“ТУРОН ЭЛЛАРИГА САЛОМ СЎЙЛАЙИН”: МАТОНАТ ИСКАНДАРЛИ

Мен Озарбайжонда Ўзбекистон тўғрисида ва унинг меҳмондўст халқи ҳақида жуда кўп эшитганман. Ҳаммамиз учун қадрли бўлган қадимий ва навқирон Наврўз байрами муносабати билан диёрингизга биринчи марта ташриф буюрдим, – дейди Озарбайжон Республикасида хизмат кўрсатган артист Матонат Искандарли. – Халқларимиз ўртасидаги тарихий ришталар жуда мустаҳкам. Бизнинг дилимиз, динимиз бир. Ҳатто тилимиз ҳам бир-бирига жуда яқин.

Тошкентдаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон миллий маданият марказида бўлиб ўтган Наврўз байрами тантаналарида одатдагидек меҳмонлар жуда кўп бўлди. Ўзига хос дўстлик кечаси мамлакатдаги дипломатик корпус вакиллари, таниқли олимлар, маданият ходимлари, турли миллат вакилларини бирлаштирди.

Озарбайжондан келган яна бир машҳур санъаткор Соҳиб Подшоҳзода тор бўйича тенгсиз созандалардан ҳисобланади. Унинг ижросидаги сеҳрли оҳанглар, миллий куйлар меҳмонларга ҳақиқий байрам кайфиятини улашди.

Ҳақиқатан ҳам санъат ва маданият халқларни бирлаштиради. Дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Наврўз байрамида иштирок этган Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гусейн Гулиев йиғилганларни ушбу кўҳна байрам билан табриклар экан, икки мамлакат ўртасида тобора ривожланиб бораётган ҳамкорлик алоқаларига юқори баҳо берди. Шунингдек, бу каби маданий тадбирларнинг ўзаро дўстлик алоқаларини янада жипслаштиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Байрам концертида “Озарбайжон қизлари” номли рақс дастасининг чиқишлари меҳмонларда жуда катта таассурот уйғотди. Улар шунингдек байрам иштирокчиларини озарбайжон миллий ширинликлари билан меҳмон қилишди.

Озарбайжон Республикасида хизмат кўрсатган артист Матонат Искандарли ижросида айтилган “Турон элларига салом сўйлайин” ашуласи байрам тадбирига кўтаринки руҳ бағишлади.

Беруний Алимов