Журналистика активизм эмас!

Лекин уларнинг ҳар иккаласи ҳам ривожланиши керак.
Нега дейсизми?
Ўзимизнинг қора кўзлар учун, тараққиқёт учун керак бу.
Шу сабабдан оддий матбуот анжуманининг бугунгидек даҳанаки жангга айланиб кетганини тўғри қабул қиламан.
Назариячи олимлар ОАВ вакиллари учун ташкил этиладиган навбатчи тадбирлар қаторида матбуот анжумани, брифинг ва пресс-тур кабиларни қайд этишади.
Нима бўлди? Замон шунчалик ўзгардимикан?
Миллий медиа маконда бўй кўрсатаётган реал акторларнинг ҳозирги палитрасини инобатга олсак, олдинги форматлар анча эскирибди.
Кўникиш қийинроқ.
Лекин шунчаки эшитганим, кўрганимни айтаман, холос.
Бири ҳамма биладиган таниқли журналист. Бири машҳурликнинг энг чўққисида ўтирган блогер. Яна бири номдор ҳақбон. Бири эса адвокат. Яна бири активист. Бири ўзини “шунчаки жамият аъзосиман”, дейди.
Бекитмайман, орада тренинглар билан овора бўлиб ҳозирги матбуот анжумани қандай бўлиши, унинг иштирокчиларию реал шаклу шамойили ўзгариб кетганини унчалик сезмай қолибман.
Олий суд деган ташкилотнинг дарвозасидан бугун биринчи марта киришим.
Унчалик катта бўлмаса-да, бу ердаги озодагарчилик ёқди.
Ҳатто ҳовлида қор тозалаб юрган йигитларнинг каминага салом беришлари бироз эриш туюлса-да, уни тўғри қабул қилишга ҳаракат қилдим.
Ичкарига киришим билан ҳам мулозамат тугамади.
Пальто ечадиган гардеробдан тортиб, қўл ювадиган жойгача кўрсатишди, барака топгирлар.
Анжуманлар залига ўзимча гердайиб кириб келдим.
У ер, тўғриси, мен кутгандан анча ёруғ экан.
Қизиғи, ташқарида қор бўлса-да, деярли ҳамма иштирокчилар ўз вақтида етиб келди (ўзбекнинг тўйидан фарқли ўлароқ).
Энг муҳими нима экан дейсизми?
Анча ўткир, очиқ, дадил-дадил саволлар қулоққа чалина бошланди.
Жавоблар ҳам чакки бўлмади, ҳаяжонни инобатга олмаганда.
Хуллас, бугун бошқача бир матбуот анжуманига гувоҳ бўлдим.
Журналистлар кўпроқ таҳлилий саволлар беришса, блогерлар аниқ кейслар бўйича мот қилишга уриниб кўришди. Адвокатлар саволида эса ўзлари шахсан олиб бораётган ишлардан бошқа нарса кўрмадим. Ҳақбонлар овозларини баланд-баланд кўтариб, нималарнидир талаб қилишди.
Лекин айтадиганим аниқ.
Ҳурматли журналист ва блогерлар, ҳозирги дадиллигингизни ҳеч қачон йўқотманг.
Майли, кимдир журналист ва яна кимдир активист позициясидан бораяпти.
Буни яхши тушунаман.
Аслида бугунгидек тадбирда бир-бирингизга навбат бермасдан, регламентни четга суриб қўйиб, аччиқ-аччиқ савол бера олганингизнинг ўзи катта гап.
Суд ҳокимиятидагиларга эса ҳозиргидек очиқлик ҳар иккала томон учун ҳам бирдек муҳим ва зарур эканлигини тушунишда давом этишларини тилайман.
Б.А.
20.02.24.