23). Places: Identity, Image and Reputation. Palgrave Macmillan.