“ҚИРМИЗИ БОҒ”НИ КЎРИШ УЧУН 5ТА САБАБ

Вақт тизгинига қул бўлган, амалга ошмайдиган орзулар гирдобига чўккан одам боласи, назаримда, ҳеч қачон хато қилишни тўхтата олмаса керак.

 

  1. Агар бош қаҳрамон Аббосга ўхшаган образлар яратилмаганида балки шукр қилишни биз ҳам унутиб қўярмидик.
  2. Яна бир гап. Биз турли фестиваллардан, “хорижий кино кунлари”дан асосан енгил, кўнгилочар фильмларни кутамиз. Шу сабаб бўлса керак, у ерга яхши кийиниб, кўтаринки кайфиятда борамиз.
  3. Ўз хотинининг туға олмаслигини тан олмаслик, боз устига уйига тақдир ўйини сабаб келиб қолган етим ўспиринни кўчага ҳайдаш – мантиққа тўғри келадими?
  4. Қирмизи боғ – бу рамзий асар. Одамлар ўртасидаги меҳр-оқибат, муносабатлар, туйғуларнинг нақадар нозиклиги усталик билан очиб берилган. Оддий ҳаётда сабрнинг 1000 хил гўзал рангларини баъзан инкор этамиз. Ҳамма нарсага тезда, ҳозир ва бугун эришишни истаймиз. Йўқса, жаҳлимиз чиқади. Яратганга ҳаттоки дағ-даға қила бошлаймиз.
  5. Тўғриси, оғир фильм. Бошидан охиригача бефарқ, кўз ёшларисиз кўриш қийин.

Тошкентда 23 сентябрт куни “Озарбайжон киноси кунлари” доирасида озарбайжонлик киноижодкорлар томонидан суратга олинган бадиий ва ҳужжатли фильмлар намойишини режиссёр Мирбала Салимлининг “Қирмизи боғ” бадиий фильми бошлаб берди.

Ушбу фильм 2016 йилда суратга олинган бўлиб, картинада фарзанд кўриш орзусида яшаётган эр-хотин ҳақида ҳикоя қилинади. Фильмга қўйилган “Қирмизи боғ” номи метафорик хусусиятга эга.

“Қирмизи боғ” инсон орзу-истакларининг тимсолидир.

Фильм 2016 йилда “Евразия”, 2018 йилда Байкал халқаро кинофестивалида “Энг яхши фильм” номинациясида ғолиб бўлган.

“Озарбайжон киноси кунлари” жорий йилнинг 28 сентябрь кунигача Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида давом этади.

Беруний Алимов