ЗАМОНАВИЙ МЕДИА МУҲИТДА МАМЛАКАТ ИМИЖИНИНГ КОГНИТИВ АСПЕКТЛАРИ

Когнитив сўзи инглизча (лотин) “cognize”  сўзидан олинган бўлиб, у билмоқ, англамоқ, тушунмоқ ва фикрламоқ ёки “cognition”– билиш, тушиниш каби маъноларни беради. Ўз ўрнида билиш фаолияти инсоннинг воқеликни бевосита сезиши, ҳис этиши билан боғлиқ ҳодисадир.

Тадқиқотчи З.Асланов фикрига кўра, сезги идроки тафаккурда воқеликнинг ушбу парчаси рамзининг шаклланиши учун замин тайёрлайди. Шу боисдан, ўйлаймизки, замонавий медиа муҳитда ҳудуд рамзи, унинг имижига даҳлдор воқеликни идрок этиш жараёнида билиш фаолияти ижрочиси, яъни субъекти ва ушбу фаолият объектининг ўзаро қарама-қаршилигига асосланган “субъект-объект муносабати” пайдо бўлади.

Когнитивликнинг негизига эътибор қаратилса, у фақат фалсафадаги билиш назарияси билан чекланмайди. Бугунги даврда когнитивлик АКТда – роботлаштириш ва сунъий онгни шакллантириш, мудофаа ва хавфсизликда – когнитив технологияларнинг татбиқ этилиши, тиббиётда – фармацевтика, психотерапия ва нейровизуализация ва яна бошқа бир нечта соҳаларга бевосита кириб бормоқда. Назаримизда, яқин 10-15 йилда когнитив технологияларнинг жорий қилинмаган жабҳанинг ўзи қолмайди.

Ўз ўрнида мамлакат имижи образ, ҳудуд ҳақида кишилар онгида шаклланадиган тасаввур билан боғлиқ бўлганлиги учун когнитивликнинг аҳамияти жуда катта. Чунки бу ҳодиса оммавий ахборот воситаларининг асосий қуроли бўлган тил имкониятлари ва ундан фойдаланиш орқали жуда яққол намоён бўлади. У тилни тафаккур, яъни онг билан боғлаб, унинг ҳосил бўлишидаги психологик, биологик ва нейрофизиологик  жиҳатларнинг ижтимоий, маданий ва лисоний ҳодисалар билан узвий алоқасини чуқур илмий тадқиқ этади. Олимларнинг эътирофича, когнитив тилшунослик бу жиҳатдан психолингвистика, антрополингвистика, этнолингвистика, социолингвистика каби турли кичик тармоқларга бўлинади.

Эътиборли жиҳати шундаки, тил имкониятлари имиж билан боғлиқ коммуникация жараёнлари, яъни PR, реклама ва журналистик амалиётида беқиёс ўринга эга. Шу ўринда В.Таранов қайд этганидек, одамлар тасаввуридаги ҳар қандай ҳудуд имижи асосан ОАВ тарқатган хабарлар асосида шаклланади.

Хорижий ва миллий оммавий ахборот воситаларида мамлакатимизнинг янги қиёфаси, унинг образи, имижини шакллантиришга қаратилган хилма-хил мақола, шарҳ, суҳбат ва ҳоказо матубот материалларини атрофлича ўрганиш, тадқиқ ва таҳлил қилиш ҳам ижтимоий-сиёсий, ҳам маънавий-маърифий, ҳам миллий-психологик жиҳатлардан алоҳида аҳамиятга эгадир. Бироқ, психологиядан яхши маълумки, одамлар салбий ахборотни қизиқиш билан ва тезроқ қабул қиладилар, ижобий ахборотга эса нисбатан эътиборсиз муносабатда бўладилар.

Т.Глушкова ҳамда О.Зайцева билдирган фикрга кўра, объектнинг медиа образини яратишда стереотип ва фрейм каби когнитив структуралардан фойдаланиш мақсадга муофиқдир. Стереотип дефинициясига таъриф берадиган бўлсак, у бирон бир нарса, предмет ёки бизнинг ҳолатимизда мамлакат образи билан боғлиқ барқарор, соддалаштирилган, схематик тушунчани ўз ичига олади. Фрейм эса – аниқ бир маъно юзасидан ўзаро бирлашиб кетадиган семантик муносабатлардан ташкил топади.

Шуниси аниқки, бир давлатнинг бошқа давлат томонидан яратилган имижи жаҳон ҳамжамияти ва ушбу давлат фуқароларининг муносабатига катта таъсир кўрсатади. Айниқса, қудратли ахборот технологияларига эга ташқи кучлар томонидан ташкил этиладиган ахборий ҳуруж катта хавф туғдиради. Зеро, у нафақат жаҳон ҳамжамиятига, балки ахборот билан таъминланиши заиф йўлга қўйилган (техника ва технологияларнинг ривожланмаганлиги; ахборотнинг ёпиқлиги; цензуранинг мавжудлиги туфайли) мамлакат жамоатчилиги ичида ҳам психологик бўҳрон келтириб чиқариши мумкин. Шу боис ҳам давлатнинг ижобий имижини яратишда муайян конструкт, қонун-қоидалар бўлиши лозим.

