ҲАЙДАР АЛИЕВ – УМУММИЛЛИЙ ЕТАКЧИНИ ХОТИРЛАБ

Бугун 21 май куни Тошкентдаги Озарбайжон миллий маданият маркази томонидан Ҳайдар Алиев хотирасига бағишланган концерт бўлиб ўтди.

Озарбойжан Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Гусейн Гусейнов сўзга чиқиб, ушбу мамлакат учун энг мураккаб йилларда раҳбарлик қилган Ҳайдар Алиевнинг ҳаёти ва мардонавор фаолияти ҳақида тўхталди.

Унинг ҳаёт йўли, сиёсий маҳорати ва матонати барчамиз учун ўрнак бўлишга арзийди, – деди Г.Гусейнов. – Умуммиллий етакчининг ҳаётдан кетиши билан қалбларимизда қандайдир бўшлиқни сездик. Кейинчалик бу йўқотиш қайғуга айланди ва орадан йиллар ўтиши билан фидоий фарзанд хотираси бутун бир миллатнинг ғурури тимсоли сифатида барчамизнинг юракларимиздан жой олди. У озарбойжон халқини ва ўз мамлакатини ҳаддан ортиқ севарди. Ҳайдар Алиев хотираси озарбайжон халқи ва қардош халқлар хотирасида абадий қолади.

Коцертда Озарбайжоннинг дунёга таниқли санъаткорлари ижросида ватанпарварлик, юрт ва элга муҳаббат тароналари янгради.

Шунингдек, Ғарб мумтоз мусиқалари гулдастаси тақдим этилди.

Ўзбекистон давлат консверваториясида ўтказилган ушбу тадбирда Тошкентдаги дипломатик корпус вакиллари, Озарбойжон Парламентининг депутатлари, таниқли давлат, маданият ва жамоатчилик арбоблари иштирок этдилар.

Беруний Алимов