Касбий бўйидаги марварид

Агар бирон бир янги шаҳарга келаётган бўлсангиз, уни аввал қуш учадиган баландликдан туриб томоша қилишни тавсия қилган бўлардим.
Негаки, франциялик медиа эксперт Пол Клаво айтганидек, ҳудудни бирданига ичидан кўриш ярамайди. Таассурот кучлироқ бўлсин десангиз, дастлаб узоқроқ масофадан, “умумий план”дан бошлаш керак.
Демак, сиз бу ишни самолётингиз қўнишга ҳозирланаётган пайтда, яъни ерга тушишдан 5-10 минут олдин бошлаганингиз маъқул. Биласиз, дарчадан пастга қарасангиз, бутун бир шаҳар кафтингизда намоён бўлади…
baku-tours.jpg
Мовий денгизга туташиб кетган Боку архитектураси Шарқ ва Ғарб мамлакатларининг мўжизавий анъаналарини ўзида мужассам этган. Тош кўчалар, зайтун дарахтлари, эски ва янги биноларнинг уйғунлиги ўзгача кайфият уйғотади.
Ўша куни вақтимиз бироз тиғиз бўлгани учун аэропортдан тўғри учрашув бўладиган жойга отландик.
Йўлда кетаётиб, ўнг томондаги денгиз мавжларига тикилганча хаёлим узоқларга кетиб қолганини сезмай қолибман…
orig.jpg
Яширмайман,бу шаҳар билан боғлиқ болалик хотираларим бисёр.Холам ва акаларимдан эшитган ҳикояларни кўп эслайман.
Айтишларича, дадам ўтган асрнинг 60-70- йилларида “Кукурузний” чартер қилиб, дунёдаги энг ширин қовунларни Бокуга олиб бориб сотган эканлар. Ўрнига самолётни турли камёб моллар билан тўлдириб Бокудан Урганчга қайтишаркан.
Энг қизиғи, Озарбайжондан ўша пайтларда келтирилган гилам, қарийб орадан ярим аср ўтса-да, ота уйимиз меҳмонхонасининг кўрки бўлиб турибди.Кўзингизни қамаштиргудек ям-яшил ёниб турадиган гиламни сўз билан таърифлаш қийин.Ўтган давр ичида уч авлод вакилларига хизмат қилган бу ғаройиб гиламнинг устида айни пайтда тўртинчи авлод вакиллари атак-чечак бўлмоқда…
анор.jpg
Тўғрисини айтишим керак, катта бўлсам, бирон куни мен ҳам дадамнинг изидан Бокуга боришни орзу қилардим.
Аэропортдан чиққан машинамиз ғизиллаб, худди сувда сузгандек тезликда учиб борар эди.Ҳаммаси кинодагидек. Кенг ва текис бетон йўллар одамнинг ҳавасини келтирарди.
Чап томонда йўл бўйига экилган қатор анор дарахтларини кўриб кўзларимга ишонгим келмади. Улар шу қадар симметрик эдики, боғбоннинг санъатига қойил қолмасликнинг иложи йўқ.
Айниқса, биз борган пайт куз эмасми, анорлар аллақачон пишган ва айримлари ҳатто ёрилишга ҳам улгурган эди.
Баку.jpg
Бундай гўзал манзарани узоқ йилларгача унутмасам керак.
Учрашувимиз сермазмун бўлди. Кечки танаввул пайтида дунёга машҳур “Оршин молчи” ва “Қайнона” фильмларида барчамиз болаликдан яхши кўрадиган ашулалар ва рақслардан баҳраманд бўлдик.
Орадаги танаффус пайтидан фойдаланиб, қароргоҳнинг энг юқори қаватидаги айвондан Касбийни томоша қилишга чиқдим.
Майин эсаётган денгиз шамоли яна хаёлни ўғирлади… Чунки, ана шу денгиз ортидан Она юртим сарҳадлари борлигини ҳис қилдим. Бу ерга келганимдан буён орадан бор-йўғи 3-4 соат ўтган бўлса-да олисдаги Ватанимни энтикиб соғинганимни сездим.
Беруний Алимов, ЎзА
http://www.uza.uz/oz/culture/shar-g-zali-boku-yekhud-saye-at-tasirotlari-10-03-2019