Журналистик таълим ислоҳотига янги чизгилар

2017 йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Журналистика ва оммавий коммуникация университетини тузиш ҳақидаги ташаббуси юртимиздаги журналистик таълим соҳасидаги тарихий бурилишнинг дебочаси бўлди. Ушбу янгилик соҳада ўз ечимини кутаётган талай муаммоларга барҳам бериш билан бирга журналистиканинг ўзини сифат ва мазмун жиҳатидан бир неча поғона юксакка олиб чиқиши кўнгилларга умид бағишлади. Шу соҳа вакили сифатида янги тузилажак университетнинг мутахассисликлари, таълим шакллари ва услуби, ўқув жараёнига боғлиқ айрим фикрларимни билдиришни лозим топдим. 

Мурожаатномада белгиланган вазифаларнинг ижроси бўйича ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникация воситалари университети фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга кўра Журналистика ва оммавий коммуникация университети 4 факультетдан ташкил топиши белгиланди:

1. Матбуот;
2. Теле- ва радиоэшиттиришлар;
3. Интернет журналистикаси ва ижтимоий тармоқлар;
4. Жамоатчилик билан алоқалар.

Факультетларнинг журналистика ихтисосликларига кўра бўлиниши бир томондан соҳамиз бўйича чуқур ихтисосликка эга мутахассисларни тайёрланишига асос бўлса, иккинчи томондан ўқув жараёнининг ишлаб чиқаришга яқинлашувига олиб келади.

Хўш, кўрсатиб ўтилган ислоҳотлар қандай ва қайси йўналишларда бўлиб ўтиши лозимлигини мулоҳаза қилиб кўрайлик.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳа мутасаддиларига қўяётган топшириқларидан келиб чиққан ҳолда ҳамда юртимизнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий-маданий ва туризм салоҳиятини ошириш йўлида мамлакатимизда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситаларининг чет эллардаги мухбирлик пунктларини ташкиллаштириш алоҳида аҳамият касб этади. Чунки давлатимизнинг турли соҳаларда мавжуд бой имкониятларини хорижий мамлакатларда кенг тарғиб ва ташвиқ қилиш баробарида у ердан Ўзбекистонга келаётган туристлар оқимини кўпайтириш анчайин долзарб масала. Янги тузилажак мухбирлик пунктларида фаолиятини юритадиган журналистлар айни пайтда чет элларда аҳамиятга молик бўлган хабар ва янгиликларни узлуксиз ва тўғридан тўғри юртимизга етказиб беришдан ташқари ўша мамлакатлардаги нашр, теле- ва радио, Интернет тизимларида Ўзбекистон ҳаётидаги ўзгариш ва ислоҳотлар билан чет эллик ҳамкорларимизни таништириш, уларда юртимизга келиб, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, йилнинг тўрт фасли ўзида мужассам бўлган иқлим шароитларини ўз кўзи билан кўриш истагини уйғотишдан иборат бўлиши керак.

Бунинг учун чет элдаги муқобил ОАВси билан тўғридан тўғри муносабат ўрнатиш, ўша мамлакатларда ишлаб ва ўқиб юрган юртдошларимизда Ватан меҳри ва ватанпарварлик ҳисларини кучайтириш мақсадида улар билан алоқаларни йўлга қўйиш, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган товар ва хизматларни реклама қилиш лозим бўлади. Бир тасаввур қилайлик, “Ўзбекистон” лейбел(label)b туширилган биттагина микрофоннинг ўзи бизни миллат сифатида нечоғли дунёга, инсонларга танитишини, айрим таассуротларни ўзгартиришини. Ёки хориждан ичкарига тўғридан тўғри бериладиган лавҳалар миллий ОАВнинг мавқеини оддий инсонлар кўз ўнгида нақадар ошишига олиб келишини.

Агар шуларни инобатга олсак, хорижий давлатларда мухбирлик пунктларини очишга йўналтириладиган сарф-ҳаражатлар(мухбирлик пункти жойлашган бино, техника таъминоти, мухбирлар маоши, уй-жой масалалари ва б.) ўзини тўлиқ оқлайди, деб ҳисоблаш мумкин. Ушбу ислоҳотнинг таълим жараёнига таъсири эса оламшумул даражада. Талабаларни хорижий мухбирлик пунктида ишлаш учун тайёрлайдиган олий таълим муассасаси ҳам энди шунга кўра кадрлар танлайди, таълим жараёнини ташкил этади, натижада Президентимиз назарда тутган юксак илмли, маҳоратли журналистлар синфи вужудга келади.

Тадқиқотчи Беруний Алимов “Ўзбекистон матбуоти” журналининг 2018 йил февраль сонида эълон қилган “Ахборот — янги нефть” мақоласида янги тузиладиган университетнинг йўналишлари, мутахассисликлари, дарс берадиган кадрлар танлови, ихтисослашув ва амалиёт уйғунлиги, моддий-техник таъминоти, дарс берувчи педагог-кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, талабаларни иш ўрганиш учун хорижга юбориш, чет элдаги турдош олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиш каби масалаларга атрофлича тўхталиб, илғор таклифларни илгари суради. (Айниқса, чет тилини ўрганаётган талаба шу тилда сўзлашувчи мамлакатлар бўйича ҳам ихтисослашиши учун хорижга ўқишга ва стажировкага жўнатилиши ҳақидаги таклифлари ғоят долзарб амалий аҳамиятга эга.) Биз уларни такрорламаган ҳолда таълим жараёнига оид айрим фикрларни ҳам билдирмоқчимиз.