Азал-азалдан дунё саҳнида бир-бирларига турли кўринишда – гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона қарама-қарши кайфиятида бўлиб келган давлатлар Интернет ва ахборот мўъжизасидан мутлақо янги жанг майдонларини бунёд этмоқдалар. Ачинарлиси, эзгулик учун хизмат қиладиган журналистикани, оммавий ахборот воситаларини ўша жанг майдонларининг жангчиларига айлантирмоқдалар. Кўплаб давлатлар ахборот урушига ҳозирликни бошлаб юборишган. Шу мақсадда беҳисоб маблағлар сафарбар этилмоқда. Ахборот уруши учун анъанавий чегараларни бузиб ўтиш шарт эмас, қолаверса, бу урушда одамларга қирғин келтирилмайди, балки телекоммуникация, ОАВ тизимлари “ҳамкорлиги”да кенг омманинг дунёқарашларига зуғум ўтказилади.

Медиа имиж аслида қиёфа, образ билан боғлиқ. Лекин, шунга қарамай, у оммавий онгнинг руҳий ориентациясига мувофиқ бўлган қонунларга бўйсунади. Глобаллашган ахборот майдонида руҳий-информацион таъсир воситаларини тўлиқ чеклаш ёки назорат қилиш имконсиздир. Демократик бошқарув, фикрлар хилма-хиллиги бунга йўл қўймайди.

Эътиборли томони шундаки, бу сингари тизимларни қудратли давлатлардан ташқари ҳеч бир давлат ёки марказлар чеклаш ёки назорат қилиш имконига эга бўлмайди. “Аслида, – деб ёзади ўзбек публицисти Ж.Мелиқулов, – бунинг ортида Ғарб қадриятлари ва қолипларига мосланган ғояларни бутун дунёга жорий этиш ва шу орқали ўз таъсир доирасини кенгайтириш истаги ётади. Мақсад эса онгни экспорт қилиш”.

Шу сабаб тарқатилаётган ҳар бир ахборот қайта-қайта текширилган, ишланган бўлиши керак. Халқона тил имкониятлари, турфа иборалардан кенг ва эмин-эркин фойдаланиш ҳам аҳамиятлидир. Ўрни билан халқ мақоллари, нақллари, идеомаларидан самарали фойдаланиш, эҳтирос билан битилган сўзлар аудитория билан ўртада самимий кайфият ва психологик муҳитни келтириб чиқаради.

Медиатехнологиялар ёрдамида турли миллат ва мамлакатлар вакилларининг ахборотни қабул қилиш психологиясига алоҳида аҳамият берилади. Натижада ОАВ каналларида узатиладиган журналистик материаллар орқали кишилар онгига бевосита кириб борилади. Албатта бу ўз-ўзидан амалга ошадиган жараён эмас. Унда қарама-қаршиликлар ва курашлар содир бўлади. Лекин мутахассислар В. Абатуров ва Ю.Наумова ибораси билан айтганда “жанг майдонида қўлда автомат билан тургандан кўра, эфирда микрофон билан турган афзалдир”.

Замонавий медиа муҳитдаги мамлакат имижининг когнитивлик хусусиятлари ҳақида сўз кетар экан, жамият аъзоларидаги ижтимоий-психологик кайфият ва унга таъсирнинг аҳамиятини ҳам четлаб ўтиш мумкин эмас. Шу сабабдан ижобий психологик фон ёрдамида чет элликларнинг мамлакатимизга бўлган ишончини янада ошириш режаларини ишлаб чиқиш тавсия этилади. Бунда ўзбек жамиятида қўлга киритилаётган ютуқлар ҳақидаги энг муҳим ва батафсил маълумотлар берувчи материалларни танлаб олиш ва уларни ОАВ орқали мунтазам равишда узатиш йўлга қўйилмоғи керак.

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. З.Арслонов. Когнитив тилшунослик ҳақида қисқача. http://arslonov.blogspot.com/2012/01/blog-post_12.html
  2. Taranov V. Tradicionnye i novye media v regional’nom imidzhmejkinge v informacionnom setevom obshchestve. http://izvestia.asu.ru/2010/4-1/pols/TheNewsOfASU-2010-4-1-pols-06.pdf.
  3. Т.Глушкова. О.Зайцева Медиаобраз как инструмент создания территориального имиджа: когнитивный аспект. https://cyberleninka.ru/article/n/mediaobraz-kak-instrument-sozdaniya-territorialnogo-imidzha-kognitivnyy-aspekt
  4. Абатуров В. Наумова Ю. Медиатехнологии в имидже государства. // Экономическое обозрение. 2003, №6. – С.37.
  5. Қаранг: эл. манба. NEWSru.com, 31.01.2008.
  6. Ж.Мелиқулов. Импортлашаётган онг ёхуд глобаллашаётган дунё муаммолари. // Ўзбекистон адабиёти ва санъати. 2006 йил, 1 декабрь. 48-сон (3877), 2-бет.

Беруний Алимов, 

филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).