Техас 24 йилдан сўнг…

Одамлар қизиқ-да. Ҳамма нарсани ўз қаричи билан ўлчайди.

Бу йил ёзда Тошкентда ўтказилган халқаро конференцияда америкалик бир профессор билан гаплашиб қолгандим.

Мен унга – “АҚШга икки марта борганман. Биринчи марта 24 йил олдин, иккинчи марта эса 19 йил олдин”, десам у жиддий оҳангда, – “оҳ-ҳооо, ўтган давр ичида Америка анча ривожланиб кетди. Ҳозир борсангиз уни танимай қоласиз”, – деган эди. Кулдим: – “чамамда мамлакатингиз ўшанда ҳам ёмон ривожланмаганди”.

Хуллас, самолётимиз Техас штати пойтахти Остин шаҳрига келиб қўнди. Бироз  чарчаганимизни, йўлда ўтказилган деярли 40 соатни эътиборга олмаганда ҳаммаси жойида эди.

Айтмоқчи, самолётда учиш жараёнини жуда яхши кўраман. Уч марта алмаштирганимиз – учоқлардаги жами 19 соат вақтни ниҳоятда яхши, аъло кайфият билан ўтказдим. Қани эди, Тошкентдан учиб, бутун дунё мамлкатларини айланиб, яна Тошкентга қўнадиган рейс бўлса. Биринчи йўловчи ўзим бўлардим…

Биласизми, маҳаллий аҳолининг қайси жиҳати менга кўпроқ ёқади? Кўчада умуман нотаниш одам ҳам сизга табассум билан қарайди ва салом беради. Сал қолса саволлар беришдан ҳам тортинишмайди. Қаердан келдингиз? Яна қанча бу ерда бўласиз? Техас сизга ёқаяптими?

Шундай қилиб, Марказий Осиё мамлакатлари журналистларидан жами талабгор 150 кишидан – омадли 10 киши ўқишларимизни бошлаб юбордик.

Дастлабки 2 кун давомида умумий маърузаларни тингладик. Техас халқаро таълим консорцими ва Остиндаги Техас университети журналистика факультетида етакчи олимлар, медиа экспертлар ва таниқли мухбирлар АҚШдаги оммавий ахборот воситалари, бугунги кунда уларни қийнаётган муааммолар, уларни ҳал этишга бўлган уринишлар ҳақидаги гапириб беришди.

Кейин дастуримиз бўйича амалиёт ўташ учун таҳририятларга бўлиниб кетдик. Мен ўзимининг собиқ талабам, айни пайтдаги ҳамкасбим Анастасия Эм билан Сан Антонио шаҳрига кетдик.

Таҳририят биз қўнган “Стейбриж” меҳмонасининг шундай биқинида жойлашган экан. Эрталаб, ётоғимиз эшигидан ишхона томонга қараб туриб, қаттиқроқ сакрасангиз тамом. Ньюзрумда ўтирган бўласиз.

The Rivard Report нотижорат янгиликлар сайти –https://therivardreport.com/да бош муҳаррир Роберт Ривард бошчилигида амалиётни тезда бошлаб юбордик.

Тадқиқотимиз учун анча материал тўпладим. Шу таҳририят мисолида биринчи онлайн маърузамни ёзиб, YouTube га жойлаштирдим.

Мавзу: Ҳудуд имижини оширишда янги форматдаги ОАВнинг роли.

(АҚШ Техас штати Сан Антонио шаҳридаги https://therivardreport.com/  янгиликлар сайти мисолида).

Бу ҳақда Ўзбекистондаги талабаларимга айтдим:

Бундан ташқари америкалик мутахассислардан тадқиқот интервьюларини олаяпман.

Айтмоқчи, келишимиз билан таҳририятдаги бепул Wi-Fi – “меҳмонлар” эмас, “ходимлар” версиясига улаб қўйишди.

Энг қизиғи, ўша куннинг ўзидаёқ Скот исмли техник ходим ва фото-муҳаррир бизни таҳририят мухбирларининг ички тармоғи  – Slack’ка улади.

Ушбу тармоқда The Rivard Report учун тайёрланаётган ҳар бир мақоланинг муҳокамасини бевосита кузатиш ва фикр билдириш мумкин. Жуда қулай восита.

Бизда кўп таҳририятлар шундай ички “тизим”ни Телеграм орқали ўрнатишган. Ҳақиқатан ҳам бу осон ва қулай коммуникация усули. Ҳамма гаплар ўша ерда гаплашилади.

Ортиқча мажлисбозлик йўқ. Мана келганимизга 10 кундан ҳам ошдики, “летучка” кўрмадик.

Эшитишимизча, баъзан директорлар кенгаши аъзоларининг учрашуви бўлиб тураркан холос.

Хуллас, 17 кишидан иборат таҳририят аъзолари бир-бири билан жуда аҳил. Бош муҳаррир мухбирларнинг оиласи, болалари, турадиган уй манзилларигача яхши билар экан.

Шу сабабли бўлса керак, биз чет эллик мухбирлар амалиётга эмас, балки оилавий меҳмонга келгандек бўлдик.

Нима бўлганда ҳам америкаликлар барибир ғалати халқ.

Айрим таҳририятларда иш куни тонги 6.00-7.00да бошланаркан.

Телеканаллардагилар эса сахардан ҳам сал олдинроқ – 3-4ларда ишга келишаркан.

Соат 15.00-16.00да ҳеч бир жойда одамнинг қорасини кўрмайсиз.

Ҳатто баъзи ходимлар ҳафтада уч кун дам олишаркан: жума, шанба ва якшанба кунлари.

Асосий мақсад – иш самарадорлигини ошириш ҳамда одамларнинг ўзи ва оиласи учун кўпроқ вақт қолдириш.

Таҳририятдаги кундалик амалиёт ишлари билан бир қаторда 3та шаҳарда –Остин, Сан Маркос ва Сан Антониодаги Техас университетининг журналистика факультетларига бориб маърузалар тингладик.

Шунингдек, талабалар ва профессор-ўқитувчилар билан суҳбатлашдик. Мақолалар, китоблар билан алмашдик.

Бу ердаги илмий раҳбарим, профессор Жуян Жанг билан ҳам бир пасда келишиб кетдик. Домлам жуда очиқ, меҳрибон одам экан.

Айтсам ишонмайсиз. Худди олдиндан келишиб қўйилганидек – ҳар иккаламизнинг ҳам тадқиқот мавзуларимиз бир-бирига яқин экан.

Профессор кўпроқ халқ дипломатияси мавзуи бўйича ишлаган. Шунингдек, Америка ОАВда Хитойнинг имижини ўрганган.

Камина эса, хабарингиз бор, жаҳон медиа маконида Ўзбекистон имижи масаласи бўйича тадққиқот олиб бораман.

Хуллас, “ягона юлдуз” (lone star state) номини олган Техаснинг бундан 24 йил олдингига нисбатан “таниб бўлмас даражада ривожланиб кетгани”ни кўрмадим.

У олдин қандай ривожланган бўлса, ҳозир ҳам шундай.

Муҳими, жануб одамларига хос меҳмондўстлик уларни умуман тарк этмаган.

Беруний Алимов

Сан Антонио, Техас.

21.10.2019й.