Шу кунгача мамалакатимиздаги журналист кадрларни тайёрлайдиган олий таълим муассасалари ўз талабаларини ишлаб чиқариш жараёнига матбуотга, телевидение, радиоканалларга, ахборот агентликларига биринчи курсданоқ амалиётга юборади. Ўқув соатларида акс этган амалиёт соатлари ўз мевасини бермай қолмади, албатта. Кўплаб талабалар шу орқали турли ОАВда ўзларини синаб кўришди, ишга киришди, ўз ўринларини топишди. Аммо ишлаб чиқариш жараёни журналистика факультетлари, таълим жараёни билан бевосита боғланмаган.

Ҳар бир ОАВ махсус Интернет каналлари орқали факультетдаги ижодий маҳорат фанлари профессор-ўқитувчилари билан боғланиб, икки томонлама самарадорликка эришиши мумкин. Масалан, янгиликлар журналистикаси, таҳлилий журналистика ёки бадиий-публицистик жанрларни ўқитилаётган пайтда, газета, теле- ёки радиоканаллар, онлайн ОАВдан куннинг муҳим масаласига доир топшириқлар олиб, талабаларга мавзу сифатида бўлиб бериш керак. Талаба уни ўқитувчиси билан ёзиб, таҳрир қилиб тайёр материални таҳририятга жўнатади. Бундан ҳам талаба, ҳам университет, ҳам ОАВ бирдек манфаатдор эканини таъкидлаш зарур. Ёки техника билан боғлиқ кечадиган телерадиоканаллардаги ижодий жараён учун Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида(ҳам телевидение, ҳам Радио уйида) университет учун алоҳида керакли ўқув асбоб-анжомлари ҳамда техника ускуналари билан таъминланган ижод хонаси ажратиш ўринли бўлар эди.

Шу ўринда яна бир муҳим масалани кўпчилик номидан ўртага ташламоқчиман: журналистика худди тиббиёт каби амалиёт ичида яшайдиган соҳа. Журналистика ва оммавий коммуникация университети ҳам ўзининг потенциал иш берувчи ташкилотларига яқин бўлиши учун шаҳарнинг марказий қисмида жойлашиши лозим. Талабалар матбуотчилар уйи, телевидение, радио биноларига тез фурсатда етиб боришлари ва керак бўлса, оператив материал тайёрлашда қийналмасликлари лозим. Ташкил этиладиган мини радио-, телестудиялардаги кўрсатув, эшиттиришларга соҳа мутахассисларини кенгроқ жалб қилишда ҳам ўқув биноси билан йирик ОАВ идорасининг масофавий яқинроқ бўлиши катта аҳамиятга эга.

Журналистика амалиёти назариясидан ҳамиша олдинда юрадиган соҳа эканини кўп гапирганмиз. Шундай экан, янги очиладиган университетда таълимнинг кредит тизимини жорий қилган маъқул. Бу тизимга АҚШ, Европа мамлакатларидаги олий таълим муассасаларида амал қилиб келинади, Марказий Осиё давлатларидан Қозиғистон ҳам 2002 йили шу тизимга ўтди. Унинг афзаллиги шундаки, талабанинг ўзи индивидуал тарзда танлаган соҳаси бўйича предметларни саралаб ўқиш имконига эга бўлади. Албатта, журналистика асосини ташкил этадиган фундаментал фанлар мажбурий ўқитилади. Лекин замон талаби билан вужудга келаётган фанларни танлов фанлар сифатида ўқув жараёнига татбиқ этиш мумкин бўлади. Булар, копирайтинг, рерайтинг, скриптрайтинг, спичрайтинг, маълумотлар(дата) журналистикаси кабилар; сиёсатшунослик, иқтисодиёт, маданиятшунослик, ҳуқуқшунослик, жамиятшунослик, экология, адабиётшунослик каби фанлар эса айнан журналистика учун маълум йўналишларда ихтисослаштирилиб ўқитилиши зарур. Масалан, муаллифлик ҳуқуқи журналистиканинг ҳуқуқий асосларининг ичида эмас, зарур ҳолларда алоҳида фан сифатида ҳам ўқитилиши мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, миллий ОАВда энг кам учрайдиган, жамиятда эса катта эҳтиёж сезиладиган соҳа мавжуд, бу–журналистик суриштирув соҳаси. Уни биргина таҳлилий журналистика фани доирасида ўрганиб бўлмайди. Чет элларда журналистик суриштириб олиб борадиган бюролар, агентликлар жадал фаолият олиб боришади. Уларда профессионал журналистлар, ҳуқуқшунослар бюртма асосида ишлаб, яхши даромад ҳам топишади. Биз ҳам журналистлар учун ана шундай янги қўриқ очиш учун таълим жараёнида асос яратиб беришимиз керак. Назаримда, бунинг учун хориждан соҳа билимдонларини таклиф қилиш яхши самара беради.

Дилноза Умарова, 

ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети ўқитувчиси