МАМЛАКАТ МЕДИА ИМИЖИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА МИЛЛИЙ ОММАВИЙ КОММУНИКАЦИЯ ВОСИТАЛАРИНИНГ ЎРНИ: НАЗАРИЙ ВА АМАЛИЙ АСПЕКТЛАР

Журналистика факультетларида таҳсил олаётган талабалар, ОАВ вакиллари, ахборот хизматлари ходимлари ва тадқиқотчилар учун илмий-назарий қўлланма

Халқаро медиа маконда Марказий Осиё минтақасидаги ёш мустақил давлатлар мавзусининг вужудга келиши: интеграциялашув принциплари, қонуниятлари

Қадим-қадимдан ҳозирги Марказий Осиё ҳудудида мавжуд бўлган давлатлар, ушбу давлат халқлари тарихи, ҳаёти дунёнинг турли минтақаларида яшовчи олимлар, мутахассислар, сайёҳлар томонидан қизиқиш билан ўрганилган. Қадимги юнон, хитой, ҳинд, форс ва бошқа халқ вакиллари бўлмиш тарихчилардан мерос асарларда юртимиз ва юртдошларимиз, жумладан ўтмишда яшаб ўтган буюк алломаларимиз, номлари ўчмас саркардаларимиз ҳақида ўз қарашлари, маълумотлари, мулоҳазаларини ёзиб қолдирганлар. “Тарих отаси” ҳисобланган Геродотдан, Птолемей, Страбон, Плутархдан тортиб, то ХIХ–ХХ аср бошларида яшаган В.Бартольд, С.Толстов ёки И.Крачковский, Н.Веселовский, А.Якубовскийгача бўлган рус олимлари шулар жумласидандир. Биргина Амир Темурга доир ёзма манбаларни тўласича тасаввур қилишнинг ўзи амримаҳол.

Таъкидламоқ керакки, юқорида номлари зикр этилган муаллифлардан (бу рўйхатни янада кенгайтириш мумкин. – Б.А.) мерос ноёб манбалар давлатимиз ва халқимизнинг халқаро имижи нуқтаи назаридан мутлақо ўрганилмаган, таҳлил-тадқиқ қилинмаган. Керакли умумлашма хулосалар чиқарилмаган. Конкрет мисол келтириладиган бўлса, қадим дунёда ва маълум бўлган барча ўрта аср сайёҳлари орасида алоҳида мавқега эгалиги тан олинган Ибн Баттутанинг “Саёҳатнома” асари юртимиз ва халқимизнинг жаҳон миқёсидаги имижини шакллантиришда алоҳида мавқега эга эканлигига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Бироқ бундай аспектдаги тадқиқотга ҳозирга қадар ҳеч бир мутахассис қўл урган эмас. Худди шундай фикрни таниқли француз олими Люсьен Кэрэн қаламига мансуб “Амир Темур салтанати” деб номланган салмоқли илмий асарига нисбатан ҳам айтиш мумкин.

Қўлланмани батафсил PDF форматида ўқишингиз мумкин.

Кўчириб олиш: PDF